Мақолалар

Тежамкорлик — ярим ризқ

Ислом дини мусулмонларга ризқларини ҳалол меҳнат қилиб топишга ва оила аҳлларини нафақа билан таъминлашга тарғиб этган. Шунга биноан, ҳар бир мусулмон киши ўзи учун муносиб касб танлаши ва шу касби орқали ризқини истамоқлиги лозим.

Бир куни саҳобалардан бири: Ё Расулуллоҳ! Энг ҳалол касб қайси? — деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом: “Киши ўз қўл меҳнати билан қилган амали ва ҳалол савдодир”, деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ривояти). Бошқа бир ҳадисларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз арқонини олиб, тоғу тошдан бир боғ ўтин териб келиб, уни сотиб, шунинг пули билан кифояланиши одамлардан тиланиб, улар унга ё бериб ёки бермаганларидан кўра яхшироқдир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

Динимизда ҳалол касб қилиб оила боқиш энг катта савобли амал даражасига кўтарилган. Бу ҳақда қуйидаги ҳадисда бундай дейилган: Каъб ибн Ужра разияллоҳу анҳу айтадилар: Бир йигит Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтди. Унинг кучини ва ғайратини кўрган саҳобалар: Ё Расулуллоҳ! Қани энди бу куч ва ғайрат Аллоҳ йўлида бўлса эди, — дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар у ёш болаларини деб кўчага чиққан бўлса, демак, у Аллоҳ йўлида, агар қария ота-онасини деб кўчага чиққан бўлса, демак, у Аллоҳ йўлида, агар у ўзининг иффатини сақлаш учун чиққан бўлса ҳам, у Аллоҳ йўлида. Аммо ўзини кўз-кўз қилиш, мақтаниш учун чиққан бўлса, у ҳолда шайтон йўлида бўлади”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

Инсонлар ризқ топиш ва касб қилиш борасида бир неча тоифага бўлинади. Масалан, бир тоифа инсонлар ризқ топиш учун касб қилиш ўрнига одамлардан тиланиб кун кўришни, тиланчиликни ўзлари учун тирикчилик манбаига айлантириб олган. Динимиз тиланчилик қилишдан қайтарган бўлиб, бу борада юқоридаги ҳадис ворид бўлган.

Бошқа бир ҳадисда айтилишича, ансорийлардан бир киши Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига тиланчилик қилиб келади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ундан: “Уйингда бирор нарсанг борми?” деб сўрадилар. У: Ҳа, остимизга солиб ўтирадиган бўйра ва сув ичадиган хумчамиз бор, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларни олиб кел”, дедилар. Олиб келгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қўлларига олиб: “Бу иккисини ким сотиб олади?”, деб сўрадилар. Бир киши: Мен бир дирҳамга оламан, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир дирҳамдан кўпроқ беради?”, деб икки-уч марта такрорладилар. Бошқа бир киши: Мен икки дирҳамга сотиб оламан, деди. Расулуллоҳ икки дирҳамга сотиб, пулни ансорийга бердилар ва: “Бир дирҳамига оилангга таом сотиб ол, иккинчисига эса болта сотиб олиб олдимга келгин”, дедилар. Болтани сотиб олиб келгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга ёғочдан соп ясаб бердилар ва: “Энди бориб ўтин териб сотгин ва ўн беш кун меннинг кўзимга кўринма”, дедилар. Ўн беш кун ўтин териб, сотиб ўн дирҳам даромад қилди. Унга кийим-кечак ва таом сотиб олди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Мана бу ишинг қиёмат куни юзингда тиланчиликнинг асаридан доғ пайдо бўлишидан кўра яхшироқдир. Тиланчилик фақат уч кишига мумкин: ўта қашшоқ кишига, ночор қарздор кишига ва зиммасида товон тўлаш мажбурияти бўлган кишига, дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Иккинчи тоифа кишилар касб қилиш, ризқ топиш экан деб ҳалолидан ҳаромини фарқ қилмайди. Бундай кишилар охир-оқибат қилган ишларидан пушаймон бўлиб, ҳасрату надоматда қолишлари аниқ. Чунки ҳаромдан топилган молдан барака қочади, бундай кишиларнинг эҳсони қабул, дуоси ижобат бўлмайди. Уламолардан бирлари бундай деган: “Гарчи ибодат вақтида устундек қотиб турсанг-да, то қорнинга кираётган луқманга эътибор бермагунингча ибодатингдан фойда йўқ”.

Учинчи тоифа кишилар касб қилишда ҳалол йўлни тутади ва топаётган молу давлатларида Аллоҳнинг ҳаққини ҳам адо этади.

Инсоннинг қилаётган ҳалол касби гарчи одамларнинг назарида ҳақир, бировлар менсимайдиган даражада бўлса-да, ўзгалардан тиланиб, бошқаларга боқиманда бўлишдан яхшироқ. Зеро, инсон ўзгаларга қарам бўлмаслик билан ўз ор-номусини асрайди. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу айтади: “Энг паст касбни қилиш ҳам одамлардан тиланчилик қилиб юришдан яхшироқдир. Мен бир одамни кўриб, унинг кўринишига ҳавасим келса, унинг нима касб қилишини сўрайман. Шунда менга: У ишламайди, деб айтишса, назаримдан қолади” (Имом Ибн Абдулбар ривояти).

Инсон касб қилар экан, топган молу давлатини тежаб, иқтисод қилиб сарфлашни ҳам билиши лозим. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: (Нафақада) ўртача бўлган киши ҳеч ҳам камбағал бўлмайди”, деганлар (Имом Табароний ва Имом Дорақутний ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфу ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иқтисод қилган кимса фақирлик кўрмас, исроф қилиш билан кўп мол ҳам қолмас”, деганлар (Имом Абу Шайх Асбаҳоний ривояти) .

 Абдулмалик ибн Марвон қизи Фотимани Умар ибн Абдулазизга никоҳлаб бераётганида: Қизимга қанча нафақа берасан? — деб сўради. Шунда Умар ибн Абдулазиз: Икки гуноҳнинг ўртасидаги савобни, деб жавоб берди ва қуйидаги оятни ўқиди: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят). Демак, барча соҳаларда бўлгани каби иқтисодий жабҳада ҳам мўътадилликка риоя қилиш керак бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳалолдан касб қилиб, ҳаромдан ҳазар қилишга, озига қаноат қилиб, кўпини ўзгалар билан баҳам кўришга муяссар қилсин!

 Жалолиддин домла ҲАМРОҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.

"Халқ сўзи" газетасининг 2023 йил 21 декабрь 272-сонидан олинди
 
 

 

Read 1030 times

Мақолалар

Top