Мақолалар

Намоздан кейинги зикрларни қай ҳолатда қилиш керак?

Савол: Намоздан кейинги ихтиёрий зикрларда қаъдада ўтирган ҳолатни ўзгартирмай ўқиш керакми ёки оёқни бошқачасига ўзгартириб ўтирса ҳам бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Намоздан кейинга зикрларни киши ўзига қулай ҳолатда ўтириб олиб қилаверади. Чунки бу борада бирор тақиқ йўқ. Асосийси, зикрларни қалб ҳузури билан қилса, бўлгани. Бошқа ихтиёрий зикрларда ҳам ҳукм шундай.

Бироқ Имом Термизий Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Бомдод намозидан кейин, оёғини йиққан ҳолида қолдириб, гапирмасдан олдин ўн марта “Лаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳйи ва юмийту ва ҳува аъла кулли шайин қодийр” деса, унга ўн ҳасанот ёзилур, унинг ўн хатоси ўчирилур, унинг ўн даражаси кўтарилур. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур ва шайтондан сақланур. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса”, деганлар.

Ким бомдод намозидан кейин оёғини ёзмасдан мазкур зикрларни айтса ушбу фазилатларга эга бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Read 943 times

Мақолалар

Top