Мақолалар

Намозда шайтон васваса қилса

Душманингиз устидан ғалаба қозонишингиз муҳим эмас!

Муҳими – ичингиздаги ёмонлик устидан ғалаб қозониш!

Агар унинг устидан ғалаб қозонсангиз Аллоҳ дарҳол сизни ўз ёрдами ила сийлайди. Сизни яхшилик ва саломатлик йўллари томон етаклайди.

Намоз ўқиганда шайтон тинмай васваса қиладиган бир киши бор экан. Шу даражада васвасага дучор бўлган эканки, намоз арконларини бажардими йўқми билолмай қоларкан. Қийналиб кетгач бир фақиҳнинг олдига муаммосини ҳал қилиб бериши илинжида борибди.

Унга ҳалиги олим табассум билан дебди: "Ҳозиргина олдимда аёлингизга уч талоқ берганингизни ҳам эслолмайсизми?".

Бояги киши ҳаяжон билан: “Йўқ, Аллоҳга қасам талоқ қилмадим. Мен талоқ сўзини умримда ишлатмаганман. Эй сиз, нега менга туҳмат қиляпсиз?” деди.

Фақиҳ айтибди: “Шайтонингиз васваса қилганда ҳам уни худди шу кескирлик билан, худди шу реакция билан рад этинг. “Мен тўғри намоз ўқидим” денг. Сизни чалғитаётган нарса беркиниб юрувчи лаънати шайтондан эканини билинг!”.

Бу гапни эшитиб ҳалиги кишининг кўнгли ёришиб, кулиб қўйибди. Фақиҳ нима  демоқчи бўлганини тушунибди.

Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳимаҳуллоҳ айтади:

“Интилувчилар уч турли бўлади:

Аллоҳга интилувчилар;

Аллоҳнинг ҳузуридаги мукофотларга интилувчилар;

Аллоҳни унутиб, бошқа нарсаларга интилувчилар.

Қалбида Аллоҳга муҳаббати бор одам Аллоҳга интилади. Амал қилувчилар Аллоҳнинг ҳузуридаги мукофотларга интилади. Охиратни унутиб, дунёнинг ўзига кўнганлар Аллоҳдан юз бурувчилардир. Кимники интилиши Аллоҳ томон бўлса, Аллоҳ унинг барча ғам-ташвишини Ўз зиммасига олади, барча ишида у билан бирга бўлади ва ундан ўзи бартараф қилишга қурби етмайдиган муаммоларни бартараф этади”.

Шайх Алий Тантовий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ғўр одам – охири завол бўлган дунёга алданган одамдир. Оқил эса неъматлари тугаб-битмайдиган кунлар саодатига эришиш учун оз кунлар давом этадиган азобга сабр қилиб яшайдиган кишидир”.

Қуръонда “Уларнинг устиларида яшил сундусдан (юпқа ипакдан) ва истобрақдан (қалин ипакдан) кийимлар бор ва кумуш билакузуклар-ла ясанганлар ва Роббилари уларни пок шароб билан суғорар” (Инсон сураси, 21-оят) дея зикр қилинган одамлар билан “Уларга оловдан кийим бичилди” (Ҳаж сураси, 19-оят) дейилган одамлар орасида осмон билан ерчалик фарқ бор!

Дунёда Аллоҳни рози қиладиган амаллар қилайлик ва шунга муносиб кийим кияйлик, шунда Аллоҳга йўлиққанимизда Ўзи бизга бизни рози қиладиган кийимларни кийдиради.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1395 times

Мақолалар

Top