Мақолалар

Ваъдани бажармаслик гуноҳми?

Cавол: Кимгадур бирон нарсани (пул)ни ваъда қилиб ёки бугун тайёр бўлади деб айтилган вақтга қилиб бера олмасам, айтган гапимни устидан чиқа олмасам, бунинг ҳукми қандай бўлади? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мусулмон киши ҳаром бўлмаган бирор ишга ёки нарсага ваъда берса, ваъдасини устидан чиқишга имкон қадар ҳаракат қилиши лозимдир. Бирор киши ваъдасини устидан чиқиш ниятида ваъда бериб, бирор узр сабабли ваъдасини бажара олмаса, гуноҳкор бўлмайди.

عن زيد بن أرقم عن النبي صلى الله عليه وسلم قال إذا وعد الرجل أخاه ومن نيته أن يفي له فلم يف ولم يجئ للميعاد فلا إثم عليه. (رواه أبو داود)

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Киши биродарига ваъдасига вафо қилиш ниятида ваъда берса, лекин ваъдасига вафо қила олмаса, ваъдалашган жойга кела олмаса, у кишига гуноҳ йўқ", дедилар (Имом Абу Давуд ривояти).

Аммо, ваъдани бажаришда сусткашлик қилса ёки бажармаслик ниятида ваъда берса-ю ваъдасини бажармаса, қаттиқ гуноҳкор бўлади. Чунки ваъда бериб, узрсиз уни бажармаслик шаръан ҳаром иш бўлиб, мунофиқлик аломатидандир (“Мирқот ул-Мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

 

Read 1053 times

Мақолалар

Top