Мақолалар

Илм аҳли доимо тирикдир!

Икки тоифа одамлар борки, улар яхши бўлса қолган одамлар ҳам яхши бўлади, улар ёмон бўлса қолганлар ҳам ёмон бўлади: уламолар ва амирлар.

Илм олгин, яшайсан

Сенга етмас ўлим жаҳли!

Ҳамма ўлса ўлар,

Аммо ўлмас илм аҳли!

(Шеърнинг мазмуни шуки, илм олиб одамларга тарқатсанг, сендан фойда олган одамлар бошқаларга ҳам фойда беради, натижада ўзинг ўлсанг ҳам, номинг ўлмайди).

Илм ҳаётни англашдан ташқари Аллоҳдан қўрқишни ҳам туҳфа этади. Ахир Аллоҳ таоло Қуръонда айтган-ку: “Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар” (Фотир сураси, 28-оят).

Уламолар бу буюк китобнинг маъноларини тадаббур этадиган, атрофдаги борлиқ ҳақида тафаккур қилиб, мана шу маърифат ила Аллоҳни танийдиган кишилардир. Аллоҳни Унинг яратганлари орқали танийдилар, қудратининг белгилари илар идрок этадилар. Яратган нарсаларининг катталигига қараб Аллоҳнинг нақдар буюклигини ҳис этадилар ва натижада Аллоҳдан ростакасим қўрқадилар, ростакасим тақво қиладилар, ҳаққоний ибодат қиладилар.

Атрофингиздаги барсаларга қараб шуни билингки, илмдек ёруғ нур йўқ!

Кимки таълим олишдаги машаққатга бардош бермаса, умри билимсизлик лақабли кўрлик узра бўлади. Кимки сабр этса, алал-охир дунё ва охират азизлигига эришади. Илм орқали вужудга келмаган ҳар қандай азизликнинг охири заволдир!

Ўрганаётган илмингиздан Аллоҳнинг розилигини қасд қилинг. Кимки илмни Аллоҳ ризоси учун ўрганишга бел боғласа, ҳеч қачон ёрдамсиз қолмагай. Агарда кимки бошқа мақсадда илм йўлидан юрса тоборо хор бўлиб бораверади.

Илм ўрганиб унга амал қилган ва ўрганганини ўргатган одам осмон подшоҳлигида “Буюк” дея чақирилади!

Агар сиз толиби илм бўлсангиз, ҳалим бўлинг! Илм ва ҳалимлик (юмшоқфеъллик) бирлашганда юзага келадиган гўзаллик бошқа ҳеч қаерда топилмайди.

Уламоларнинг фикрларини, ҳаким зотларнинг фаҳмини ўзлаштиришга ҳаракат қилинг. Зеро ёлғиз одамнинг фикри қанчалик кучли бўлмасин, тойилиб қолиши мумкин. Шундай экан кўпчиликнинг фикри томон юринг.

Бирор маълумотни кимдандир нақл қилсангиз, албатта айтган одамга нисбатлаб айтинг. Маълумотни эгасига нисбатлаш илмнинг шукрини адо этиш ҳисобланиб, айни вақтда бу илмингизга барака олиб келади.

Биз кўп илмдан кўра озгина одобга муҳтожроқмиз!

Шайх Саийд Тантовий роҳимаҳуллоҳнинг толиби илмларга айтган насиҳатларига қаранг: “Эй болаларим, топганларингиз ичида энг яхшиларини ўқингиз. Ўқиганларингиз ичидан энг яхшиларини ёзиб олингиз. Ёзганларингиз ичра энг яхшиларини ёд олингиз ва ёдлаганларингиз ичидан энг яхшиларини одамларга гапирингиз”.

Одамларга гапирганда иложи борича энг тушунарли услубда гапиришга ҳаракат қилинг. Одамларга уларнинг ақли кўтармайдиган услубда гапирган олим улар учун фитна бўлгани қолади холос!

Эй илм соҳиби! Илмингизга барча одамлар ммуҳтож, ҳатто подшоҳлар ҳам!

Илмингизни хорламанг, ўзингизни фақат подшоҳлар Подшоҳи ҳузуридагина хор тутинг!

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: Подшоҳ: «Уни менга келтиринглар, уни ўзимга хос кишилардан қилиб оламан», деди (Юсуф сураси, 54-оят).

Эътибор беринг, Юсуф алайҳиссаломнинг таъвилидан кейин подшоҳ: “Уни менга олиб келинглар”, деб айтди. Юсуф алайҳиссалом айбсизликлари исботлангач эса: “Уни менга келтиринглар, уни ўзимга хос кишилардан қилиб оламан”, деди.

Демак илмингиз уларни сизга яқинлаштириб қўяр экан. Поклигингиз эса улар сизни танлаб олишларига олиб борар экан!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1503 times

Мақолалар

Top