Мақолалар

Ватан ҳимояси

"Армия ва халқ- бир тану бир жон!"
Шавкат Мирзиёев.

Муҳтарам юртбошимизнинг ушбу олижаноб ғоялари барчамизга Ватан ҳимояси нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимиз эканлигига даъватдир.
Айниқса, бугунги кунда дунёнинг айрим минтақаларида содир бўлаётган тўқнашувлар, низо ва зиддиятлар бўлиб, бегуноҳ инсонларнинг қурбон бўлаётгани, шаҳар ва қишлоқларнинг вайронага айланаётгани, ҳар биримизга Ватанимиз ва динимиз, оиламиз ва халқимиз тинчлигини асрашга ўз ҳиссамизни қўшишимиз даркор.

Муқаддас динимиз манбаларида Ватанни ҳимоя қилиш нақадар савобли иш эканлиги баён қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Тўрт кишига ўлганларидан кейин ҳам ажр оқиб келаверади: Аллоҳ йўлида чегарада посбонлик қилган ҳолда ўлган кишининг ажри, бир илмни ўргатган ва у илмга амал қилганларнинг ўргатувчига бородиган ажри, молидан садақаи жория қилган кишининг ажри, ортидан дуо қилувчи солиҳ фарзанд қолдирган кишининг ажри". 

Абдуллоҳ ибн Муборак Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан зикр қиладилар: "Аллоҳ таоло қиёмат куни Сирот устидан шамол каби ўтадиган ҳисоб-китоб қилинмайдиган ва азобланмайдиган қавмларни тирилтиради."Эй Расулуллоҳ, улар кимлар?"деб сўрашди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Улар ўлимни қўриқчиликда топганлар", дедилар. 

Мана 32 йилдирки, 14 январь- Ватан ҳимоячилари куни сифатида кенг тантана қилиб келинмоқда. Ушбу айёмларда кишининг қалбидан қуйидаги сатрлар қалқиб чиқади.

Сўрасалар мендан агарда дўстлар.
Мард, жасорат, виждон эгаси кимлар.
Жавоб бераман ҳеч иккиланмасдан.
Ватанин жон тикиб қўриқлаганлар.

Насиб этган Аллоҳ буюк жасорат
Қалбларида ватанга кучли муҳаббат.
Икки дунё кўрмаслар ҳасрат.
Ватанин жон тикиб қўриқлаганлар.

Тинчлик шодлик учун тинмаслар
Эл- юрти дуода, ҳеч кам бўлмаслар.
Маҳшаргоҳда надоматла кўз ёш тўкмаслар
Ватанин жон тикиб қўриқлаганлар.

Этганлар Ватанин тупроғин азиз
Қатра қони разолатни чўктиргандир тиз.
Жонларига Ҳақ раҳмати тинмагай ҳаргиз.
Ватанин жон тикиб қўриқлаганлар.

Отаси рози, онаси дуода ногоҳ.
Танасин дўзахдан асрагай Аллоҳ.
Жаннатда яхшиларга бўлгайлар ҳамроҳ.
Ватанин жон тикиб қўриқлаганлар.

Юрагида Ватан ва халқ севгиси жой олган шижоатли фарзандларимиз юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқдалар. Уларнинг бедорлик билан қилаётган ишлари нақадар савобли амал ҳисобланиб, муқаддас динимизда мадҳ этилган.

Аллоҳ таоло юртимиз сарҳадларини мустаҳкам қилиб, халқимизга тинч ва фаровон ҳаёт муваффақ айласин!

Абдуллахон Мирзаев,
Денов тумани Муҳаммадқул жоме масжиди имом- хатиби

Read 839 times

Мақолалар

Top