Мақолалар

Дунё яхшиликларга тўла

Ривоятга кўра, Аллоҳ таоло қиёмат кунида уч юз йил ибодат қилган бандани чақириб: “Менинг раҳматим билан жаннатга кир”, дейди. Банда: “Мен сенга уч юз йил ибодат қилдим, сенинг раҳматинг билан жаннатга кираманми?” деб сўрайди.

Кейин Аллоҳ таоло бандани адли билан сўроқ қилиб, тарозининг бир палласига унинг кўзини, бир палласига солиҳ амалларини қўйишни буюради. Шунда банданинг солиҳ амаллари Аллоҳ таоло берган кўзнинг шукронасига ҳам етмай қолади.

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг неъматлари бисёр. Доим улар ичида бўлганимиз боис гоҳида унинг қадрини билмай қоламиз.

Инсон учун саломатликдан катта неъмат бўлмаса керак. Бироқ, буни бирор жойимиз оғриб, касалликка чалинганимизда кўпроқ ҳис этамиз. Айниқса, бутун борлиқни кўриб, англашимиз учун хизмат қилаётган кўзимиз оғриса борми, унинг нақадар улуғ неъмат эканини янада чуқурроқ англаймиз.

Албатта, шифокору ҳамшираларга бориб, дардимизга даво топганимиздан сўнг фидойи касб эгаларидан миннатдор бўламиз.
Шу йил апрель ойида Самарқанд шаҳар 1-клиникаси кўз касалликлари бўлимида даволаниб, 15 йиллик дардимдан фориғ бўлиб, Аллоҳга беҳад шук­роналар айтдим.

Шу ўринда бизга сифатли тиббий хизмат кўрсат­ган Кўз касалликлари бўлимининг малакали тиббиёт ходимларидан мамнунлигимни алоҳида айтиб ўтмоқчиман. Чунки тиббиёт масканига қадам қўйишим билан бу ердаги тозалик ва ҳудуднинг ман­зараси кайфиятимни янада кўтарди. Шунингдек, ушбу шифо масканидаги соҳа ходимлари беморларни нафақат дори-дармонлар билан, балки ширин сўз, меҳрибонлик ва ўз касбига садоқат билан даволашларининг, айниқса, кўплаб инсонларга бепул хизмат кўрсатиб, элнинг дуосини олаётганига гувоҳ бўлдим.

Икки дунё саодатини топиш илинжида мана шундай савоб амалларни бардавом қилаётган юртдошларимизни Аллоҳ таолонинг Ўзи мукофотласин.

Шароф МАРУПОВ,
Самарқанд вилояти, меҳнат фахрийси

? "Ҳидоят" журналидан

Read 1077 times

Мақолалар

Top