Мақолалар

Назр соҳиби ҳайвоннинг гўштидан ейиши мумкинми?

Назр соҳиби назр қилинган ҳайвоннинг гўштидан ейиши мумкинми?

Cавол: Дадам яқинда жарроҳлик амалиётига киришларидан олдин назр қилдим, яъни Aллоҳга ваъда қилдим, инша Аллоҳ жарроҳлик амалиётидан шифо топиб чиқсалар, битта мол сўйиб эҳсон қиламан деб. Шу назр қилинган гўштни ман ейишим мумкин эмасми?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Кўзлаган мақсади ҳосил бўлса, назрни адо этиш вожиб бўлади. Қурбонликдан бошқа ниятда, мисол учун, Фалон ҳожатим раво бўлса, жонлиқ сўяман (дардга даво топилиши, мушкулотларнинг ариши, сафардагиларнинг эсон-омон қайтиб келиши ва ҳоказо) деган ниятда жонлиқ сўйиш назр қилинганда сўйилган жонлиқнинг гўштини садақа олишга ҳақли бўлганларга улашиб бериш вожиб бўлади. Бунда назр соҳиби ва унинг аҳли ҳамда бой инсонлар назр қилинган жонлиқнинг гўштидан ейиши ҳалол бўлмайди.

“Закот ва ушрни олишга ҳақли тоифа фитр садақаси, каффорат, назр каби вожиб садақаларни олиш учун ҳақли ўрин ҳисобланади. “Кўҳистоний”да шундай келган” (Раддул Муҳтор” китоби).

“Кишининг (ўзи сўйган) назр ва каффорат учун сўйилган жонлиқлар, иҳсор (ҳаждан тўсилган), ҳарамга етиб бормаган ихтиёрий қурбонликлардан гарчи фақир бўлса ҳам ейиши мумкин эмас. Шунингдек, орасида туғишганлик ва эр-хотинлик алоқаси борлар ҳамда бой шахслар ея олмайди. Умуман олганда закот олиши ҳалол бўлмайдиган кишиларнинг бу жонлиқдан ейиш мумкин эмас”. (Ғунятун носик китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Read 1255 times

Мақолалар

Top