Мақолалар

Одамларга ниҳоятда инсофли бўлинг

Гоҳида яхши кўрган кишиларимизни йўқотамиз, бунга уларга зулм қилганимиз, қўпол муносабатда бўлганимиз сабаб бўлади.

Уларнинг хатоси, айб-камчилигини юзига солиб, фазилатларини, яхши жиҳатларини унутиб қўямиз.

Ҳамма айб-нуқсондан холи бўлишни улардан талаб қиламиз. Ҳатто ўзимиз йўл қўядиган хатони бошқалар қилса, уларни айблаб юрамиз. Хато қилган пайтимиз “Энди биз инсонмизда, маъсум (гуноҳдан пок) эмасмиз”, дея ўзимизни оқлаймиз-у, бошқаларни ёмонлаймиз.

Имом Муҳаммад ибн Сийрийн раҳимаҳуллоҳ айтади: “Биродарингда кўрган энг ёмон хислатларни унинг юзига солиб, яхши хислатларини беркитишинг унга қилган зулмингдир!”.

Бошқалар билан хусуматлашманг, хусумат дўстлик риштасини узади!

Ҳар йили юрагингиз кенгайиб борсин, бу йил юрагингиз ўтган йилдагиган кенгроқ бўлсин! Бахтли кишиларнинг қалби тор бўлмайди, улар одамларнинг айбига кўз юмадилар, хатоларига эътибор қилмайдилар.

Одамларнинг ёмонлигини унутинг, яхши хислатларини эсланг. Дўстларингиздан содир бўладиган айбларни кўмиш учун ёнингизда доим битта қабр тайёр турсин!

Бирор ким билан адоватга бориб қолсангиз, ўта душманчилик қилиб юборманг! Ҳеч ким билан алоқани бутунлай узиб қўйманг, эҳтимол Аллоҳ бир кун келиб ўртангизда муҳаббатни пайдо этар! Ахир У Зот айтганку:

“Шоядки, Аллоҳ сизлар билан улар ичидаги душманларингиз ўртасида дўстлик пайдо қилса, Аллоҳ қодирдир. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмдилдир” (Мумтаҳана сураси, 7-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Яхши кўрган одамингни енгил яхши кўргин (қаттиқ меҳр қўйиб юборма), эҳтимол бир кун келиб у душманингга айланар! Душманингни ҳам жуда ёмон кўриб юбормаки, эҳтимол бир кун келиб сенга дўст бўлар!”

Бошқалар сизга инсоф қилишидан аввал ўзингизга инсоф қилишингиз керак!

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу айтади: “Кимки ўзида уч хислатни жам айласа, итмонга тўлиқ эга бўлибдир. Улар: ўзига инсоф қилиш, бутун оламга салом улашиш, камбағал ҳолда инфоқ қилиш”.

Ўзига инсоф қилиш бу – инсон Аллоҳнинг олдидаги бурчларини адо этиши, Аллоҳ ман этган нарсалардан четланиши, одамларнинг ҳаққига риоя қилиши ва ўзининг ҳаққи бўлмаган нарсаларни улардан талаб қилмаслигидир.

Оламга салом улашиш дегани – барча инсонларга салом улашиш, ҳеч кимга кибр қилмаслик, ҳеч ким билан ўртасида салом беришдан ман қилиб турадиган тўсиқ бўлмаслиги деганидир.

Камбағал ҳолда инфоқ қилиш эса ризқи оз бўлишига қарамай инфоқ қилиш демакдир. Зотан бундай қилган инсон Аллоҳ таолога тамоман ишонган бўлади, Унга тўлиқ ўзини топширган ва мусулмонларга бағрикенглик қилган бўлади.

Нубувват мадрасаси талабаси Аммор! Сизни Аллоҳ раҳматига олсин!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

 

Read 735 times

Мақолалар

Top