Мақолалар

Аллоҳнинг ҳузурида обрўли эди…

Баъзи одамлар сизни тақводор деб ўйлаши мумкин…

Яна баъзилар нотавон, ёмон одам деб ҳисоблаши мумкин…

Хуллас, сиз ҳақингизда ҳамма ҳар хил гап гапиради, лекин сиз ўзингиз қандайлигингизни ўзингиз биласиз. Сиздан бошқа биров билмайдиган ягона сир бу Роббингиз билан алоқангиз сиридир!

Шундай экан, маддоҳларнинг мақтови сизни алдаб қўймасин ва айбловчиларнинг таъна-дашномлари зарар бермасин! “Ҳа, инсон ўз нафсига қарши ўзи шоҳиддир. Гарчи узр-маъзурларини тўкиб соладир (Қиёмат сураси, 14-15-оятлар).

Абул Утоҳия ўлим ёқасида туриб ёзган шеъри сўнггида Аллоҳга истиғфор айтиб бундай сатрлар битган:

Мени қаттиқ азобга тутмагин, Роббим,

Хато экан иқрорман, мен юрган йўлак.

Ҳузурингда йўқдир мутлақо чорам,

Афву марҳаматингга умиддан бўлак!

Қанча қоқилсам ҳам раҳм айладинг,

Мени азобга дучор этмадинг дарҳол.

Энг ёмон одамман афв этмасанг,

Одамлар-чи ўйлар: “Бу энг яхши ҳол”.

Роббингиз сиздан хоҳлаганидек бўлинг, сиз хоҳлаган нарсалар рўёбга чиқади. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини тафаккур қилинг: “Ва у Аллоҳнинг наздида обрўли эди” (Аҳзоб сураси, 69-оят).

Оятда “Аллоҳнинг наздида” дейилди, “одамлар наздида” дейилмади.

Зеро, ҳақиқий обрў одамлар наздидаги обрў эмас!

Шундоқ экан, фақат ташқи кўринишингизга эътибор қаратиб, қалбингиз ва руҳиятингизни ислоҳ қилишни унутиб қўйманг!

Ҳақиқий обрў – Аллоҳнинг наздида обрўли бўлишдир. Бу эса Аллоҳга яқин, Унга итоатли бўлишингиз, қалбингиз ва амалларингизни ислоҳ қилишга эътибор беришингиз орқали бўлади. Одамлар сизни таниши ҳам шарт эмас.

Муҳими Аллоҳнинг ҳузурида тоатингиз, одамларга қилган яхшиликларингиз билан таниқли бўлишингиздир.

Одамлар қадрингизни билишмаса хафа бўлманг, Аллоҳнинг наздидаги қийматингизга боқинг, одамларнинг гап-сўзини қўйинг!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1219 times

Мақолалар

Top