Мақолалар

Фарз ёки вожиб намозини ўқиб турганида, намоз вақти чиқиб кетса

Cавол: Мен витр намозини кечани охирида ўқиётган эдим, учинчи ракъатга турганимда, бомдод намозига азон айтилди. Менинг витр намозим дуруст бўладими ёки қайтадан ўқийманми?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Шу ҳолатда ўқилган витр намози дуруст ҳисобланади. Бу ҳақда манбаларда бундай зикр қилинган: “Вақтлик намозни ўқиб турганида, ушбу намознинг вақти чиқиб кетса, намоз бузилмайди. Шуниси энг тўғрисидир.  Ушбу намоз адо, яъни вақтида ўқилган бўлади, қазо қилинган бўлмайди. “Зоҳидийнинг қазо боби”да энг тўғри гап шудир дейилган. Аммо бундан бомдод намозини ўқиётганида вақтнинг чиқиши мустасно бўлиб, зеро, у ҳолатда бомдод намози бузилади” (“Жомиъур-румуз” китоби).

Шунга кўра, бир фарз ёки вожиб намозини ўз вақтида ўқиб турганида, мазкур намознинг вақти чиқиб кетса, ушбу намоз бузилмайди ва ўз вақтида ўқилган ҳисобланади. Фақат тўртта ҳолат бундан истисно қилинган:

  1. Бомдод намозини ўқиётганида, қуёш чиқиб қолса. Чунки бу ҳолатда бир намознинг вақти тугаб, иккинчи намознинг, яъни пешиннинг вақти кирмайди;
  2. Жума намозини ўқиётганида, асрнинг вақти кирса, ушбу жума намози бузилади. Чунки жума намозининг шартларидан бири пешиннинг вақтидир. Қачонки, жумани ўқиб тугатмасидан олдин, пешиннинг вақти чиқиб кетса, жума бузилади ва унга пешинни қазосини ўқиш вожиб бўлади;
  3. Соҳиби узр киши фарз намозларидан бири ёки витрни ўқиб турганида, мазкур намознинг вақти чиқиб кетса, унинг намози бузилади. Зеро, соҳиби узрнинг таҳорати фарз намозининг вақти чиқиши билан синади. Шунинг учун унинг намози ҳам фосид бўлади;
  4. Ийд намозини ўқиб турганида завол пайти кирса, намоз бузилади.

Ушбу тўртта ҳолатдан ташқари ҳолларда бир фарз ёки вожиб намозини ўқиб турса, мазкур намознинг вақти чиқиб кетса, ушбу намоз дуруст ва ўз вақтида ўқилган саналади. Аммо шуни ҳам таъкидлаш жоизки, намозни узрсиз охирги вақтига қадар кечиктириш гуноҳ саналади. Ҳар бир намозни ўз вақтида ўқиш фарздир. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Read 909 times

Мақолалар

Top