Мақолалар

Дўзахдаги азоб фариштасидан омонлик истасангиз

Бутун борлиқ, коинот, еру осмон, мавжудоту махлуқот, жамодот ва ҳайвонотнинг Яратувчиси ягона Аллоҳ субҳанаҳу таолодир. Агар биз бу нарсалар билан У Зотнинг исми орқали мулоқот қилсак, устимизга тинимсиз раҳматлар, баракалар ёғилади.

Бандаларини солиҳ амалларга буюрган ва ҳар бир амалнинг ортига ҳикмат, фазилат ва баракани жамлаб қўйган Роббимиз Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Алҳамдулиллаҳ, “Бисмиллаҳ” деган сўзни кўп ишлатамизу, аммо унинг жуда кўплаб фазилатларидан хабардор эмасмиз.

Ҳар бир мақбул иш ёки сўзни “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” билан бошлаш – мусулмоннинг одати ва одоби, Исломий шиорлардандир.

Уйга кирганда, уйдан чиққанда, овқатланишдан, ичимлик ичишдан олдин, китоб ўқиганда ёки бирор нарса ёзганда хуллас шу каби кўплаб ҳолатларда “Бисмиллаҳ”ни айтиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир муҳим ишни “бисмиллаҳ” билан бошлар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир аҳамиятли иш “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” билан бошланмас экан, унинг охири кесикдир” деганлар.

Бошқа бир ҳадис шарифда: “Қайси иш “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” билан бошланмас экан, у ишда барака бўлмайди” деб айтганлар.

Демак, ҳар бир мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу суннатларига эргашиб, ҳамиша “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деб иш бошлашни одат қилиб олиши лозим экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки эрталаб ва кечаси: “Бисмиллаҳил лазий лаа язурру маъ асмиҳи шайьун фил арзи ва лаа фис-самаи ва ҳувас самийъул ъалийм” деб уч марта айтса, унга бирор нарса зарар бермайди”, деганлар.

Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари. Унда ёлғон бўлмайди, унга шубҳа қилиб бўлмайди.

“Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни айтиш ҳам зикрдир. Агар бирор амални бажармоқчи бўлсангиз ва унинг зикрини эслай олмасангиз “Бисмиллаҳ”ни айтинг. Зеро, ҳар бир зикрнинг, ҳар бир намознинг ва ҳар бир амалнинг аввалида “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” бордир.

“Бисмиллаҳ” гўёки барча яхшиликлар эшигини очишимиз учун Аллоҳ таоло бизга берган калитдир. У сабабли ён-атрофимиздаги барча нарсаларнинг яхшиликларига эга бўлишимиз ва жамики зарарли нарсалардан омонда бўлишимиз мумкин. Агар банда бу ҳақиқатни англаб етса, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни айтишни ҳеч қачон унутмайди, ғафлатда қолиб, эътиборсиз бўлмайди. Балки уни айтиш орқали янада сокин, файзли ва хотиржам ҳаёт кечиради.

Айтайлик, бир киши сафар қилмоқчи бўлса, у ўзи билан шахсини тасдиқловчи ҳужжат яъни паспортни олиб кетиши шарт. Чунки паспортсиз у бошқа мамлакатга боролмайди. Шунинг учун, у ҳеч қачон паспортини олишни унутмайди.

Энди кимки “Бисмиллаҳ”ни айтса ҳар бир нарсада яхшиликни қўлга киритишини ва турли зарарлардан омонда бўлишини билса, уни айтишни унутадими?!

“Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” Аллоҳ таолонинг Китоби – Қуръони каримдан бир оят бўлгани учун ҳам уни кўп айтиш билан улкан ажрларга эга бўлинади. Қолаверса, ҳар бир ҳарф учун 10 дан 700 гача савоб берилади.

“Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” 19 ҳарфдан иборат бўлса, 190 савобга тенг бўлади. Ҳар бир ҳарф Аллоҳнинг марҳамати билан кўпайтирилиб, 700 минг баробарга етади ва Аллоҳнинг фазли ила яна ҳам кўпаятирилади. Агар бир кунда ҳеч бўлмаганда 50, 100 марта “Бисмиллаҳ”ни айтишга одат қилсак, қанча савобга ҳамда Аллоҳни зикр қилишга муваффақ бўлишимиз мумкин.

Агар биз Аллоҳни қанча кўп зикр қилсак, У Зотга кўпроқ боғлансак, ҳаётимиз бутунлай ўзгача бўлади. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечаю кундуз Аллоҳни зикр қилиш суннатларига эргашамиз. Натижада, банда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлиб боради, қатор фойдаларга эга, Аллоҳ таолонинг улкан ажру савобларига ноил бўлади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Ким жаҳаннамдаги ўн тўққизта азоб фариштасидан омонлик истаса, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” ни кўп ўқисин. Ушбу калимада ҳам ўн тўққизта ҳарф бўлиб, ҳар бир ҳарф қиёмат кунида биттадан фариштадан омонлик бўлиб келади”? деганлар (Ибн Атийя ривояти).

“Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” айтиш учун қисқа, тилда осон лафз, аммо бу сўзнинг фазилатлари жуда каттадир. Келинг, барча ишларимизни “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” билан иш бошлашга одатланайлик. Шунда номаи аъмол дафтаримизга тўхтовсиз савоблар ёзилиб туришига, унинг баракаси сабабли дунёвий амал бўлиб кўринган барча ишларимиз ҳам ибодатга айланишига эришамиз, ИншаАЛЛОҲ.

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1126 times

Мақолалар

Top