Мақолалар

Нафс тарбияси – мўминнинг хос фазилати (иккинчи мақола)

Биринчи мақола

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз ахлоқи яхшиларингиздир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). Демак, кишининг Аллоҳ таоло ҳузуридаги ва кишилик жамиятидаги мақомини кўрсатадиган нарса бу унинг чиройли ахлоқи экан.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Одамларни кўпроқ жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўралди. Шунда у зот: “Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқ” деб айтдилар. У зотдан яна: “Одамларни кўпроқ дўзахга киритадиган нарса ҳақида сўралди”. Шунда у зот: “Оғиз ва фарж” деб марҳамат қилдилар (Имом Термизий ривояти).

Демак, инсон ўзини гуноҳлардан тийса, нафсига қул бўлмаса, оғзидан фахш сўзлар чиқмаса, гуноҳ содир этмаса дунёси ва охиратини обод бўлишидан умид қилсин ва шуни ҳаракатида бўлсин.

Хотам Асом нафс тарбияси ҳақида: “Нафсим итимдир (қулимдир), илмим қуролимдир, гуноҳим умидсизлигимдир, шайтон эса душманимдир, нафсимга асло итоат этмайман, уни тепкилаб ҳайдайман” деб ўз даврининг кишиларини доимо нафс тарбияси билан машғул бўлмоқлик, нафс поклигига эътибор қаратиш лозимлигини уқтирган.

Аллоҳ таоло “Шамс” сурасида бундай деган: “Нафс ва (У яратиб) тиклаган зотлар, (инсонлар) билан. Дарвоқе, унга (нафсга) фисқу-фужурини ҳам, тақвосини ҳам (У) илҳом қилиб қўйган. (мазкурлар билан қасамёд этаманки) ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур. Ва уни (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!” (7-10 оятлари).

Нафсини поклаган, Яратганнинг буйруқларини бажаришга сафарбар этган инсон охиратда катта ютуқларга эришади. Бу орқали охиратда катта оловларга кириб кетишидан, ашаддий азобга қолишдан, дунёдаги куфрдан, фитналардан, ширкдан, турли низолардан, гуноҳлардан сақланишига эришади. Бу билан Яратган Роббини розилиги ва Пайғамбаримиз Сарвари Коинот Набий алайҳиссаломнинг шафоатларига муваффақ бўлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Энг катта жиҳод нафс тарбияси учун қилинадиган жиҳоддир” деб марҳмат қилганлар. Саҳобалар жиҳоддан қайтганларидан кейин биз кичик жиҳоддан катта жиҳодга қайтдик деб нафс тарбияси билан шуғулланишга алоҳида эътибор берганлар. Набий алайҳиссалом нафс тарбияси ва ахлоқни сайқаллаш борасида Қиёматгача келадиган башариятга ўрнак ва намуна бўлганлар. Бу борада керакли тавсия ва кўрсатмаларни берганлар. Дуо қилганларида нафсни тарбиялаш учун ҳам алоҳида дуо қилганлар. Жумладан: “Эй Аллоҳим! Нафсларимизга тақво бер ва уларни пок қил! Сен нафсларни пок қилувчиларнинг энг яхшиси ва унга дўст ва соҳибсан” деб дуо қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Исомиддин АҲРОРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Кадрлар бўлими мудири

Read 992 times

Мақолалар

Top