Cавол: Бир танишим бу иш орқали топилган пул ҳалол эмас, бу билан шуғулланма деди. Шу ҳақида маълумот берсангиз.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Динимизда ҳижома билан шуғулланиш ва у орқали топилган пул ҳам ҳалол бўлади. Бошқа ишларда бўлгани каби ҳижома қилишда ҳам шариат кўрсатмаларига амал қилиниши талаб қилинади. Шунинг учун қон олиш асносида мижозга заруратсиз озор бериш, аврати заруратсиз очилишига йўл қўйиш каби ишлардан сақланиш лозим. Бундан ташқари қон билан ишлаш гигиеник қоидаларга жуда ҳам катта эътибор бериши ҳам зарур. Чунки бугунги кунда қон орқали юқиши мумкин бўлган кўплаб хатарли касалликлар мавжуд экани маълум.
Фиҳқий манбаларнинг ижара бобида бу ишнинг жоизлиги баён қилинган. Жумладан Аллома ибн Нужайм бундай дейганлар: “Ҳажжомлик учун ҳақ олиш жоиз. Бунинг далили “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қон олдирдирдилар ва қон олувчига ҳақини бердилар”, деган ҳадисдир. Қолаверса, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидан ҳозирги кунимизгача одамлар ичида одат бўлиб келаётган иш. Демак, бу иш ижмога кўра ҳам жоиз бўлади” (“Баҳрур роиқ” китоби).
Мулла Алий Қори раҳмаҳуллоҳ ҳам бу ҳақда бундай деганлар: “Ҳаммомда чўмилиш учун ҳақ тўлаш ҳамда қон олувчининг хизматига пул бериш жоиздир. Қон олувчи, яъни “ҳажжом”га келсак, унинг жоизлигига ушбу ҳадисни далил сифатида келтириш мумкин: Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қон олдирдилар ва қон олувчига ҳақини бердилар” (“Фатҳу бобил иноя” китоби).
Демак, ҳижома билан шуғулланиш шариатимизда жоиз касблардан саналади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.