Мақолалар

Исро ва меърож кечаси

Исро нима дегани?

“Исро” (الإسراء) Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кечанинг бир бўлагида Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдиришидир.

Меърож нима дегани?

“Меърож” (المعراج) эса, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуддуси шарифдан юқорига, яъни, Ўзининг Ҳузурига кўтаришидир.

Исро ва меърож кечаси қачон бўлган?

Исро ва Меърож ҳодисаси юз бергани ҳақида Ислом умматида мутлақо ихтилоф йўқ. Бу ҳақда Қуръони каримда: «(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжидул Ҳаромдан (Қудсдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжидул Ақсога тунда сайр қилдирган Зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У эшитувчи ва кўрувчидир» (Исро, 1), дейилган.

Аммо қачон содир бўлгани ҳақида турлича қарашлар бор. Муборакфурий “Ар-раҳийқул махтум” китобида “Исро ва Меърож” воқеаси қачон содир бўлгани тўғрисида айтилган қуйидаги олти хил қарашни келтирган:

  1. Исро Аллоҳ таоло у зотни нубувватга мушарраф этган йили бўлган.
  2. Пайғамбар бўлганларидан беш йил кейин бўлган.
  3. Нубувватнинг ўнинчи йили ражаб ойининг 27-кечасида бўлган.
  4. Ҳижратдан ўн олти ой олдин нубувватнинг 12-йили рамазон ойида бўлган.
  5. Ҳижратдан бир йилу икки ой олдин нубувватнинг 13-йилида муҳаррам ойида бўлган.
  6. Ҳижратдан бир йил олдин нубувватнинг 13-йилида робиъул аввал ойида бўлган.

Бу кечанинг ҳикматлари кўп. Улардан бири –

Исро ҳодисаси Ислом даъватининг энг оғир ва машаққатли даврида содир бўлди. Бу вақтда мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кучли тазйиқ ўтказишарди. Уларнинг зулмидан ҳимоя қилувчи Абу Толиб, Хадийжа бинти Хувайлид онамиз ҳам вафот этганди.

Шундай қийин ва маҳзунли бир дамда Исро ва Меърож кечаси содир бўлди. Бу нарса у зотдаги ғам-ташвишни кетказиш, даъват йўлида собитқадам бўлиш, қалбга сурур бағишлаш учун тасалли бериш эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам осмонга қандай қилиб кўтарилдилар?

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисни Қози Иёз “Аш-шифо” китобида нақл қилган. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Менга Буроқ келтирилди. У эшакдан баландроқ, хачирдан эса пастроқ ҳайвон бўлиб, югурганда туёғини кўзи етган жойга ташлаб сакрар эди. Унга миниб бир лаҳзада Байтул Муқаддасга етдим. Масжидга кириб, икки ракат намоз ўқиб чиқдим. Менга Жаброил бир идишда шароб, иккинчи идишда сут келтириб тутди. Мен сутни олган эдим, Жаброил: (Соф) фитратни танладингиз”, деди. Кейин биз осмонга кўтарилдик...”.

Набий алайҳиссалом самода қайси пайғамбарлар билан учрашдилар?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “...Биринчи осмонда Одам алайҳиссалом билан кўришдим.

Иккинчи осмонда Исо ва Яҳё алайҳимассалом билан учрашдим.

Учинчи осмонда Юсуф алайҳиссаломни кўрдим.

Тўртинчи осмонда Идрис алайҳиссаломни,

бешинчисида Ҳорун алайҳиссаломни,

олтинчисида эса Мусо алайҳиссаломни зиёрат қилиб, дуоларини олдим.

Еттинчи осмонда Иброҳим алайҳиссаломни Байтул Маъмурга суяниб турганларини кўрдим”.

“Байтул Маъмур”дан “Сидратул мунтаҳо”га

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Байтул Маъмурга ҳар куни етмиш минг фаришта кириб, зиёрат қиладиб кетар экан. Сўнг “Сидратул мунтаҳо” дарахти ёнига келдим. Аллоҳнинг амри билан бу дарахт шундай гўзал ҳолга келган эди, уни таърифлашдан инсон тили ожиз эди”.

5 маҳал намозда 50 маҳал намознинг савоби бор...

Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ шу ерда менинг умматимга эллик вақт намозни фарз қилди. Мен Мусо алайҳиссаломнинг ёнига тушдим ва умматимга буюрилган фарз амални айтдим.

Мусо алайҳиссалом: “Умматингиз бу амални бажаролмайди, Аллоҳдан енгиллатишини сўранг”, деб қайтарди. Мен Мусо алайҳиссалом билан Аллоҳ ўртасида бир неча марта қатнадим, ниҳоят Аллоҳ: “Эй Муҳаммад, сизнинг умматингиз учун ҳар кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилдим ва уни эллик вақт ўрнида қабул қиламан”, деб марҳамат қилди.

Мусо алайҳиссалом яна мени қайтарди. Мен энди Аллоҳдан ҳаё қиламан, деб беш вақт намознинг фарзлигига рози бўлдим”.

Бу кеча яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нималар берилди?

Бу кеча – беш вақт намоз фарз бўлди, Аллоҳга шерик қилмай, гуноҳларига тавба қилганларнинг кечирилиши ҳақидаги хушхабар берилди ва “Бақара” сурасининг сўнгги уч ояти нозил бўлди...

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 1726 times

Мақолалар

Top