Мақолалар

Ўз оёғингиз билан келинг!..

Баҳорнинг илк ойлари эди, Чилонзор томонга йўлимиз тушиб, жума намозини  “Олтинхон тўра” масжидида ўқийдиган бўлиб қолдик. Ихчамгина, шинамгина масжид экан. Маъруза қилаётган имом-хатиб бир ибратли воқеани ҳикоя қилиб бердики, каминага ғоят жиддий таъсир қилиб кўзимга уч қатрагина ёш ҳам келди. Таъсирчанлик табиатимда борлиги учун шундай бўлдимикан деган хаёлда ёнимдагиларга қарасам, атрофдагилар ҳам жуда мутаассир бўлиб ўтирибди.

Ҳамманинг кўнглигини юмшатган, хаёлимга маҳкам ўрнашиб қолган ушбу воқеани Сиз, азизларга ҳам илинишни ният қилиб, қоралашга журъат қилдим.

Кунларнинг бирида икки курсдош учрашиб қолди. Улар  талабалик йиллари қалин дўст эди, ётоқхонада ҳам бир хонада яшаганди, талабаликнинг ғариб қозонини бирга осган, ушбу фараҳбахш даврнинг аччиқ-чучугини бирга тотган эди.

Улардан бирининг талабалик йиллари ўзига хос кийиниш услуби, ҳозирги ифодада айтганда, имижи бор эди: ҳар доим оқ куйлак, кўк шим кияр эди. Ҳозир ҳам ўша имижи ўзгармасдан оқ куйлак, қора шимда юрган эди.

Иккаласи ҳол-аҳвол сўрашгач, ҳашаматли ресторанга кирди. еб-ичиб чақчақлашиб ўтирди. Бир маҳал улардан бири:

– Энди бундай қиламиз, дўстим, пешин вақти ҳам яқинлашиб қолди, ҳозир масжидга кириб пешинни ўқиб оламиз-да, кейин бизнинг уйга бориб гурунгни давом эттирамиз, – деди.

Буни эшитган дўстининг мийиғида истеҳзоли кулгу пайдо бўлди, қимматбаҳо соатининг устига кўрсаткич бармоғини уриб-уриб:

– Дўстим, менинг ҳар бир дақиқам пул. Масжидларга юришга вақтим йўқ менинг. Бу ерда азбаройи сенинг ҳурматинг учун шунча вақтимни бой бериб ўтирдим. Менга телефон рақамингни бер, Ора-сира вақтим бўлиб қолса, хабарлашамиз, – деди.

Ундан бундай муомалани кутмаган дўсти довдираб қолгандек бўлди. Лекин телефон рақамини айтди. Рақамни ёзиб олган дўсти унга:

– Телефонимда сенинг адашларинг жуда ҳам кўп. Шунинг учун сени “қиёматли дўстим” деб қайд этиб қўяман. Шунда сен қўнғироқ қилсанг, дарров таниб оламан, – деди.

Шу билан улар ресторандан чиқиб хайрлашиб ўз йўлларида кетишди. Орадан уч-тўрт кун ўтиб, улардан бирига қўнғироқ бўлди. Қараса, дўстининг рақами. Телефонни очиб:

– Дўстим!.. – деган эди ҳамки, у ёқдан:

–  Дўстингиз сизни пешинда фалон масжидда кутади, – деган овоз бўлди.

– Хўп, – деди-ю, нега бировга телефон қилдиради, ғалати одатлари бор-да унинг деб ўйланиб қўйди. Кейин пешиндан чиқиб уйга келармиз балки, деган хаёлда болаларига озгина тайёргарлик кўриб, ихчамгина дастурхон тузаб қўйишни тайинлаб масжидга жўнади.

Масжидга яқинлашганда жаноза ўқишга олиб келинган бир тобутга кўзи тушди. Негадир тобутга кўк тасма боғлаб қўйилган эди. Юраги шув этиб кетди, “Аллоҳ асрасин!” дея кўксига туфлаб қўйди.

Ичкарига кирди, кўз қири билан дўстини қидирди. топа олмади. Намоз ўқилгандан сўнг имом-хатиб “салоти жаноза” деди. Одамлар саф торта бошлади. У тобутнинг тўғрисида турган эди. Юраги ҳаприқиб, бесаранжом бўлди. Тобутга боғланган кўк тасма унга мусибатдан хабар бергандек бўлиб,  даҳшатга солаётган эди. Масжид ичида одобсизлик бўлса ҳам дўстига қўнғироқ қилди. Телефонни биров олди. У:

– Дўстим, қаердасан? – деб сўради.

У ёқдан:

– Дўстингиз қаршингизда, тобутда, – деган жавоб бўлди. Бу овоз унга ҳам телефондан, ҳам ташқаридан келаётгандек туйилди. Чап тарафига ўгирилиб қараса, ёнидаги одам жавоб бераётган экан. Ўша киши телефонни дарҳол ўчириб чўнтагига солди-да,

– Марҳумнинг телефонига “қиёматли дўстим” деб ёзилган экан. Шунинг учун биринчи бўлиб сизга хабар қилдим, – деб шивирлади.

Азиз юртдош! Вақтимиз борми, йўқми; истайми, истамаймизми, Аллоҳнинг уйига барибир келамиз. Аммо ушбу даргоҳга одамлар кўтариб келмасидан ўз оёғимиз билан келайлик. Вақтнинг Эгасидан уни баракали, фойдали, мазмунли қилиб беришини сўраб дуолар қилайлик,  истиғфорлар айтайлик, гуноҳларимизни кечиришини сўраб илтижолар қилайлик! Шоядки, меҳрибон Парвардигоримиз гуноҳларимизни мағфират айласа!..

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

 

Read 4884 times

Мақолалар

Top