Мақолалар

Соҳиби узрга тегишли ҳукмлар

Cавол: Соҳиби узрга тегишли қандай ҳукмлар бор?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Соҳиби узрга тегишли ҳукмлар қуйидагилар:

  1. Соҳиби узр ҳар бир фарз намоз вақти учун янги таҳорат олади ва ушбу таҳорати билан мазкур фарз намозининг вақтида истаганича намоз ўқийверади. Қачонки ушбу намознинг вақти чиқса, унинг таҳорати синган ҳисобланади ва кейинги фарз намози учун яна қайтадан таҳорат олади.

  2. Соҳиби узрнинг бомдод намози учун олган таҳорати қуёш чиқиши сабабли ботил бўлади. Аммо қуёш чиққанидан кейин таҳорат олган бўлса ва узридан бошқа таҳоратни синдирувчи иш содир бўлмаса, унинг таҳорати пешиннинг вақти чиққанидагина синади. Чунки соҳиби узрнинг таҳоарати вақт кириши билан эмас, балки намознинг вақти чиқиши билан синган ҳисобланади.

  3. Бир киши масалан: пешин намози вақтининг ярмида тиши қонашни бошласа ва пешиннинг охирги вақтига қадар қон тўхтамаса, сўнг у таҳорат қилиб, пешинни ўқиса, кейин асрнинг вақти кирса ва янги таҳорат олиб, асрни ўқиса, сўнг аср вақтининг ярмида ёки охирида қони тўхтаса, ушбу одам пешинни ҳам, асрни ҳам қайтадан ўқийди. Чунки унинг узри тўлиқ бир фарз намозининг вақтини қоплаб олмагани учун, ҳар иккала намозни ҳам бетаҳорат ўқиган бўлади. Агар мазкур ҳолатда унинг қони асрнинг охирги вақтигача ҳам тўхтамай давом этса ва шомни вақти кирганида ҳам қон оқиши давом этса, у ҳолда унинг ўқиган пешини ҳам асри ҳам жоиз ҳисобланади.

  4. Соҳиби узр бир фарз намозининг охирги вақтига яқин таҳорат олса ва таҳорат олаётганида ёки ундан кейин бетаҳоратлик етмаса, яъни узри тўхтаб турса, мазкур таҳорати билан кейинги намозни ўқиса бўлади. чунки вақтнинг чиқиши аслида таҳоратни синдирувчи амал эмас, балки соҳиби узрнинг таҳорати вақт чиқиши туфайли синади, дейилишининг сабаби шуки унинг собиқ таҳоратсизлиги юзага чиқади.

  5. Соҳиби узрга узридан бошқа ҳадас, яъни таҳоратни синдирувчи иш етса, у ҳолда унинг таҳорати синади ва бошқа таҳорат олиши шарт бўлади.

  6. Соҳиби узр узри йўқ кишиларга имомлик қила олмайди.

  7. Соҳиби узр ўзи билан узри бир-хил кишига имомлик қилса бўлади. Аммо узри бошқа бўлса, ёки узри оғирроқ бўлса, ўзидан узри енгил кишига имомлик қилса бўлмайди.

  8. Соҳиби узр имкон қадар узрини тўхтатишга ҳаракат қилиши керак. Масалан: қон оқаётган жойни боғлаб, ёки бирор нарса ёпиштириб бўлса ҳам, бетаҳоратликни тўхтатишга ҳаракат қилиши керак. Шу каби тик турса бетаҳоратлик етадиган ва ўтирса тўхтайдиган бўлса, ўтириб намоз ўқийди. Агар рукуъ ва сажда қилса, бетаҳоратлик етадиган бўлса, имо-ишора билан намоз ўқийди. Ўтириб имо-ишора қилса, таҳорати кетиб, тик турган ҳолатда имо-ишора билан ўқиса, таҳорати синмайдиган бўлса, тик туриб имо-ишора билан ўқийди. Чунки намозни таҳоратсизлик билан ўқишдан кўра, унинг баъзи рукнларини тарк қилиб бўлсада, таҳорат билан ўқиш авлодир.

  9. Соҳиби узр кийимига теккан нажосатни ювса, намозни ўқигунича яна нажосат бўладиган бўлса, масалан: сийдик томиб турган бўлса, либосини ювгани билан, яна сийдик томиб, нажосат бўладиган бўлса, у ҳолда кийимини ювиши лозим бўлмайди. Аммо бошқа жойига теккан нажосатларни ювиши лозим бўлади.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Read 1256 times

Мақолалар

Top