Мақолалар

Тик туриб сув ичишнинг ҳукми

Cавол: Тик туриб сув ичиш ҳақида турли гаплар юради. Айримлар мумкин деса, яна бошқалар мумкин эмас, дейишади. Шу ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Ҳадиси шарифларга мурожаат қилинадиган бўлса, ҳар икки ҳолатга ҳам далиллар бўлгани учун турли гаплар айтилган бўлиши табиий. Аллоҳ таоло уламоларимиздан рози бўлсин, улар бизга омонат сифатида ҳар икки маънога далил бўлувчи ҳадисларни ҳам етказиб беришган. Уларнинг айримларида тик туриб сув ичишдан қайтарилган бўлса, бошқа ҳадисларда уни жоиз дейилган.

Уламоларимиз мазкур ҳадисларни тўплаб, хулосасини айтишган. Жумладан “Раддул муҳтор” китобида қуйидагилар келган: “Билгинки, Имом Бухорий ва Муслим китобларида ушбу ҳадислар келган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сиздан бирортангиз тик туриб (ичимлик) ичмасин. Ким унутиб (ичиб қўйса), қайд қилиб юборсин”, деганлар.

Бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб замзамдан ичдилар”, дейилган.

Бухорий ривоят қилган яна бир ҳадисда Али розияллоҳу анҳу таҳорат қилиб бўлгач, таҳоратдан ортган сувдан тик турган ҳолда ичдиларда, кейин Албатта, одамлар тик туриб ичишни макруҳ кўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам худди мен қилганимдек қилганлар”, деди.

Ибн Можа ва Термизий Кабша Ансориядан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кирдилар. Унинг уйида меш осилган эди. У зот мешдан тик туриб сув ичдилар. Кабша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизлари теккан жойнинг баракасидан умид қилиб, мешнинг оғзини кесиб олди”.

Шунинг учун уламолар бу ҳадисларни жамлашда ихтилоф қилишган. Баъзи олимлар “сўз билан қайтаришлик амалда қилинган ишни насх (бекор) қилади” дейишса, бошқалари бунинг аксини айтадилар. Яна бошқалар эса ҳадисдаги қайтариқ танзиҳий (енгил) маънода келган ва ичиб кўрсатишлари эса бу ишнинг жоиз эканини баён қилиш учун бўлган дейишади. Имом Нававий мана шу фикрни маъқуллаган. Аллома Таҳовий имом Шаъбий раҳимаҳуллоҳнинг “Тик туриб сув ичишнинг макруҳлиги саломатликка зарарли бўлгани учундир”, деганларини нақл қилган.

Ана шуларга кўра тик туриб сув ичиш жоиз бўлсада, макруҳи танзиҳий (енгил макруҳ) бўлади. Бундай қилган одам гуноҳкор бўлмайди, аммо ўтириб ичиш учун савоб олади ва бир вақтнинг ўзида танасини зарарлардан ҳам асраган бўлади. Валлоҳу аълам. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Read 1553 times

Мақолалар

Top