Мақолалар

Фарз намозларидан аввал ва кейинги суннат намозлари

Cавол: Фарзлардан аввал ва кейин ўқиладиган суннатларнинг қандай фазилати бор? Уларни ўқимаса ҳам бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Мазкур суннатларнинг фазилати катта. Бир қанча ҳадиси шарифларда уларни доим ўқиб юришга кучли тарғиб бор. Уларни узрсиз тарк қилишни уламолар макруҳ дейдилар.

Бизнинг ўлкаларда фарз намозларидан аввал ва кейин ўқиладиган намозларни суннат, бошқа ихтиёрий намозларни эса нафл намозлар деб аталиши урфга кирган. Аслида фарз намозлардан аввал ва кейин ўқиладиган нафл намозлар таъкидланган суннатлар (суннатул ҳуда)га киради. Таъкидланган суннатларни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам доим ўқиб юрганлар, жуда кам ҳолатларда тарк қилганлар.

Суннати муаккаданинг ҳукми шуки, унга амал қилган одам савоб олади. Уни тарк этган киши эса маломат қилинади. Агар тарк этиш такрорланаверса, гуноҳкор бўлади (“Умдатур-риоя” китоби).

Мазкур суннатлар ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким бир кеча ва кундузда (фарздан ташқари) ўн икки ракат намоз ўқиса, унга жаннатдан уй қурилади. Пешиндан олдин тўрт ва кейин икки ракат. Шомдан кейин икки ракат, Хуфтондан кейин икки ракат. Бомдоддан олдин икки ракат” (Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадисни эшитган Умму Ҳабиба  онамиз разияллоҳу анҳу: “Шундан кейин уларни доимо ўқиб келмоқдаман”, деганлар.

Ҳанафий мазҳабимизда ушбу ривоятни, тўлиғича ҳаётга татбиқ қилинган. Ушбу ҳадисда фарз намозларига тобеъ суннатларни доимий равишда ўқиб боришга қаттиқ тарғиб ва улкан ваъда бор. Бу ваъда – жаннатда ушбу намозлар учун мукофот тариқасида Аллоҳ таоло томонидан қуриб бериладиган алоҳида уй (қаср)дир. Шунинг учун ҳам Умму Ҳабиба онамиз, ушбу ҳадисни эшитганларидан бошлаб, у намозларни асло қолдирмай адо қилганлар.

Ҳанафий мазҳабида энг таъкидланган суннат – бомдоднинг суннатидир. Пайғамбаримиз бу ҳақида бундай дейдилар: “Бомдоднинг икки ракати (суннати)ни, агар сизларни отлиқлар қувиб келса ҳам, тарк қилманглар!” (Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд ривояти).

Фарздан аввалги суннатларнинг вақти намоз вақти киргандан токи фарз намози бошлангунча, фарздан кейинги суннатларнинг вақти, фарздан кейин токи намоз вақти чиққуничадир. Жумҳур уламо суннат намозларини узрсиз тарк қилишни макруҳ кўрганлар. Баъзи фуқаҳолар суннат намозларини тик туришга қодир бўла туриб, ўтириб ўқиш макруҳлигини баён қилганлар (“Кувайт фиқҳ энциклопедияси”).

Ушбу суннатлар бир томондан фарзга; хушу ва хузуга тайёргарлик бўлса, бошқа томондан фарз намозда баъзи қусур ва камчиликлар содир бўлса, ўрнини тўлдириш вазифасини ўтайди. Шунинг учун ҳам шариатда бу намозларни “мукаммилот” – тўлдирувчи намозлар деб аталади.

Яна бир муҳим жиҳат Ҳанафий мазҳабимизда фарздан кейинги суннатларни фарзнинг изидан дарҳол ўқилади. Фақат ҳадиси шарифга мувофиқ уларнинг ўртаси қуйидаги калималар билан бўлинади. Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам фарз намозни тугатганларида уч марта “Астағфируллоҳ”дер эдилар ва: “Аллоҳим, сен Салом (саломатлик берувчи)сан, салом (яъни, саломатлик) сендандир, сен муборак бўлдинг, эй, жалол ва икром эгаси!” (Имом Муслим ривояти).

Юқоридаги маълумотларга биноан, фарзлардан кейинги суннатларни масжидда ўқиш суннатга зид эмаслиги ва мазҳабимиз қонун-қоидаларига мувофиқ келишини таъкидлаб ўтамиз. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Read 1425 times

Мақолалар

Top