Мақолалар

Қуръон тиловати билан машғул бўлишнинг фазли

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Парвардигор азза ва жалла: “Қуръон (тиловати) ва Менинг зикрим кимни Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, унга сўровчиларга берадиган (нарсаларнинг) энг афзалини ато этаман. Аллоҳ каломининг бошқа каломлардан устунлиги худди Аллоҳнинг (яратган) махлуқотларидан устунлиги кабидир”, дейди”

(Термизий ривоят қилган ва ривоят санади ҳасан, деган. Доримий ва Байҳақий ривоятида: “Қуръон қироати ва Менинг зикрим кимни Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, унга сўровчиларга берадиган энг афзал савобни бераман”, дейилган).

Қайси банда Қуръон қироати ва зикр билан машғул бўлиб, дуо қилишга вақт ажратолмаса, Аллоҳ таоло бу бандага ҳожатларини раво қилишини сўраб дуо қилувчиларга берадиган энг яхши нарсаларни ато қилади.

Аслида ҳар бир банданинг Аллоҳдан сўрайдиганлари, илтижолари бўлади. Агар банда Қуръон қироати билан банд бўлиб, дуо қилолмаса, Аллоҳ унга ўзи сўрайдиганидан, қалбида ният қилганидан ҳам яхши нарсаларни беради. Сабаби у ўзига тааллуқли бўлган дуога вақт ажратолмай, Аллоҳнинг Каломи Қуръон қироати билан машғул бўлди. Қуръонни эъзозлаган бандани Аллоҳ ҳам сийлайди ва унга раҳматларини нозил қилади.

Ривоятнинг давомида: “Аллоҳ каломининг бошқа каломлардан устунлиги худди Аллоҳнинг (яратган) махлуқотларидан устунлиги кабидир”, дейилмоқда.

Оддий банда ўзи ясаган нарсадан қанча устун туради. Ана ўша бандани, қолаверса бутун мавжудотни яратган Аллоҳ Ўз махлуқотларидан қанчалик юқори туришини тасаввур қилиб кўринг!

Аллоҳнинг махлуқотларидан афзаллиги қанча бўлса, У Зотнинг Каломи бўлмиш Қуръоннинг бошқа каломлардан устунлиги ҳам шунчадир. Аллоҳнинг Каломи мўъжизадир, илоҳийдир. Бандалар Қуръонга ўхшаш каломни келтиришга қодир эмаслар. Бандалар тузган жумлалардан иборат каломларнинг миллионтаси ҳам Аллоҳнинг биргина оятига, бир сўзи, ҳатто ҳарфига тенг келолмайди. Шундай экан, Қуръоннинг қанчалик улуғ эканини англаб, уни ўрганишимиз, ўқиб, Қуръонга амал қилишга ўтишимиз лозим.

Омир ибн Восиладан ривоят қилинишича, Нофеъ ибн Абдулҳорис Усфонда Умарни учратиб қолди – Умар уни Маккага омил қилиб тайинлаган эди – ва шундай деди: “Водий аҳлига кимни омил қилиб тайинладинг?”.

У: “Ибн Абзони”, деди. Умар: “Ибн Абзо ким?” деб сўради. Нофеъ: “Озод қилган қулларимиздан бири”, деб жавоб берди. Шунда Умар: “Уларга озод қилинган қулни ўринбосар этиб тайинладингми?” деди. Нофеъ: “Сабаби у Аллоҳ азза ва жалланинг Китобини қироат қилади ва фароиз илмининг билимдони”, деганида, Умар: “Сизларнинг Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу Китоб (Қуръон) билан баъзи қавмлар даражаларини кўтариб, бошқаларникини туширади”, деган эдилар”, деди (Муслим, Доримий, Ибн Можа, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Абдураззоқ ривояти).

“Усфон” жой номи бўлиб, Ибн Асирнинг айтишича, Усфон Макка ва Мадинани бирлаштирувчи қишлоқдир.

Ушбу ривоятда Аллоҳ Ўз Каломи билан хоҳлаган бандалари даражасини кўтариши айтилмоқда.

Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли

 

Read 961 times

Мақолалар

Top