Мақолалар

Китоб ўқиганга мукофот

Аллоҳга ҳамд бўлсинки, уйда катта кутубхонамиз бор. Ўзим кўпинча уйдаги вақтимни ўша ерда ўтказаман. Кутубхонамиз 7 ёшдан 70 ёшгача кишилар ўқиши учун мўлжалланган турли мавзулардаги китоблар билан тўла. Қўплари отамдан қолган. Яна анча-мунчасини ўзим олиб келиб кутубхонани тўлдирганман.

Болаларимга ўқишни тарғиб қилишнинг яхши йўлини ўйлаб топдим. Болаларга аталган китобларни фарзандларимнинг қўллари етадиган пастки токчаларга жойлаштириб, ҳар бир китобнинг устига "Бу китобни ўқиган одамга фалон минг сўм мукофот" бор деб ёзиб чиқдим. Мукофот миқдорини ёзишда китобнинг ҳажми ва аҳамиятига алоҳида эътибор бердим.

Кўп ўтмай ҳамма фарзандларим вақтларини мен билан бирга кутубхонада ўтказадиган бўлиб қолишди. Деярли ҳар ҳафта бир фарзандим “Дада, мен мана бу китобни тугатдим” деб бир китобни қўлимга тутқазадиган бўлди. Табиийки, мен мукофтотни беришдан олдин китобни олиб 5-10 дақиқа савол жавоб қилардим. Боламдан китоб ҳақидаги таассуротларини, китоб ёққан- ёқмаганини сўрардим. Гоҳида бу савол-жавобга бошқа фарзандларим ҳам қўшилиб кетиб, кутубхонамиз катта китобхонлар суҳбати бўлаётгандек баҳс-мунозалар майдонига айланиб кетарди.

Қўллаган тадбирим орқали барча болаларим китобхонларга айланишди. Ёшлари улғайгач, ўқиган китобларига пул ҳам сўрамай қўйишди. Қайтанга фарзандларимнинг катталари кичикларини менга қўшилиб рағбатлантирадиган бўлишди.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1009 times

Мақолалар

Top