Мақолалар

Михли шўрва фалсафаси

Ҳикоя қилинишича, бир фақир киши қаҳратон совуқда бир бурда емиш излаб кўчаларда кезиб юрган экан. Бироқ ҳеч нарса топа олмай, бир уйнинг эшиги тагига ўтирибди ва уйқуга кетибди.

Тонг отгач уй эшигини бир қари аёл очибди. Эшиги тагида ўлар ҳолда ётган кишини кўриб, “Сизга нима бўлди?” деб сўрабди.

Ҳалиги киши жуда ҳам оч-наҳор эканини ва қаттиқ совуқда қолганини айтибди. Қария аёл уни уйига олиб кириб, исиниб олиши учун ёпинчиқ ва бир стакан иссиқ сув берибди. У аёл жуда бахил бўлиб, ҳеч кимга ҳеч нарса бермас экан. Қорни жуда ҳам очган бу киши унинг бахиллигини сезибди, лекин уни уйига олиб кирганидан қалбида озгина бўлса ҳам раҳм-шафқат борлигини билибди.

Чўнтагидаги занглаган михга кўзи тушиб: “Битта қозоним ва идишим бўлганида эди, сизга қўлбола қилиб мих шўрва қилиб берардим”, дебди.

Қария аёл бундан ҳайратланиб: “Мих шўрва?! Нималар деяпсан, ҳой бола?” дебди.

Киши уни мана шу михдан зўр шўрва тайёрлай олишига ишонтирибди. Шунда гапига ишонган кампир унга идиш бериб, қозон ва ўчоқ турадиган жойни кўрсатибди.

У ўчоқ олдига бориб, қозонга сув ва михни солибди, кейин оловни ёқибди. Бироз кутгач дебди: “Озгина туз ва кўкатлардан қўшиб юборсак шўрва янада мазали бўларди”.

Кампир унга сўраган нарсасини берган экан, меҳмон табассум билан: “Сиз жуда яхши, саховатли аёл экансиз” дея мақтай кетибди. Сўнг яна шўрва мазали бўлади, деган баҳона билан пиёз ва сабзи сўрабди.

Атрофидаги одамлардан доим “бахил” деган тамғани эшитиб юрган аёл меҳмондан бу мақтовларни эшитгач хурсанд бўлиб кетибди ва унга сабзи, пиёзларни, у сўрамаган бошқа керакли маҳсулотларни ҳам тақдим этибди.

Киши қозонга солинган михни секин олиб чўнтагига қайта солиб қўйибди. Шўрва қайнаб чиққач, уни идишга солиб, кампирнинг олдига қўйибди.

Кампир ва фақир киши бирга овқатланишибди, кампир музлатгичдан мураббо ва бошқа нонхўракларни дастурхонга қўйибди.

Охирида қария аёл меҳмонга раҳмат айтиб дебдики: “Мих овқатга шундай таъм киритишини билмаган эканман!”.

Киши табассум қилган ҳолда: “Сизга раҳмат, сизнинг саховатингиз бўлмаганда михнинг ўзи ҳеч нарса қила олмасди”, дебди ва ичида: “Аслида мих ҳеч нарса қилгани йўқ, ҳаммасини ширин сўзлар бажарди”, деб шивирлабди.

Баъзида фарзандларимизнинг тарбиясини тўғирлаш учун вақт кечикиб бораётганини, улар бизга турган битгани машаққат, кулфат бўлаётганини ҳис қиламиз ва улардаги ёмон сифатларни айтиб, койиймиз-у, бироқ яхши жиҳатларига эътибор бермаймиз, яхши сифатлари учун уларни мақтамаймиз.

Ҳамма ота-оналар фарзандларини тарбиялаш йўлида юқорида келтирилган ҳикоядаги каби зўр “мих шўрва” қилиб, ширин сўзлар билан, қўллаб-қувватлаш билан уларни ижодкорларга, бошлиқларга айлантира олади.

Қани бир михли шўрва фалсафасини фарзандингизда қўллаб кўрингчи…

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 944 times

Мақолалар

Top