Мақолалар

“…сўралурсизлар”

Аллоҳ таоло бизга жуда кўплаб неъматлар берган. Бу неъматлар шунчалар кўпки, уларни санаб адоғига ета олмаймиз. Нафас олишимиз, кўзларимиз кўриши, турли ҳидлар ва тамларни фарқлай олишимиз, қўл-оёқларимиз ҳаракати, буларнинг барчаси ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмас даражадаги улкан неъматлардир. Агар бизда шулардан бошқа неъмат бўлмаса ҳам Аллоҳнинг берган неъматларини ҳаққини адо эта олмаган бўлардик. Лекин атрофга назар солсангиз, мислсиз ва саноқсиз неъматлар аро кўмилиб яшаётганимизни ҳис қиласиз. Мол-дунё, лаззатли таомлар, замонавий маркаблар, данғиллама уйлар ва ҳоказо... Бу неъматлар ҳаммаси ўз йўлигаю лекин бу неъматлар ичида энг буюкларидан бири шубҳасиз, фарзанд неъматидир.

Сабаби ҳаётингизда Аллоҳ таоло сизга нимаики моддий неъматлар берган бўлса, уларнинг барини ўйлаб ҳам ўтирмай фарзандингизнинг камоли учун қурбон қилишга тайёр турасиз. Бирор киши агар унга соғлом фитрат берилган бўлса, фарзандининг бахти учун ўзидаги бирор моддий неъматга бахиллик қилмайди. Буни барча бирдек эътироф этади.

Мусулмон одам доим ёдида тутиши лозимки, Аллоҳ таоло Қиёмат куни бизга ато этган бу ададсиз неъматлари ҳақида ҳисоб қилади. Неъматларнинг кичигидан тортиб каттасигача нимага сарфлаганимиз, қандай сарфлаганимиз ҳақида ҳисоб сўрайди. Шулар қаторида фарзанд неъмати ҳақида ҳам.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сўнгра Аллоҳ сизга берган барча нематлар ҳақида албатта сўралурсизлар” (Такасур сураси, 7-оят).

Мана шу оятни бир тадаббур қилиб кўрайлик. Устимизга ёғилиб турган сон-саноқсиз неъматлар шукрини адо этяпмизми? Ушбу неъматларни тўғри йўлда сарфлаяпмизми?

Буларнинг ичида энг қийматли неъмат бўлмиш фарзандларимиз ҳақида Роббимиз сўраб қолса, берадиган жавобимиз тайёрми? Фарзандларимизнинг тарбияси қандай бўлгани, уларнинг тарбиясига қанча вақт, илм, маблағ сарфлаганимиз ҳақида сўраса-чи? Фарзандларимиз эртага Қиёмат кунида юзимизни ёруғ қиладиган даражада салоҳиятли, тарбияли, ахлоқ-одоблими?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қиёмат кунида Одам боласининг қадами токи беш нарса ҳақида сўралмагунича, Роббининг хузуридан силжимайди: умрини нималарга сарфлагани, ёшлигини нималар билан ўтказгани, молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани ҳамда олган илмига амал қилгани ёки қилмагани ҳақида”.

Бугун Аллоҳга шукрки, қўлимизда жуда ҳам кўп неъматлар бор. Мана шу неъматларни фарзандларимиз тарбияси йўлида сафарбар қилишга тиришмоғимиз даркор. Роббимиз бизга берган соғлик-саломатлик, мол-дунё, тинчлик-омонлик ҳамда бўш вақт каби неъматлардан фарзандларимиз тарбияси йўлида фойдаланиб қолишимиз керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Бешта нарсадан олдин бешта нарсани ғанимат бил: қаришингдан олдин ёшлигингни, касал бўлишдан олдин соғлигингни, фақирлигингдан олдин бойлигингни, машғул бўлишингдан олдин бўш вақтингни ва ўлимдан олдин ҳаётингни”.

Яхши бир тавсия шуки, эр-ҳотин бирга ўтириб бир қоғозга ўзларида мавжуд бўлган барча моддию маънавий неъматларни ёзиб чиқадилар. Кейин шу имкониятлардан фарзанд тарбияси йўлида қандай фойдаланиш мумкинлиги ҳақида бош қотирадилар. Ана шунда Аллоҳнинг изни ила ўша оилага жуда ҳам кўплаб футуҳотлар файз-баракалар ёғилса ажаб эмас, иншааллоҳ. Зеро, меҳрибон Роббимиз Ўз Каломида “Бизни йўлимизда жидду жаҳд қилганларни тўғри йўлларимизга йўллаб қўямиз” деб марҳамат қилган.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1000 times

Мақолалар

Top