Мақолалар

Одамлар билан қандай муомалада бўлиш кеарк!

Пайғамбаримиз Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки ҳадислари одамлар билан муомала қилиш қоидаларини таъсис этади:

Биринчиси: “Мулойимлик нимадаки бўлса, уни зийнатлайди ва қайсики нарса мулойимликдан маҳрум бўлса, уни булғайди”.

Муҳаммад Ибн Абу Бакр раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Қалб учун одамлар билан юмшоқлик ҳамда уларга яхшиликни раво кўриш бирла муомала қилишдан-да фойдалироқ нарса йўқ! Агар сенга бегона одам бўлса меҳрини, муҳаббатини қозонасан, агар дўстинг ёки яқининг бўлса, муҳаббати ва эътибор бардавом бўлишини таъминлаган бўласан. Агар душманинг бўлса, лутфинг билан унинг чўғини ўчирасан, ёмонлигидан қутуласан!”

Иккинчиси: “Кимки дўзахдан узоқлашишни ва жаннатга киришни истаса, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган ҳолда ўлимни қарши олсин ҳамда ўзига қандай муомала қилинишини хоҳласа, одамларга ҳам шундай муомалада бўлсин!”.

Бу одамлар билан муомала қилишдаги Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўргатиб кетган жуда муҳим қоидадир. Унинг мазмуни: “Мўмин киши бошқалар унга қандай муомалада бўлишини хоҳласа, уларга ўзи ҳам худди шундай муомалада бўлсин”, деганидир.

Агар одамлар шу қоидага амал қилсалар борми… “Фалончи менга зулм қилди”, деган одамни кўрмасдик, ҳеч ким биродарининг ҳаққини поймол қилмаган бўларди.

Насиҳат қилинг, бироқ уятга қўйманг!

Урушинг, койинг, лекин жароҳат етказмаган ҳолда!

Биродарчилик давом этиши учун хатоларни ўчириб юборсак нақадар яхши-а?!

Бироқ бунинг акси-чи? Яъни йўл қўйилган хатолик туфайли биродарчиликни ўчириб юбориш? Ундан қаттиқ сақланмоқ даркор!

Луқмони Ҳаким айтади: “Эй ўғлим! Мен кўп пайғамбарларни кўрдим ва улардан қуйидагиларни ўргандим:

- Намозда турган пайтинг қалбингни ҳар хил ўй-хаёллардан муҳофаза қил!

- Одамлар орасида ўтирганингда, тилингга эътиборли бўл!

- Одамларнинг уйига кирсанг, кўзингни тий, изнсиз ҳеч нарсага қарама!

- Овқатлангани ўтирсанг, ошқозонингни ошиқча овқат ейишдан сақла!

- Иккита нарсани ҳаргиз эслама, ёдга олма: одамларнинг сенга қилган ёмонлиги ва одамларга қилган яхшилигинг!”.

Кимки одамлардан содир бўлган ишларни яхши маънога йўйиб, чиройли гумон қилса, нияти турли хил хаёллардан соғ қолади, кўнгли ёришади, гуноҳлари кечирилади ва Аллоҳ уни ёмонликлардан, балолардан ҳимоя этади!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1002 times

Мақолалар

Top