Мақолалар

Нархга қўшиб ёздириш

Cавол: Мен улгуржи савдо билан шуғулланаман. Мендан турли дўконлар, айрим ҳолатда ташкилотлардан ходимлар келади. Шулар ичида айримлари нархни қўшиб ёзиб беришни сўрашади. Масалан, товарнинг нархи 50 минг бўлса, 70 минг деб ёзинг. Мен сизга пулини олиб келганимда 20 мингни менга қайтиб берасиз, дейишади. Уларнинг бу иши жоизми? Улар билан шу шаклда савдо қилсам бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ислом дини инсонга ҳамиша ишлаб топаётган пулини фақат ҳалол йўл билан бўлишига аҳамият қаратиши зарур. Ҳалол бўлмаган молни ноҳақ ўзлаштириб оладиган кимсалар, гарчи кўзга ишбилармондек кўринса-да, ночор ва бечора кишилар айнан ўшалардир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг” (Нисо сураси, 29-оят).

Юқоридаги ишлар ҳам мутлақо жоиз эмас. Чунки ишчи ва ходим кабилар иш жойининг вакили сифатида иш юритади ва мана шу ишларни бажараётганлиги учун унга корхона маош ажратади. Исломда вакил ўзига нима вазифа юклатилган бўлса, ўшани бажариши керак. Қўшиб ёзишни талаб қилиш ва шу орқали олган ортиқча пулни ўзлаштириш унга ҳалол бўлмайди. Бу ишда алдов, омонатга хиёнат қилиш каби бир неча гуноҳлар бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким алдаса, мендан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Мунофиқ уч нарсада билинади: Гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса бажармайди, омонатга хиёнат қилади (Имом Бухорий ривояти).

Шунингдек, иш берувчининг номидан маҳсулот сотиб олгани борган кишига айрим сотувчилар чегирма қилиб, маҳсулот учун тўланган пулдан қайтариб беради. Бу ҳолатда ҳам қайтиб берилган пул, иш берувчининг ҳаққи ҳисобланади. Буни менга берди, мен учун арзон қилиб берди деб, ўзига олиб қолиши мумкин эмас. Бу ҳам юқоридаги каби хиёнат ҳисобланади.

Шунинг учун сизга бундай таклиф билан чиқилганда, чегирмани иш берувчи учун олишингизгина тўғри бўлади. Акс ҳолда гуноҳ ишни амалга оширишда ёрдам берган бўлиб қоласиз. Қуръони каримда гуноҳ ишларда ҳамкорлик қилишдан қайтарилган:

“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг” (Моида сураси, 2-оят).

Бу қилмишининг нотўғри қилётганини тушунтириб, насиҳат қилинг. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Read 991 times

Мақолалар

Top