Мақолалар

Тилдаги икки офат

Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломга хитоб қилиб айтади: “Мени зикр этишда сусткашлик қилманглар” (Тоҳа сураси, 42-оят).

Улар Фиръавннинг олдига кетишаётганда Аллоҳ уларга сустлашмасдан, иккиланмасдан гапиришни буюрди.

Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳимаҳуллоҳ айтади: “Тилда иккита катта офат бор: гапириш офати ва сукут сақлаш офати. Ҳақ гапдан сукут сақловчи одам бамисоли соқов шайтондир. Ботил гапни гапувчи одам эса гапирувчи шайтондир”.

Сукут бу энг яхши одат ва ибодатдир. Айни вақтда энг катта хазина ҳамдир. У сизни гапириб қўйиб афсусланишдан халос этади. Сизни ҳурматга сазовор этади. Ҳаётда ҳеч ким сукут қилганига афсусланмаган. Аксинча кўпчилик гапирган гапига бир-неча маротаба афсусланганини кўп кузатганмиз. Ундайларнинг кўпчилигига қарасангиз, битта-ю битта айби ҳамма нарсани гапираверишида бўлади.

Тилингиз бўйнингизда турган қилич кабидир. Шундай экан сўзларингизни яхшилаб тартиблашга, имкон қадар маънони оз сўз билан ифодалшга ҳаракат қилинг. Гоҳида сукут сақлаш гапиргандан кўра таъсирлироқ, етиб борувчанроқ бўлади!

Буюк саҳобий Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу айтади: “Гап худди дорига ўхшайди, озгина истеъмол қилсанг, фойда беради, кўп истеъмол қилсанг, ўлдиради”.

Сирингизни одамларга ошкор қилган кишини маломат қилманг, чунки сир бу сиз кўтара олмайдиган оғир юкдир! Сирингизни ҳеч кимга айтмай ичингизда сақласангиз, у сизнинг раҳматингиз остида бўлади, борди-ю уни кимгадир ошкор қилсангиз, сиз унинг раҳмати остида бўлиб қоласиз! Сир сақлаш учун жой ҳозирланг, у жой ичингиздир! Шубҳасиз, сирни яширишга сабр қилиш уни ошкор қилиб надомат қилиб юргандан осон!

Бир одам тилига шундай мактуб ёзган экан: “Эй тилим! Билгинки, мен сен нутқ қилган ҳар бир сўз учун ҳисоб-китоб қилинаман, шундоқ экан, фақта яхши сўз айт! Чунки сен охиратда ё менинг фойдамга ёки зараримга гувоҳлик берасан. Ахир Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини билмайсанми: “Одамларни юзтубан қилиб дўзахга улоқтирадиган нарса – тилларининг ҳосилидир”.

Ҳой тилим! Аллоҳ таолонинг мана бу оятини билсанг керак-а: “Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир (фаришталар) борлар” (Қоф сураси, 18-оят).

Шундай экан, фақат ҳақ гап айтгин, фақат ва фақат рост сўзла!

Эй тилим! Ҳеч кимни дуоибад қилма, қанча гуноҳ-маъсият қилган бўлса ҳам. Аксинча ҳидоят сўраб унинг ҳаққига дуо қил.

Эй тилим! Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг гапларини эшитмаганмисан: “Ўзидан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, энг узоқ ҳибсда сақлаш керак бўлган нарса тилдир!”.

Эй тилим! Ўзингни сақла, агар гапиргани бирор яхши гап топа олмасанг, жим турганинг сен учун афзал ва яхшироқдир! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деган эканлар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки сукут сақласин”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 875 times

Мақолалар

Top