Мақолалар

Устозлик ҳақлари

Cавол: Мен ўқитувчиман. Устозлик ҳақлари қанақа? Устозлик соҳасида динимиз кўрсатмалари керак эди.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта мен муаллим қилиб юборилганман”.

Дарҳақиқат, ўзгаларга илму маърифат зиёсини тарқатиш нақадар савобли амал. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиз. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бундай деганлар: “Албатта Аллоҳ таоло, унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли кавагидаги чумоли, ҳаттоки, денгиздаги балиқ ҳам одамларга таълим берувчи устозларга салавот айтадилар”.

Ризоуддин ибн Фахриддин устозларга бундай насиҳат қилган эди: “Шогирдингизни ҳар бир ҳаракатларига қараб туринглар, уларга хушмуомалани, гўзал, шафқатли одатларни тушунтирингиз, сўзларини-ю феълларини яхшилангиз, уст-бошларини, кийим-кечакларини пок тутишини назорат қилинглар. Ёмон хулқлар юқумли бўлганидан бир шогирднинг ёмон хулқи борлигини билсангиз, жумласини баробар кўриб, жумласи фойда олажак равишда ўргатингиз, фойдали ишлар, керакли адабларнинг жумласидан хабардор айлангиз, натижада бола мумкин қадар режа ила иш қилмоқ, эҳтиёткорлик, поклик, кўркам тартиб, кўп фойдасига тиришмак каби хосиятларингизни эгаллаб олади”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Read 836 times

Мақолалар

Top