Мақолалар

Қуёшни тўхтатиб қўй, майли шунда чақириғингга кўнаман!

Ҳаммамиз ҳар куни йигирма тўрт соат умр кечирамиз. Лекин ҳамма ҳар хил фойда ва натижаларга эришади. Ҳар гал вақтингиздан унумли фойдаланганингизда ғалабага тобора яқинлашиб бораверасиз!

Вақтингиз устидан ҳукмрон бўлинг. Вақтингиздан тўғри ва унумли фойдаланинг. Вақт сизга ҳукм ўқишидан, соатларингизни мақсадсиз зое қилишдан эҳтиёт бўлинг. Эски одатларингизга қаранг, нималарга вақтингиз бекор сарфлаганингиз ҳақида ўйланг ва шуни эндиликда ислоҳ этинг!

Қиладиган ишларингизни аниқ марказлаштириб олинг. Кўп ишлар билан хаёлингизни банд қилманг. Натижа бермаган ҳар қандай ҳаракатдан тўхтанг!

Ҳужжатларингизга эътиборли бўлинг, ҳар жойда сочилиб ётмасин. Ҳафта давомида сизга керак бўлмайдиган қоғозлардан халос бўлинг ёки уни йўқолмайдиган жойга қўйинг.

Ҳар иш учун етарли вақт белгиланг ҳамда бошланиши ва тугашини ҳам ҳисобга олинг.

Ишларни математик ҳисоб-китоб билан тақсимланг. Масалан, маълум бир жойда қилинадиган ишлар ёки бир-бирига яқин жойларда бажариладиган ишлар. Бу вақтдан ютишга ёрдам беради.

Ўзингиз учун керакли бўлган нарсаларни битта жойдан сотиб олишга ҳаракат қилинг. Аниқроғи харид қилиш учун ҳамма эҳтиёжларингиз топиладиган дўконга боринг ва маҳсулотларни етарлича сотиб олингки, яқин вақт ичида яна харид қилишга вақт кетказишингизга тўғри келмасин!

Баъзи узоқ вақт мобайнида қилинадиган ишлар орасига тез битадиган ишларни киритиб кетинг. Масалан, Қуръон ўқиш ёки жадвалингиздаги бирор ишни дейлик шифохонада навбат кутаётиб қилиб қўйсангиз вақтдан ютасиз.

Малолланиб қолмаслик учун ишларингиз турини ўзгартириб туринг. Битта шахсий ишингизни қилингда, кейин битта оилавий ишингизни қилинг, кейин кўчадаги ишингизни қилиб келинг.

Ёнингизда кичик ҳажмдаги китоблар олиб юринг, кутиш вақтларида бўш турмай ўқиб оласиз. Бу ҳам йиғилиб-йиғилиб анча фойда бўлади.

Бирор учрашув белгилаган бўлсангиз вақти келишидан озгина олдин телефон орқали боғланиб яна аниқлаштириб олинг. Шунда кутиб қолмайсиз.

Кунлик режангизда доимо Қуръон ўқиш, нафл рўза тутиш ва бошқа ибодатлар учун вақт ажратилсин.

Шунингдек, оилангиз билан ўтказиш учун алоҳида вақт ҳам тайинлаб қўйинг. Бу нарса асло вақтингизни зое кетказади деб ўйламанг. Бундай ишлар руҳиятингизга жуда яхши таъсир қилади, иш асносида ҳосил бўлган малолликни, чарчоқни кетказади.

Бекорчи одамлар вақтингизни олишаётган бўлса, уларга “йўқ” дейишга сира иккиланманг.

Беҳуда ишлар, ўйин-кулгилар билан умрингизни зое қиладиган ишлардан ҳазир бўлинг. Бундай нарсаларни тўғирлашга ҳам ҳиссангизни қўшинг, айниқса фарзандларингиз ва уларнинг дўстлари хусусида! Уларга вақтни қадрлашни, масъулиятни ҳис қилишни ўргатинг.

Салафлардан бири шериги уни вақтни зое қиладиган бир ишга чақирганда унга айтган экан: “Қуёшни тўхтатиб қўй, майли шунда чақириғингга кўнаман”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 694 times

Мақолалар

Top