Ибодатларнинг табиати инсонларни Аллоҳга яқин қилиш бўлса, дунёвий ишлар эса – агар шаръий ҳақларга риоя этилмаса, - руҳоният оламидан узоқ қилади, маъсиятларга олиб боради. Ўн бир ой инсонни моддий ҳаёт Аллоҳга бўлган яқинлигини заифлаштиради. Аллоҳ таоло ўзнинг меҳрибончилигидан рамазонни тушириб, уни “шаҳруллоҳ” деган. Ибодат, қурбат ойи деб белгилаган. Инсонни яна Ўзига боғланишга, хиралашган қалбини сайқаллашга фурсат қилиб қўйган. Бошқа ибодатларга қараганда рўзани юқоридаги мақсадларни амалга оширишда етакчи дея эълон қилган. Рамазоннинг барча лаҳзаси, фурсати ва онларини тоат ва ибодатга айлантирган.
Муборак меҳмонни қандай қарши оламиз?
Отам раҳимаҳуллоҳ айтар эдилар: “Муборак ойни кутиб олишнинг энг яхши йўли – у келишидан аввал эътиборинг ва ишларингни унга мослашингдир. Яъни қиладиган ишларингни рамазонда тарк қилишинг ёхуд ундан кейинга суришинг керакки, сен рамазоннинг барчасини ибодат ила ўтказишга эриш”.
Ким ишхонасидан рамазон учун йиллик таътилни олишга имкон қилса, таътил сўрасин, агар бунга қодир бўлмаса, ҳар бир лаҳзаси ва вақтларини биринчи қисм бўлмиш ибодатга хослаш учун тартибга солсин, режалаштириб қўйсин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир соатлари, ҳаётлари ибодат, тақво, нафсни тарбиялаш, даъват, ҳамда Аллоҳнинг динини тарқатиш йўлида курашлар билан ўтган бўлсада, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни ибодатга ажраб чиқишга буюрган!
Бу ойда инсонни турли-туман дунёвий ишлари, халқнинг хизмати сабабидан ибодатдан чалғитувчи шайтонга бирор йўл қолдирилмаган. Кимнинг ҳаёти Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, ибодатларига ўхшайди?!
Биз айтган мақсадларни рўёбга чиқариш учун рамазон ойида қуйидаги ишларни амалга оширишимиз лозим:
Намозларни кўпайтириш. У мўминнинг меърожи ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари қувончи бўлиб, инсонни айниқса сажда ҳолида Аллоҳга яқин қилади. Қирқ кун таровеҳ намозларида мўмин бахтиёр бўлади.
Қуръон тиловати кўп қилиш. Намоз ва рўза билан бир қаторда қандай қилиб Қуръони карим тура олмасин? Ахир у рамазон ойи билан боғлиқ-ку. Шу ойда нозил бўлган. Жаброил алайҳиссалом рамазон ойида Пайғамбаримизга Қуръонни талқин қилган, ундан таълим берган. Бошқа ойларга қараганда салафи солиҳларимиз унинг тиловатини кўп қилганлар. Ривоят қилинишича Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бу ойда ҳар куни икки маротаба – кечаси ва кундузи хатм қилар, бундан ташқари таровеҳда ҳам бир хатм қилар эдилар. Натижада бир ойда 61 та хатм бўлар эди.
Нафл намозларини ўқиш. Одатда ўқиёлмайдиган нафл намозларимиз учун рамазон ойи осон йўлдир. Масалан, саҳарликка эрта уйғонсак, таҳажжуд, бундан ташқари кундузи зуҳо, шомдан кейин аввобин намозларини адо қилишимиз мумкин бўлади.
Нафл садақалар қилиш. Бу ой саховат, яхшилик, кенгчилик ва мурувват ойидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазонда эсган шамолдан ҳам сахийроқ бўлар эдилар. Сўраганга берар, фақирга ато қилар, уларни ноумид қўймасдилар.
Зикрни кўпайтириш. Бу ойда хоҳ юрган, хоҳ турган, хоҳ ёнбошлаган, хоҳ бирор ишга уннаган, бажараётган бўлсакда, тилимиз Аллоҳга тасбеҳ, таҳлил, “лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”, истиғфор ва салавот ила хўл бўлиши нақадар яхши.
Дуода бўлиш. Рамазон яхшилик ва барака ойидир. Қабул ва ижобат шамоли эсиб туради. Раҳмат ва мағфират булутлари кезиб юради. Ал-Малик Ас-Сомад Зот нидо қилур: “Истиғфор айтгувчи борми, уни мағфират қиламан. Сўровчи борми, сўрагани бераман”. Афсус, Аллоҳга муҳтож банда ғафлатда қолади. Мавлоингиз Аллоҳ таолодан кечаси, кундузи, тонгда, тунда сўранг. Сиздан саховат ва карамини дариғ тутмагай. Гуноҳингизни кечиргай, сўрганингизни бергай. Қандай қилиб Малик Зотнинг нидосига “лаббай” деган бандага сўраганини бермасин, албатта бергай!
Муршидим Шайх Орифий раҳимаҳуллоҳ бунинг маъносини ниҳоятда чуқур англаган инсон эди: Аср намозидан сўнг масжидда қолар, бироз тиловат ва тасбеҳ қилиб, то қуёш ботиб, ифтор маҳали келгунича Аллоҳга дуо қилишдан тўхтамас эди. Келинг, биз ҳам дуо ва сўрашга юзланайлик. Ўзимиз, яқинларимиз, умматимиз ва диёрларимиз учун барчамиз бирга дуо қилайлик!
“Мақолатул Усманий” китобидан
Н.Саидакбарова таржимаси.