Мақолалар

Имомлари етук бўлган минг йиллик масжид

Бухородаги қадимий Масжиди Калон асрлар оша илм-маърифат ўчоқларидан бири бўлган. Бу ерда кўпгина фозиллар илм олиш ва маърифат тарқатиш билан машғул бўлганлар.

Султон Муҳаммад ибн Қаландаршоҳ ўзининг “Рисолайи Султоний” асарида масжид ҳақида шундай нодир маълумотларни ёзиб қолдирган: “Бухородаги Масжиди Калон ҳижрий 94/милодий 713 йилда бино қилинган. Бу йил эса ушбу ўн йилларнинг бириким, Дамашқда Бани Умаййа Жомиъ масжиди ҳам бино бўлди”[1].

Бу масжид жуда кўп олиму фозилларнинг қадамжойи бўлгани учун ва Мовароуннаҳр мусулмонларига улкан хизмати сабабли ўз имомларини машҳур қилган.

Ҳадис илмининг султони Имом Муҳамад ибн Исмоил ал Бухорий (810-870) Бухорога келганларида Масжиди Калон жуда катта масжид бўлган. Бу ерда дарс ўтганларида маълум бир масофада мубаллиғлар, яъни, етказувчилар туриб, имом Бухорий нима десалар, халққа етказиб турганлар. Ҳамма эшитиб, ёдлаб, ёзиб борганлар[2]. Масжиди Калонда Имом Бухорийдан бир вақтнинг ўзида 10 мингга яқин одам дарс олган.

Марказий Осиё халқлари маданиятини Ўрта аср шароитида дунё маданиятининг олдинги қаторига олиб чиққан буюк мутафаккирлардан бири — Абу Али ибн Сино (980- 1037) бўлиб, у Оврўпода Авиценна номи билан машҳурдир. 17 ёшидаёқ олим сифатида шаклланди, катта нуфузли шифокор бўлиб етишди. Бухоронинг амири бемор бўлганлиги туфайли Ибн Синони саройга таклиф қилишди ва бу ерда бемор ётган сомонийларнинг амири Нух ибн Мансурни (976-997) даволади. Бунинг эвазига Ибн Синога сомонийлар саройига жойлашган кутубхонадан фойдаланишга рухсат берилди. Тиббиёт масаласида бирор бир мушкулликнинг ечими топилмаса, Ибн Сино аркнинг олдидаги Масжиди Калонга ўтиб икки ракаатдан намоз ўқирди. Сўнг ё тушида, ёки ўнгида мушкулликнинг ечими топиларди. Буни Ибн Сино “Қонуни тиб” китобининг муқаддимасида келтирган.

Машҳур қомусий асар “Ал-Ансоб” (Насабнома) китоби муаллифи Абдулкарим ас-Самъоний (1113–1167) Масжиди Калонда дарс берган. Шу масжидда имом-хатиб сифатида фаолият олиб борган олимлар, улуғ зотлар тўғрисида қимматли маълумотлар қолдирган. Жумладан, пайкент (ҳозирги Қоракўл)лик кўпгина уламолар шу ерда дарс берганлар.

Абу Аҳмад ибн Юсуф Пайкандий, Абу Закариё Яҳё ибн Жаъфар Пайкандий ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Салом Пайкандий (ҳ.225/ м.841) ҳадис илмининг ишончли муҳаддисларидан бўлиб, булар Имом ал-Бухорийга шу Масжиди  Калонда таълим берган муҳаддис устозлардан.

Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Фазл ал-Хайрохарий (9 аср) (Бухородан беш фарсах узоқликдаги Занданига яқин қишлоқ. (Пешку туманида.) шу қишлоқдан бўлиб, бу нисбат билан машҳурдирлар. Бу киши Бухорода муфти (фатво берувчи) бўлганлар. Бухородаги Масжиди Калон жоме масжидида имом-хатиб бўлганлар[3].

Абул Фазл Аҳмад ибн Али ас-Сулаймоний Пайкандий кўп ҳадисларни ёддан билувчи эдилар. Ўз замонларида у киши ҳадисларнинг асоси (далили)ни келтиришда, ҳадисларни ёддан билишда ва айтган ҳадислари тўғрилигини исботлашда тенги йўқ эдилар.  Илм талабида Ироқ, Шом ва Мисрда бўлиб, тўрт юздан ортиқ кичик ҳажмли китоб ёзганлар. Ҳар ҳафта бир китоб битиб, жума куни Бухородаги Масжиди Калон жоме масжидига олиб келиб, у ерда ҳозир бўлган кишиларга ўқиб берганлар. Ҳижрий 412 (милодий 1022) йилда вафот этганлар[4].

Абул Ҳасан Али ибн Ҳасан ал-Қуҳандузий ҳам Бухоронинг “Қуҳандуз”идан бўлиб, Масжиди Калонда муаззин  эдилар. Абу Закариё Яҳё ибн Исмоил, Абу Зайд Имрон ибн Фарином, Саҳл ибн Мутаваккил ва Қайс ибн Унайфдан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 346 (милодий 958) йилнинг жумодул аввал ойида вафот этганлар.

Абу Амр Муҳаммад ибн Ҳомид ал-Қуҳандузий “Муаззин ал-абяз” (Оппоқ муаззин) номи билан танилган эдилар. Бу киши Бухоро аҳлидан бўлиб, Масжиди Калонда азон айтувчи эдилар. Абу Бакр ал-Мункадирий ва Абу Амр Саид ибн Муҳаммад ал-Аҳнафдан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 369 (милодий 980) йилда вафот этганлар[5].

Абу Иброҳим Исҳоқ ибн Муҳаммад ал-Жубуний Бухоронинг машҳур олимларидан бўлиб, “Ал-Жубуний” номи билан танилган эдилар. Пишлоқ тайёрлаб сотганлари учун “Жубуний” (Пишлоқчи) тахаллусини олганлар. Бухородаги “Масжиди Калон” жоме масжидида имом-хатиб ва Ҳанафий мазҳаби фақиҳларидан эдилар[6].

Абул Фазл Аҳмад ибн Али ас-Сулаймоний Пайкандий кўп ҳадисларни ёддан билувчи эдилар. Ўз замонларида у киши ҳадисларнинг асоси (далили)ни келтиришда, ҳадисларни ёддан билишда ва айтган ҳадислари тўғрилигини исботлашда тенги йўқ эдилар.  Илм талабида Ироқ, Шом ва Мисрда бўлиб, тўрт юздан ортиқ кичик ҳажмли китоб ёзганлар. Ҳар ҳафта бир китоб битиб, жума куни Бухородаги Масжиди Калон жоме масжидига олиб келиб, у ерда ҳозир бўлган кишиларга ўқиб берганлар. Ҳижрий 412 (милодий 1022) йилда вафот этганлар[7].

Абу Амр Усмон ибн Иброҳим ал-Бухорий ал-Фазлий Бухородаги Масжиди Калоннинг имоми, солиҳ олим ва чиройли сийратли эдилар. Ҳижрий 426 (милодий 1036) йилнинг рамазон ойида таваллуд топиб, ҳижрий 508 (милодий 1115) йилда Бухорода вафот этганлар.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ар-Риғдамуний фозил кишилардан бўлиб, ёлғиз қолганларида сукунат ва виқорни яхши кўрар эдилар. Дину диёнатни ҳар хил гаплардан, туҳматлардан ҳимоя қилардилар. Бухородаги Масжиди Калон жоме масжидида имом-хатиб эдилар[8].

Абул Маҳомид Ҳаммод ибн Иброҳим ас-Саффор (493-576) (саффор  арабча сўз бўлиб,  мискар, мис буюмлар   ясаш, уларни тузатиш ва сотиш иши билан шуғулланувчи деган маънони англатади.) адабиёт ва усул илмларини яхши билар эдилар. Бухородаги Масжиди Калон жоме масжидида имом эдилар. Жума кунлари кишиларга шу масжидда ўз рисолаларини ўқиб берардилар[9]

  Абу Амр Усмон ибн Иброҳим ал-Бухорий ал-Фазлийнинг амакиларининг неваралари Абу Бакр Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Фазлий Бухородаги Масжиди Калонда имом-хатиб эдилар. Бу кишида пайғамбар алайҳиссаломнинг кавушлари ва  ҳассаларининг ярми бор эди. Уларни ҳар бир келган киши зиёрат қилар эди. Ҳижрий 549 (милодий 1155) йилда вафот этганлар[10].  

“Туҳфат уз зоирийн” китобида қуйидаги ибратли воқеа нақл этилган. 1220 йил Чингизхон галалари Бухоройи шарифни забт этди. Чингизхон Масжиди Калонга кирган вақтида Имом Нуриддин Сайрофий ҳазратлари меҳроб ёнида ибодат билан машғул эдилар ва ўша ерда у зотни Чингизхон шаҳид қилди. Ҳазрати Мавлоно Нуриддин Сайрофий Шамсул аимма Кардарийнинг шогирдлари эдилар. Бу зоти шариф Масжиди Калоннинг имом бўлганлар[11].

1807 йили Бухорода Халифа Ниёзқули (1821 й.да вафот этган) томонидан ўзгача усулда мадраса қурилди. У мадраса шаҳарнинг Дарвозаи Мозор яқинида жойлашган бўлиб, “Чор минор” (тўрт минора) деб аталади. Халифа Ниёзқули ал Либобий (Лабиобий) Туркманистоннинг шарқий томонида жойлашган Либоб (Чоржўй) шаҳридандир[12].

Манбаларда келтирилишча, Амир Ҳайдарнинг отаси Амир Шоҳмуродга Қуръон ва бошқа шариат илмларидан таълим берган. Халифа Ниёзқули ўша пайтда мужаддидия-нақшбандия тариқатининг шайхларидан бўлгани учун Амир Шоҳмурод ва унинг вориси Амир Ҳайдар унинг муриди эди. Амир Шоҳмурод ўзининг устози Халифа Ниёзқулини 1789 йилда Масжиди Калонга имом хатиб вазифасига тайинлади. Шайх Халифа Ниёзқулини “Пири дастгир” ёки “Дарвеши шариф” деб номлашарди. Шайх умрининг охиригача қариб 30 йил Амир Шоҳмурод давридан то Амир Ҳайдарнинг замонигача Масжиди Калонда имом хатиблик хизматини адо этдилар[13].

Амирлик даврдаги Масжиди Калоннинг энг охирги имоми Эшони Ибодуллохондир. У киши  имом хатиблик вазифасини 1930 йилгача адо қилганлар. Манбаларда келтирилишича, Эшони Ибодуллохон 6000 тага яқин муридлари бўлган. Бухородаги “Дарвозаи Қарши” яқинида хонақоҳлари бўлиб, у ерда кунида 500та мурид хизмат қилган[14].

Мустабид совет даврида Масжиди Калон роса 70 йил фаолияти тўхтатилиб, озиқ-овқат омборхонасига айлантирилган. Мамлакатимиз мустақиллиги арафасида Аллоҳнинг инояти билан яна мусулмонлар ихтиёрига берилди.

Мухторжон Абдуллоҳ Бухорий (1928-2002), дин арбоби ва муфтий. 1989 дан 1990 йилгача “Калон” жомеъ масжидида имомлик вазифасини бажарган[15].

Гулов  Жонмуҳаммад Мирович (1963 йили туғилган) 1990–1998 йилларда Бухоро шаҳар “Калон” жоме масжиди  имом хатиби бўлган.

Абдуғафур домла Раззоқ (Раззоқов) Бухорий 1950 йилда Бухорода туғилган. 2003 йили Абдукарим ас-Самъонийнинг машҳур “ал-Ансоб” (“Насабнома”) асаридан VII-XII асрда яшаган мовароуннаҳрлик олимлар ҳақидаги маълумотларни шогирди Комилжон Раҳимов билан араб тилидан ўзбекчага ўгирди.  1999 – 2006 йилларда Бухоро шаҳар “Калон” жоме масжиди  имом хатиби бўлган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч киши қиёмат куни мушк тепаликларида бўлурлар. Уларга аввалгилару ва охиргилар ҳавас қилурлар. Ҳар кеча-кундузи беш вақт намозга азон айтадиган одам. Бир қавмга имом бўлиб, қавми ундан рози бўлган киши ва ҳам Аллоҳнинг, ҳам хожаларининг ҳаққини адо этган қул”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Қиёмат куни мушку анбардан бўлган тепаликка чиқиб туриш, аввалгилару охиргиларнинг ҳавасини келтирадиган даражага эришиш улуғ бахтдир. Аллоҳим, юқорида зикр қилинган барча имом ва муаззинларни ушбу улуғ бахтга муяссар қилсин!

 Жамол Малонов,

 “Масжиди Калон” жоме масжидининг

имом хатиби

 

 

 

 

 

[1] Султон Муҳаммад ибн Қаландаршоҳ. Рисолайи Султоний.// Қўлёзма. Ш. Воҳидовнинг шахсий кутубхонаси. 10а

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Тошкент “Одоблар хазийнаси” “Шарқ” 2008 й.  52 - бет

[3] Абдулкарим ас-Самъоний “Ал-Ансоб” (Насабнома)  “Бухоро” нашриёти 2003 й. 41-бет

[4] Абдулкарим ас-Самъоний “Ал-Ансоб” (Насабнома)  “Бухоро” нашриёти 2003 й. 27-бет

[5] Ўша китоб 84-бет

[6] Ўша китоб 30-бет

[7] Абдулкарим ас-Самъоний “Ал-Ансоб” (Насабнома)  “Бухоро” нашриёти 2003 й. 27-бет

[8] Ўша китоб 46-бет

[9] Ўша китоб 68-бет

[10] Ўша китоб 82-бет

[11] “Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари” Садриддин Салим Бухорий “Наврўз” нашриёти 123-бет Тошкент 2015 й.

[12] Соегов М. Ниязкули ал-Лебаби ат-Туркмени – знаменитый шейх ордена муджеддидийе-накшбендийе // http://www. akademikbakis.org/33/06.pdf.

[13] Анке фон Кюгельген. Рассвет Накшбандийа-Муджададдийа в Средней Трансоксании с XVIII – до начала XIX века: опыт детективного расследования // Суфизм в Центральной Азии: (Зарубежные  исследования): Сб. ст. в память Фритца Майера (1912–1998). -СПб., 2001. –С.311.

[14] “Далёкое и близкое” Л. И. Ремпель “Ғ. Ғулом” 53- бет Ташкент 1981 й.

[15] “Ўзбекситон уламолари” йўлдошхўжаев Ҳайдархон, Қаюмова И. Тошкент “Мовароуннаҳр” нашриёти 2015 й. 84-бет.

Read 805 times

Мақолалар

Top