Мақолалар

Сабр қилувчиларнинг мукофоти беҳисоб

Муборак Рамазон ойининг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод бўлиш кунлари деб аталади. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг раҳматига эришган кишининг гуноҳлари кечирилади, гуноҳдан покланган киши эса, дўзахдан қутулиб, жаннатга дохил бўлади. Қолаверса, Рамазон ойининг яна бир фазилати Аллоҳ таоло бу ойга Қадр кечасини яширган.

Бу муборак кечанинг Қадр деб номланишида икки хил маъно бор:

1) унинг қадри баланд, минг ойдан афзал кеча;

2) бу кечада бандаларнинг келаси йил Қадр кечасигача бўлган тақдирлари битилади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «АлбаттаБиз уни (Қуръонни) муборак кечада нозил қилдикДарҳақиқат, Биз огоҳлантирувчидирмиз. У (муборак кечада) барча ҳикматли ишлар ажрим қилинур» (Духон сураси, 3–4-оятлар).

Шу боис бу кечада ибодат ва дуо билан машғул бўлиш алоҳида фазилатга эга. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким Қадр кечасини чин ихлос ва иймон билан Аллоҳ учун бедор бўлибибодат қилсаунинг қилган аввалги барча гуноҳлари кечирилади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).

Рамазони шариф Аллоҳ таолонинг раҳмати ва баракоти нозил бўладиган ҳамда мўминлар бир-бирларига хайру эҳсон, меҳр-мурувват кўрсатадиган ойдир.

«Набий алайҳиссалом: “Бу хайр-эҳсон улашиладиган ойдир. Рамазон ойида мўминларнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки бу (Рамазон) ойда – рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан камайтирилмаган ҳолда савоб берилади”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку?” дейишди. У зот уларнинг ўксик кўнгилларини кўтариб: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ё бир дона хурмо, ҳеч бўлмаса, бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам ато этади. Ким рўзадорнинг қорнини тўйдирса, Аллоҳ таоло унга Кавсар ҳовузидан бир қултум сув ичирадики, у то жаннатга киргунча чанқоқ нималигини билмайди…” дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон ойида бирор нафл амални бажарса, фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Ким бу ойда бир фарз амални бажарса, етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади”, деганлар.

Шунга кўра, мўмин-мусулмонлар бу ойда кўпроқ ибодат, эзгу амалларни қилишга ошиқишлари лозим. Закот ва нафл садақаларни ҳам Рамазон ойида адо этиш жуда фазилатлидир. Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ: “Намоз сенга жаннатнинг йўлини кўрсатса рўза унинг эшигига олиб боради. Садақа эса, сени ичкарига олиб киради”, деган.

Рамазон рўзасининг аҳамияти яна шундан иборатки, у туфайли биз ўз нафсимизни тарбия қиламиз, уни сабрга ўргатамиз, тоатибодатда чиниқтирамиз. Чунки рўзада учта хусусият бўлиб, ана шу хусусиятлар туфайли рўзадор мустаҳкам сабру қаноатга эга бўлади.

Биринчидан, рўза – ибодат. Тўлиқ бир ой рўза тутиш учун кишига катта сабр-тоқат керак.

Иккинчидан, рўзаси мукаммал бўлиши учун рўзадор ўзини каттаю кичик гуноҳлардан тийиб, нафсига қарши курашиши лозим. Ушбу талабларни мукаммал бажарган кишида гуноҳлардан тийилиш, яхшиликларга интилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, Аллоҳ таолога итоат қилиш кўникмаси ҳосил бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Кимга сабр қилиш неъмати ато қилинган бўлса, у ҳеч қачон савобдан маҳрум қолмайди. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилар”, деб марҳамат қилган», дейди.

Аллоҳ таоло улуғ фазилатларга эга бўлган, раҳмат ва мағфират ойи бўлмиш Рамазон ойини барчамизга муборак қилиб, бу ойда қиладиган ибодатларимизни мукаммал адо этишга муяссар айласин!

 

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари.

 

Read 855 times

Мақолалар

Top