Мақолалар

Унинг рўзасидан фақат оч юргани қолади

(Алданган) агар рўза тутса, бекорчиликка берилади. Аллоҳ омонатга берган аъзоларини гуноҳлардан тиймайди. У ейиш ва ичишдан тийилса-да, мўминларнинг гўштини ейди (ғийбат қилади), тақиқланган, қайтарилган жойларга қарайди. Қайтарилган нарсаларни эшитади.

Бекорчи гапларни гапиради. Рўза инсоннинг озиғи бўлган нарсалардан тийилишдир. Булар: овқат, ичимлик ва аёлларга қўшилиш. Мана шулар одам боласининг энг катта шаҳватларидир.

(Рўзада) бу нарсалардан тийилиш Аллоҳ таолога яқин бўлиш учун буюрилган. Агар шуни қилиб, бошқа аъзоларни эътиборсиз қолдирса, сўнг унга ман қилинган, қораланган бошқа шаҳватларга енгил қараса, ана шу ташқи тийилиш билан ўз кўнглини хотиржам қилган, аммо Аллоҳ таоло ҳамиша ҳаром қилган ботиний шаҳватларни эътиборсиз қолдириб алдангандир.

У очлик, ташналик ва аёлларга қўшилмаслик(нинг ўзи етарли дейиши) билан алдангандир. Бизга Исмоил ибн Надр Муҳаммад ибн Ҳубайш Маккийдан, у Суфёндан, у айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзага буюриб дедилар: “Ҳеч бирингиз мендан изн олмагунча оғзини очмасин!” дедилар ва рўза тутдилар.

Одамлар ҳам тутди. Оғиз очиш вақти келганида эркагу аёллар бир-бир келиб у кишидан оғиз очишга изн ола бошлади. Бир киши келиб: “Мени онам ва холам оғиз очишларига рухсат сўрашга жўнатди”, деди.

У киши: “Улар рўза тутишмади. Уларга бориб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларини етказ”, деди. Унинг онаси ва холаси: “Уларга бориб айт, биз шу вақтгача ҳеч емадик ҳам, ичмадик ҳам”, дейишди.

У келиб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларга айт, иккалови ҳам бармоғини бўғзига тиқсин”, дедилар. Улар шундай қилишди. Шунда ҳар бири зулукдек нарса қусишди.

Киши буларни олиб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келди. У зот: “Уларга бориб айтки, бу уларнинг олдидан ўтган фалончи аёлнинг гўшти, улар уни ғийбат қилиб, гўштини ейишди. Агар бу уларнинг ичида қолганида, дўзахга ҳақли бўлишар эди”, дедилар».

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай деганлари ривоят қилинади: “Шундай рўзадор ҳам бўладики, унинг рўзасидан фақат оч юргани қолади”. Бизга Қутайба ибн Саид ибн Лаҳийъадан, у Аъраждан, у Абу Ҳурайрадан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Агар биронтангиз рўза тутса, ўша куни ножўя гапларни гапирмасин, жоҳиллик қилмасин. Агар ўша куни биров у билан уришса ёки сўкишса, у “Мен рўзадорман”, десин».

Бизга Бишр ибн Одам ибн бинт Азҳар алайҳиссалом – Саммон, Азҳардан, у Аммор ибн Алсам Муҳорибийдан, у онаси Умму Саид бинт Асвад Муҳорибийдан, у онасидан, у Умму Саламадан ривоят қилишича, у жума куни тонгда турибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жумага эрта чиқиб кетибдилар.

Умму Саламанинг олдига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бири келибди. Икковлари ғийбат қилишиб, баъзи аёллар ва эркаклар устидан кулишибди. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан келиб қолибдилар. У кишининг овозларини эшитиб, жим бўлиб қолишибди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб, кийимларининг бир чети билан бурунларини бекитиб: “Қайт қилиб, сув билан тозаланинг”, дебдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган аёл қайт қилса, айниган кўп гўшт тушибди. Гўштнинг кўплигини кўриб, охирги марта қачон еган гўштини ўйлаб, икки ҳафта олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя қилинган гўштдан озроқ еганини эслади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан нима қусганини сўрадилар. У айтди. У зот: “Мана шу сен ва шеригинг қилган ғийбатдир. Бошқа бундай қилманглар”, дедилар. Шериги ҳам ўшандек қусганини айтди.

Ҳаким Термизийнинг “Оқиллар ва алданганлар” китобидан

Аслиддин РАҲМАТУЛЛОҲ таржимаси.

 

Read 1024 times
Tagged under

Мақолалар

Top