Мақолалар

Рўзадорнинг оғзига ёмғир кирса, рўза бузиладими?

Cавол: Рўзадорнинг оғзига ёмғир ёки қор парчаси кирса, рўза бузиладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Рўзадор кишининг оғзига беихтиёр ёмғир томчилари ёки қор парчалари кириб, томоғидан ўтса, рўзаси бузилади ва қазо рўза тутиши вожиб бўлади.

Бу ҳақда Ҳанафий фиқҳий манбаларимизда бундай дейилади: “Рўзадорнинг томоғига кўз ёшлари, тер томчилари, бурнидан оққан қон, ёмғир ёки қор етса, рўзаси бузилади. Чунки гоҳида оғизни очиб, гоҳида юмиб, томоққа юқорида саналган нарсалар кетишидан сақланиш осон. Агар мазкур нарсаларни билиб туриб ютса, каффарот вожиб бўлади” (“Баҳрур роиқ” китоби).

“Ёмғир ва қор (томоқдан ўтса рўзани бузиши) ҳақида уламолар ихтилоф қилишган, тўғрироғи рўзани бузади. Чунки ундан чодир ёки бошқа бошпана ёрдамида сақланиш мумкин” (“Иноя шарҳул ҳидоя” китоби).

“Ёмғир ва қор рўзадорнинг томоғига кирса, рўзасини бузади. Бу саҳиҳ қавлдир. “Зоҳирия” китобида шундай келган” (“Фатовои ҳиндия” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

 

Read 1057 times
Tagged under

Мақолалар

Top