Мақолалар

Таровеҳ намозининг 10 фазилати

Таровеҳ намози – бандани кечани ибодат билан бедор ўтказганнинг савобига ноил этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар киши имом билан то тугатгунча бирга намоз ўқиса, тунни бедор ўтказган деб ҳисобланади”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ривояти).

  1. Тунги намоз – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечасини ибодат билан ўтказганларидан оёқлари шишиб кетарди.
  2. Қиёмул лайл (кечани ибодат билан ўтказиш) – жаннатга киришнинг энг катта сабабларидан бири.
  3. Кечасини ибодат билан ўтказган банданинг жаннатдаги даражаси кўтарилади.
  4. Кечаси ибодат қиладиганлар Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўладилар.
  5. Аллоҳ таоло Ўзининг солиҳ бандалари қаторида тунги намозни ўқийдиганларни алоҳида мадҳ этган: “Улар тунларни Роббиларига сажда қилиб, бедор ўтказадилар” (Фурқон сураси, 64-оят).
  6. Қиёмул лайл – фарз намозларидан кейинги энг афзал намозлардан бири.
  7. Тунги ибодат – бандани Роббига яқин қилади, ёмонликларни даф этади, гуноҳларни кетказади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кечанинг қиёмини лозим тутинг. Чунки у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир, ёмонликларга каффорот ва гуноҳлардан қайтарувчидир.
  8. Қиёмул лайл танадан касалликларни ҳам кетказади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У жисмдан дардни қувгувчидир”, деганлар.
  9. Мўминнинг шарафи – кечаси ибодат қилишдадир.
  10. Кечасини ибодат билан ўтказган банда эга бўладиган ажр-савоб, бахт-саодат ва мукофотлар дунё ва ундаги нарсалардан афзалдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким Рамазон ойида иймон билан савоб умиди (таровеҳ)да қоим бўлса, унинг аввалги гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 Даврон НУРМУҲАММАД

Read 994 times
Tagged under

Мақолалар

Top