Мақолалар

Болага чиройли исм қўйиш

Болалар тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар

Фиқҳ китобларимизда фарзанднинг ота-онадаги ҳаққи зикр қилинган бобларида, албатта, фарзандга чиройли ва маъноли исмлар қўйиш хусусида айтиб ўтилади. Чунки кейинчалик фарзанд ўз исмидан бошқалар ҳузурида уялмаслиги керак. Исм Аллоҳга бандалик, пайғамбарга уммат экани ва мусулмонлар тоифасидан эканига далолат қилиши лозим. Бу борада жаноби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят бўлган қуйидаги ҳадиси шариф мавжуд: «Исм ўзагида «ҳамд» ва «абд» ўзларидан таркиб топган исмлар яхши номлардир».

Болага чиройли исм қўйиш ота-онанинг фарзанд олдидаги масъулиятларидан ҳисобланади. Ислом тарихида бўлиб ўтган ажойиб ҳодисалардан хабардор ҳар бир ота-она қандай шароитда бўлмасин, фарзандига чиройли, маъноси ҳам гўзал исм қўйишга ҳаракат қилади. Зеро, исм ўз эгасининг хулқ-атворига, ҳатто тақдирига ҳам таъсир қилиши айтилган. Қиёмат куни ҳар бир инсон ўз исми билан чақирилади.

Абу Дардодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Қиёмат куни сизлар ўз исмларингиз билан ва оталарингиз исмлари билан чақириласиз. Бинобарин исмларингиз чиройли бўлсин!»

Бола туғилганида кўпинча ота-оналар унга қандай исм қўйишга ўйланиб қолишади. Натижада, кўп бош қотирмай, маъноси ғализ, тумтароқ исмларни қўйиб юборишади. Шу қўйиладиган исм бола билан нафақат фоний дунёда, балки қиёматда, жаннат ё дўзахда ҳам бирга бўлади. Бу мавзуга алоқадор ҳадисларда айтилади: Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Дарҳақиқат, Аллоҳ таолога энг ёқадиган исмларингиз «Абдуллоҳ» ва «Абдурроҳман»дир», дедилар.

Ҳадисда исм қандай бўлиши кераклиги очиқ баён қилинган. Киши ўзининг Аллоҳ таолога суюкли эканини билдирмоқчи бўлса, «Абду…» билан бошланадиган исмларни қўйсин, чунки бундай исмлар Аллоҳ таолонинг қули эканини ҳамиша билдириб туради.

Бошқа бир ҳадисда бундай келган: Абу Ваҳб айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Пайғамбарларнинг исмларини олинглар, Аллоҳ таолога энг ёқадиган исмлар «Абдуллоҳ» ва «Абдурроҳман»дир, энг садоқатлиси «Ҳорис» ва «Ҳаммам»дир, энг ёмони «Ҳарб» (уруш) ва «Мурра» (аччиқ)дир».

Ўғил болаларга пайғамбарларнинг алайҳимуссалом муборак исмларини қўйиш ҳам мақсадга мувофиқ саналади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг исмларидан «Муҳаммад», «Аҳмад» кабиларни қўйиш фазилатлидир, аммо у кишининг кунялари билан «Абул Қосим» деб исм қўйиш жоиз эмас.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) ёмон ва хунук исмларни ўзгартиришга буюрганлар. Масалан, ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг қизлари Осия (гуноҳкор) исмини Жамила (чиройли, гўзал) деб ўзгартирганлар. Ҳадисларда яна у зотнинг «Ҳарб» (уруш), «Мурра» (аччиқ) каби хунук исмларни яхшисига алмаштиришни буюрганлари нақл қилинган.

Фарзандга яхши исм қўйганидан кейин уни чала-ярим қилмай, тўлиқ ва гўзал талаффуз қилиш лозим. Афсус, баъзи оилаларда исмни қисқартириб чақириш одат тусига кирган. Масалан, «Абдуллоҳ»ни (Аллоҳнинг бандаси) «Абди», «Абдул» дейишади, бу иши эгасига ҳам, Парвардигорга ҳам катта ҳурматсизликдир. Чиройли исм қўйиш зарурлигини шундан ҳам тушунса бўлади. Демак, бу ишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Ривоят қилишларича, Ҳавво онамизда бола турмагач, Иблис келиб исмини «Абдулҳорис», яъни «Деҳқоннинг қули» деб қўйишга ундайди. Ҳавво худди шундай қиладилар. Бу оятда бу ишни гўё ширк келтириш дейилмоқда. Бу каби исм қўйиш то Муҳаммад (алайҳиссалом) даврларигача ҳам давом этиб келган. Масалан, Абду Маноф, Абдул-Уззо, Абдуддор ва ҳоказо. Лекин уламолар оятда келтирилган қиссадан Одам ва Ҳаввони ширк келтирганлари чиқмайди. Зеро, бу ибодатдаги иш эмас, деҳқонни улар ҳеч қачон раббимиз деб билмаганлар. Она ва боланинг саломат қолишларига сабаб бўлармикан, деган ният билан мазкур исмни қўйишган, деб тафсир қилганлар.

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

Read 70088 times

Мақолалар

Top