Мақолалар

Таврот, Инжил, Забур ва Қуръондаги сура

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини етаклаб борардим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Уқба, энг яхши икки сурани сенга ўргатиб қўяйми?” дедиларда Қул аъуузу бироббил фалақ” ва “Қул аъуузу бироббин-наас”ни ўргатдилар”.

Яна Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни учратиб қолдим, у зотнинг қўлларини ушлаб: “Ё Аллоҳнинг Расули, мўминнинг нажоти нимада?” дедим”.

У зот алайҳиссалом: “Тилингни тий. Уйингга сиғ. Гуноҳларинг учун йиғла”, дедилар.

Бошқа сафар Набий алайҳиссалом мени учратиб қолдилар ва қўлимни ушлаб: “Эй Уқба ибн Омир! Сенга Таврот, Инжил, Забур ва Қуръондаги учта яхши сурани айтайми?” дедилар.

– Ҳа, айтинг ё Расулуллоҳ. Ота-онам Сизга фидо бўлсин! – дедим.

– У зот менга “Ихлос”, “Фалақ”, “Нос”ни ўқиб бердилар. Кейин: “Эй Уқба, уларни унутма, бирорта тунни бу сураларни ўқимай ўтказма!” дедилар.

– Мен ушбу сураларни асло унутмадим. Уларни ўқимай бирорта тонг оттирмадим.

Бошқа ҳадисда Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳар намоздан кейин “муъаввизатайни” яъни “Фалақ” ва “Наас” сураларини ўқишни буюрдилар”.

Шунинг учун, кечаси ухлашга ётишдан аввал ҳамда ҳар намоздан кейин ушбу сураларни ўқишга одатланиш лозим.

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1283 times
Tagged under

Мақолалар

Top