Мақолалар

Намоз уйқудан афзал!

Мўминлар адо этадиган фарз амаллар ичида энг устуни намоздир. Баъзи инсонлар бошқа амалларни бажариб юрсалар ҳам, улар учун бир кунда беш вақт намоз ўқиш     қийиндек туюлади. Лекин, аслида ундай эмас. Аввало, Аллоҳ таоло бандаларини уларнинг тоқати етадиган нарсага буюрган, ундан ортиғини юкламаган. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас» (Бақара сураси, 286-оят).

Улуғ амал бўлган намоз ўқишни орқага суриш катта гуноҳ. Шуни ёдда тутишимиз лозимки, Қиёмат куни банда биринчи бўлиб намозидан сўралади. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Банданинг қиёмат кунида биринчи ҳисоб-китоб қилинадиган нарсаси намоздир. Агар (намози) дуруст бўлса, бошқа амаллари ҳам дуруст бўлади. Борди-ю, (намози) яроқсиз бўлса, қолган амаллари ҳам яроқсиз бўлади» (Табароний ривояти).

Бу ҳадиси шарифдан намозни шунчаки ўқиб қўйиш тушунилмайди, балки уни тугал барпо қилиш, яъни унинг шартларини, рукнларини, вожибларини ўрнига келтириб, сўнг мустаҳаб амалларни ҳам мукаммал бажариб, тўла-тўкис адо этиш зарур. Шунингдек, таҳоратни чиройли қилиш, рукуъ, сужуд, қиём, қаъдаларни ўрнига қўйиш, намоз вақтларига, жамоат бўлиб намоз ўқишга амал қилиш, хушуъга – яъни намоз пайтида қалб ҳозирлиги ва аъзоларнинг хотиржамлигига эътибор қаратиш лозим бўлади. Чунки хушуъ намознинг руҳи ва мағзидир. Хушуъсиз намоз жонсиз жасаддек гап.

Энди фарз намозлари ичида айнан бомдод намози устида бир оз тўхталиб ўтсак. Чунки тун қисқариб кун узайиб бораётган ҳозирги пайтда бомдод намозига туриш қийинчилик туғдириши табиий. Бироқ, шуни баҳона қилиб бомдод намозига ухлаб қолаверган инсон секин-аста бунга кўникиб қолиши мумкин.

Эй азиз диндошим! Сиз масжидларда ҳозирги кундаги ҳолатни кўриб, бошқа тўрт вақт намоздан кўра бомдод намозига йиғилган жамоатнинг сон жиҳатдан озлигига амин бўласиз. Албатта, бунинг кўп сабаблари бор. Шубҳасиз, бомдод намозига ухлаб қолиш хатарли ишдир. Шунинг учун қуйида биз бу муаммонинг илмий ва амалий томонларини ёритишга ҳаракат қиламиз.

Бомдод намозини жамоат билан ўқишнинг фазилатлари оят ва ҳадислар билан  илмий жиҳатдан асосланган. Зеро, мўмин киши масжид сари босган ҳар бир қадамига ажр-мукофот олади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кишининг жамоат билан ўқиган намози(нинг савоби), хонадони ва дўконида ўқиган намозидан йигирма беш даража ортиқдир. Сабаби, у таҳорат қилади, таҳорат қилганида ҳам чиройли таҳорат қилади. Сўнгра масжидга отланади. У (масжидга) намоз (ўқиш) учунгина чиқади. Унинг босган ҳар бир қадами билан (битта) даражаси кўтарилса, (битта) хатоси ўчирилади. Агар намоз ўқиса ва модомики намозгоҳида турса, фаришталар унга: «Аллоҳим, унинг гуноҳларини мағфират қил ва уни раҳмат қил!» – деб истиғфор айтишади. Бировингиз модомики намозни кутар экан, у, намозда (турган ҳисобланади)!» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Жамоат билан ўқилган намоз учун ёлғиз ўқилган намоздан кўра йигирма етти даража устун савоб ёзилишига Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳам далолат беради: "Набий алайҳиссалом шундай дедилар:  "Жамоат намози якка ҳолда ўқилган намоздан йигирма етти даража афзалдир(Бухорий ва Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда Набий алайҳиссалом: "Ким эрта ва кеч масжидга борса, ҳар бир бориб қайтишига Аллоҳ жаннатда унга зиёфат тайёрлаб қўяди", дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло субҳ вақтини ўзининг Китобида улуғлади ва у билан қасам ичди. Билингки, агар Аллоҳ таоло бир ишда қасам ичса, у иш улуғлигидан ва муҳимлигидан далолатдир. "Фажр" сурасида Аллоҳ таоло: "Қасамёд этаман тонгга (вақти)га", деди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: "Набий алайҳиссалом: "Агар одамлар азон ва аввалги сафнинг фазилатини билганда эди,  уни қўлга киритиш учун қуръа ташлашга мажбур бўлиб қолишса, қуръани ташлаб бўлса ҳам уни олишга ҳаракат  қилишган бўларди", дедилар”   (Бухорий ва Муслим ривояти).

Яна у кишидан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом: "Агар одамлар хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан ўқишнинг савобини билганида эди, унга эмаклаб бўлса ҳам келар эди" , дедилар”  (Бухорий ва Муслим ривояти).

Қуйидаги хушхабарлар намоз учун уйқудан кечган кишиларгадир. Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган ушбу ҳадисда:  "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қоронғуда масжидларга юриб борувчи кишиларга Қиёмат куни мукаммал нур бўлишлигини башорат қилинглар", деганлар. Яна бир хушхабар шуки, бомдод намозининг икки ракат суннати дунё ва ундаги бор нарсадан яхшилиги ҳақида қуйидаги ҳадисда Набий алайҳиссалом: "Бомдод намозининг икки ракат суннати дунё ва ундаги нарсадан яхшидир",  дедилар   (Имом Муслим ривояти).

Яъни, бомдод намозининг суннати дунёдаги хазиналар, моллар, кўнгилочар нарсалардан яхшироқдир, дейилмоқда.

Хуфтон ва бомдодни жамоат билан ўқиганлар учун яна бир хушхабар.  Уларга, гарчи кечаси ўринда ухлаб ётган бўлсалар ҳам, туни билан намоз ўқиш, яъни таҳажжуд намози савоби берилади. Бу сўзимизга Имом Муслим Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу ҳадис далил бўлади: Набий алайҳиссалом: "Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини ибодат билан бедор ўтказгандек бўлади. Кимки бомдод намозини жамоат билан ўқиса, бутун кечани ибодат билан ўтказгандек бўлади", дедилар. Бу ҳадиси шарифда хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқишга алоҳида тарғиб қилинмоқда. Чунки бу икки намоз кишилар дам оладиган, ухлайдиган вақтларга тўғри келади. Ана ўша пайтда ҳавойи нафснинг хоҳишларини енгиб, жамоат билан хуфтон намозини ўқиш кечанинг ярмини ибодатда ўтказиш, бомдод намозини жамоат билан ўқиш эса тунни бутунлай намоз ўқиб ўтказиш савобига тенглаштирилмоқда.

Яна бир хушхабар шундан иборатки, бомдод намозида фаришталар жам бўлади ва уни ўқиганларга дуо қилади. Бу фикрни ушбу оят ҳам тасдиқлайди: "Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни мукаммал адо қилинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (адо қилинг). Зеро, тонгги ўқиш (фаришталар) ҳозир бўладиган (намоз)дир" (Исро сураси, 78-оят).

Шу ерда бир муҳим нарсани эслатиб ўтмоқчимиз. Бизнинг юртимизда аёлларнинг масжидга бориб намоз ўқишлари урф бўлмагани учун улар: "юқоридаги оят-ҳадислардаги хушхабарлар кўпроқ эркакларга тааллуқли экан", деб тушунмасинлар. Аёллар оиладаги вазифа ва юмушлари сабаб барча намозларни жамоат билан ўқимасалар ҳам бироқ, фарз қилинган намозларнинг ҳар бирини ўз вақтида ўқишлари шарт.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом айтдилар: «Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой (рамазон) рўзасини тутса, фаржини (иффатини) сақласа ва эрига итоат қилса, унга: «жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг – киравер», дейилади» (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Хиббон ривояти).

Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг ҳузурингизга кечқурун бир жамоа ва кундузи бир жамоа фаришталар орқама-орқа келиб бомдод ва аср намозларида жам бўлади. Кечқурун турган фаришталар Аллоҳ таоло ҳузурига чиқишганида, Аллоҳ ўзи билган ҳолда: "Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдинглар?" деб сўрайди. Фаришталар: "Уларни тарк қилганимизда ҳам, борганимизда ҳам намоз ўқаётган эди, дейишади", дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Азизлар, диққат қилинг! Демак, фаришталар: «Эй Аллоҳ, фалончини бомдод намозини ўқиётганда топдик, дейишса, уни ўқимасдан ухлаб қолган одам ҳақида: «Фалончини эса ухлаб ётган пайтда топдик»  дейишлари ҳақиқатдан йироқ эмас.

Қуйидаги хушхабар бомдод намозини ўз вақтида адо қилганлар Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимоясида бўлишига далилдир. Имом Муслим Жундуб ибн Суфёндан ривоят қилган ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким бомдод намозини ўқиса, у киши Аллоҳнинг аҳди ва омонатидадир",  дедилар.

Яна бир ажойиб хушхабарда Набий алайҳиссалом: "Ким бомдод ва аср намозини адо этса жаннатга киради", дедилар  (Бухорий ва Муслим ривояти).

Шунингдек, бомдод намозидан сўнг тонг отаётган пайтда ер юзига Аллоҳ таолонинг баракаси ёғилади. Имом Аҳмад Сухрул Ғомидийдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳим! Умматимнинг эрта тонгдаги ишларини баракотли қилгин", деб дуо қилганлари айтилмоқда. Ушбу ҳадисни ривоят қилган саҳоба шу ҳадисга амал қилиб, эрта тонгдан тижорат ишлари билан машғул бўлиб, шунчалик бойиб кетган эканки, ҳатто пулини қўйишга жой топа олмаган экан.

Сўнгги хушхабар Имом Муслимнинг саҳиҳ ҳадисларидан бирида келтирилган  бўлиб, Набий алайҳиссалом: "Қайси бир киши қуёш чиқиши ва қуёш ботишидан олдин (яъни) бомдод ва аср намозини ўқиса, ҳаргиз дўзахга кирмайди", дедилар. Бу амал бир қарашда осон туюлгани билан, лекин уни  мўмин инсон бир умр адо этиб юриши лозим.

Энди бомдод намозига бепарво бўлиб, уни тарк қилиб юрган инсонларга тааллуқли  оят ва ҳадисларга мурожаат қиламиз. Аллоҳ таоло Бақара сурасида: "Сабр ва Намоз ўқиш билан мадад сўранглар. Албатта у (намоз) оғир ишдир, илло қўрқувчиларга (оғир эмасдир)”, деб марҳамат қилади (45-оят).

Набий алайҳиссалом агар бир кишининг иймони юзасидан шак-шубҳага тушиб қолсалар, унинг амаллари орасидан бомдод намозини қидирар эканлар. Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини ўқиб бўлиб: "Фалончи намозга ҳозир бўлдими?" деб сўрабдилар, саҳобалар: "Йўқ", дейишибди, у Зот: "Фалончи-чи?" дебдилар, улар яна: "Йўқ", дейишибди, шунда у Зот: "Мунофиқларга бомдод ва хуфтон намозидан оғирроқ намоз йўқдир, агар улар икковидаги савобни билишганида эди, эмаклаб бўлса ҳам келишар эди",  дебдилар   (Бухорий ва Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: "Биз бир кишини бомдод ва хуфтон намозида йўқотиб қўйсак, у ҳақида ёмон гумонга бориб қолардик", деб айтган эканлар. Яна бир узун ҳадисда келтирилишича, Набий алайҳиссаломга дўзахда азобланаётган киши кўрсатилади. У ўз бошини уриб ёраётган эди. «У қандай киши», деб сўраганларида, Жаброил алайҳиссалом: «У шундоқ кишики, Қуръонни олиб, (яъни) ўқиб уни инкор этган, ташлаб қўйган ва фарз намозларида ухлаб ётган киши» деб айтган (Бухорий ривояти).

Марям сурасининг 59-оятида: "Сўнгра улар (ҳассос зотлар)нинг ортидан намозни зое қилган ва шаҳватларга эргашган кимсалар ўрин олдилар. Энди улар, албатта ёмонликка (яъни ёмон жазога) йўлиқурлар" деб айтилган. Уламолардан бир тоифасининг айтишича, зое қилинган намоздан мурод, уни тарк қилиш эмас, балки уни вақтидан кечиктириб ўқишдир.

Эй, азиз биродар! Раббимиз намозга шошилинглар, нажотга шошилинглар деб турганда сиз қандай ухлайсиз? Худди шунингдек, муаззин субҳда: «Ас-солату хойрум минан-навм» «Намоз уйқудан яхшироқдир», деб нидо қилиб турганда-чи! Демак, ҳар қанча ширин уйқудан ҳам намоз яхшироқ экан, ғафлатда қолмайлик.

Эй, бомдод намозини зое қилган дўстим! Сиз бирор марта бомдод намозини зое қилиб қўйганингизда йиғлаганмисиз ёки надомат чекканмисиз ёки истиғфор айтганмисиз? Сиз бу борада Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ўрнак олинг.  Улар Тустар фатҳида бўлган пайтларини эслаб, доим йиғлар эканлар. Чунки улар форслар билан бўлган жангда бомдод намозидан салгина олдин Тустар шаҳрини фатҳ қилганлар, шу сабабдан ҳаётларида атиги бир маротаба бомдод вақтини ўтказиб юборган эканлар. Бу ҳолат минг узрли бўлгани билан, зое қилган нарсалари, яъни бомдод намози ундан буюкроқ эканини тан олганлар. Умар розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида бомдод намози вақти кирди. Шунда улар: "Ҳа, Исломда кимки намозни тарк қилса, насибаси йўқдир", деб намозни ўқидилар. Ўша пайтда жароҳат етган жойларидан қон оқиб турарди.

Энди, бомдод намозига ўз вақтида туриш учун зарур бўлган баъзи бир амалий воситаларни баён қилиб ўтамиз:

юқорида айтиб ўтилган илмий асосларни ёдга олиб юриш;

кечки уйқудан олдин ниятни қатъий қилиш; 

гуноҳлардан четланиб юриш ҳам бомдод намозига ўз вақтида туришга сабаб бўлади. Бир киши Ҳасан Басрийга: "Эй Абу Сайид, менга нима бўлдики, таҳорат билан ётсам ҳам таҳажжудга (тунги намозга) тура олмаяпман" деганида, у зот: "Гуноҳларинг сени боғлаб қўйибди. Сен кундузингни тўғирласанг тунинг сен учун тўғриланади", деб жавоб берибдилар.

Қаранг, азизлар! саҳоба ва тобеъинларнинг қайғулари таҳажжуд (тунги) намозини ўқиш бўлган, минг афсуслар бўлсинки, бизнинг ташвишимиз эса бомдод намозига туришдир;

ғафлатга олиб борадиган ишлардан йироқ бўлиш, масалан ярим кечагача телевизор кўриш, кераксиз гапларни гаплашиб ўтириш ва ҳоказо.

уйқудан олдин тўйиб овқат емаслик;

таҳоратли бўлиб Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўргатган уйқу олдидаги зикрларни айтиб ётиш;

уйғотгични қўйиб ётиш;

пешин билан аср ўртасида имкон қадар қайлула қилиш, яъни бир оз мизғиб олиш суннатга мувофиқ бўлиб, бу таҳажжуд ва бомдод намозига ўз вақтида туришга сабаб бўлади.

Азизлар! Юқоридаги муҳим ва долзарб эслатмаларга ўз аҳли оилаларимиз билан биргаликда амал қилишимизни Аллоҳ таоло барчамизга насиб айласин!

Дониёр ФАЙЗ

 

 

Read 10398 times

Мақолалар

Top