Мақолалар

Бу дунё йўловчиси

Не раҳравеки, тожи ҳидоят бошидадур,

Йўқ бок анга ҳаводиси афлок тошидин.

Ҳудҳудки, қўйдилар азалий тож бошиға,

Тушгайму жола ёққон ила тож бошидин.        

Рубоий, туюқ, фард ва қитъа каби кичик шеърий намуналар шоирдан  катта маънони юклаш маҳоратини талаб этади. Бор-йўғи тўрт сатрдан иборат мазкур қитъада шундай ҳолни кузатиш мумкин. Биринчи сатрдаги “раҳрав” форсий тилда йўловчи, сайёҳ маъносини беради. Аммо у дунё кезадиган оддий кишидан фарқ қилади. Дунё яралибдики, ер юзида яшаётган одамларнинг ҳар бири унинг йўловчиларидир. Бу йўлнинг боши бешик, охири қабрга бориб тугайди. Аммо бу йўлдаги йўловчиларга тақдир азал икки йўлдан биридан юриш ихтиёрини берди. Бири ҳидоят йўли, яна бири залолат йўлидир. Қитъада тилга олинган йўловчи ҳидоят – тўғри йўлда юриш тожини бошига кийиб олгани боис унга замон ҳодисалари таъсир қилмайди. Яъни у ўз йўлида тинч-хотиржам ҳолда давом этиб, ортиқча безовта бўлмайди. Аллоҳ таоло Ўз даргоҳи илоҳийсидан бадарға қилганида “(Иблис) айтди: «Эй Раббим! Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли, албатта, уларга (Одам болаларига)  ердаги  (барча  гуноҳ  ишларни)  чиройли  кўрсатиб  қўюрман  ва  албатта,  уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман” (Ҳижр сураси, 39-оят). Шайтон қутқу ва васваса солиб ҳидоят йўлидан озганлар залолат йўлини танлаб адашадилар. Чунки шу иккисидан бошқа йўл йўқ.   

Мазкур қитъада “тожи ҳидоят”ни бошига кийган йўловчи ва унинг бу дунё йўлини қандай ўтиши ҳақида сўз бормоқда. У тўғри ва ҳақ йўлни танлаганидан турли синовларга йўлиқади, дунё ва замон ҳодисалари унга зарар етказиш учун бошига тошдек ёғилади, қалбини шубҳа ва ваҳима эгаллайди. Лекин у бу йўлдан оғиб, эгри йўлга ўтмайди. Мумтоз адабиётимизда бундай йўловчини Ҳудҳуд қушга ўхшатилиши бежиз эмас. Илмий ва бадиий манбаларда Ҳудҳуд – қушларнинг муршид-раҳбари бўлиб, уларни кўзланган манзилга тўғри ва ҳақ йўлдан эсон-омон етказиб боради. Тўғрилик ва ростлик тимсолига айланган Ҳудҳуд қушларни манзилга эсон-омон етказиб бориши бадиий адабиётда кўп тасвирланган. Ҳақ йўлдан юриш Ҳудҳудга азалий тож сифатида тақдим этилгани учун у бошқаларни ҳам ҳақ йўлдан юришга ундайди. Аммо бу дунёга келганларнинг ҳаммасини ҳақ ва тўғри йўлни танлайди, машаққатларга сабр-тоқат қилади, деб бўлмайди. Нафс уларга Аллоҳ таоло буюрган йўлдан эмас, балки шайтон даъват этган эгри ва қинғир йўлни танлашни чиройли қилиб кўрсатади. Бу йўлдан бири абадий бахт-саодат ва роҳатга олиб борса, яна бири абадий хорлик ва азоб-уқубатга йўлиқтиради.

“Лисон ут-тайр” достонида баён этилишича, бир гала қушлар Ҳудҳуднинг олдига келиб, ундан ўзларига йўлбошчи бўлишини сўрашади. Ҳудҳуд бунга рози бўлиб,  уларга йўл азоби, қийноғи ва ундан ўтиш осон бўлмаслигини хабар беради. У қушларга айтиб берган йўлдан ўтишда кўплаб тўсиқлар учраши ва унда юриш қийинлигини маълум қилади. Мажозий тасвирлар асосига қурилган йўлда кўп қушлар манзилга ета олмай ора йўлда қолиб ҳалок бўлади. Навоий бобомиз “Хамса” достони муқаддимасида ҳақ йўлни танлаганларни “аҳли қабул”, залолат йўлини танлаганларни “аҳли рад”, деб атайди. Яъни айни ҳақ йўлни танлаб, бошига ҳидоят тожини кийиб йўлга тушганлар синов-имтиҳон, бало ва мусибат келганида довдирамайди, ўзини йўқотиб қўймайди, Ҳақни ёддан қўймайди, йўлда юриш баробарида Ҳаққа илтижо қилади, яхшилик ва неъмат етганида шукр қилиб, Уни улуғлайди. Шунинг учун мазкур қитъа тўғри ва ҳақ йўлни танлаганларни мақталмоқда.

Ота-боболаримиз тўғри йўлдан юр, эгри йўлдан қоч, деб уқтиришида ҳам шу маъно бор. Инсон ақл-фаросатини ишлатиб, тўғри йўлни танлаши, унинг оғирлик ва машаққатидан қочмаслиги керак. Шуни амалда бажара олса, бу дунёда кўзланган манзилга эсон-омон етиб олади. Қуръони каримда ҳам бу икки йўл эгалари таърифи келтириб, бирини ўнг томон эгалари деб аталса, яна бирини чап томон эгалари дейилган: “Сизлар эса уч тоифа бўлурсиз. Бас, (у учтанинг биринчиси) ўнг томон эгаларидир. Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир! (Иккинчи тоифа) чап томон эгаларидир. Чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик) дир! (Учинчи тоифа эзгу ишларда) ўзиб-ўзиб кетган зотлардир.  Айнан ўшалар (Аллоҳга) яқин зотлардир ноз-неъмат боғларида. (Ўзиб кетганлар) аввалги (уммат)лардан кўпчилик, кейингилар (Муҳаммад умматлари) дан эса озчиликдир” (Раъд сураси, 7-14-оятлар). Ҳақ йўлдан юриш машаққатини иймон-эътиқод соҳиби кўтаради. Бироқ дунё яралганидан бери ҳақ йўлни тутганлар, яъни ўнг томон эгалари камроқ, чап томон эгалари кўпроқ. Аммо ҳақ йўлни топа олмаган киши залолат ва ботил йўлдан юришни ўзига маъқул кўради. Навоий бобомиз тўрт сатрда ана шундай улкан ҳақиқатни бизга баён этиб, ҳақ ва тўғри йўлда юриш осон бўлмаслиги, бу йўлда турли синовларга дуч келишини бадиий бўёқлар воситасида чизиб бермоқда.

Бобомурод ЭРАЛИ

Read 5495 times

Мақолалар

Top