Мақолалар

Олим тарбиялаган оналар (1 қисм)

Ҳар қандай инсоннинг ҳаётидаги энг муҳим ва таъсирли одами бу – унинг онаси саналади. Кимда ким ҳаётда қандайдир бирор ютуққа ёки муваффақиятга эришган бўлса унинг ортида она туради.

Машҳур тобеинлар Робиъа ар-Рай Ислом оламининг йирик олимларидан эди. Унинг отаси Фаррух жангчи ва моҳир чавандоз, буюк саҳоба Робиъа ибн Зиёд Ҳорисий розияллоҳу анҳунинг ёрдамчиси эди. Жангларда унга ҳамроҳлик қиларди. Урушлар ниҳоясига етгач Робиъа ибн Зиёд Ҳорисий розияллоҳу анҳу Фаррухни озод қилиб юборади. Фаррух Мадина шаҳрига келиб, оила қуради. Ёш оила тинч ва бахтли ҳаёт кечира бошлайди.

Орада кунлар ўтади. Фаррух яна урушга чақирилади. У кўзи ёриши арафасида турган аёлига бир неча минг дирҳамни қолдириб кетади.

Озгина муддатдан кейин фарзанд дунёга келади. Онаси уни оқ, ювиб, оқ тарайди, ўзи емай, едиради, таълим ва тарбия беради. Фарзанди ҳали ёш бўлишига қарамай уни турли устозларнинг ҳузурига олиб боради. Натижада, фарзанди Қуръони каримни ва бир қанча ҳадисларни тўлиқ ёд олади.

Орадан анча йиллар ўтади. Фарзанд отасини жуда интиқлик билан кутарди. Отаси ҳақида ҳеч қандай хабар йўқ эди. Аммо кунларнинг бирида бир тўда аскарлар жангдан қайтишади, лекин Фаррух уларнинг орасида кўринмасди.

Қаттиқ қайғуга ботган Она фарзандининг илм бўлиши учун яна ҳаракат қилишда давом этади. Она тунлари таҳажжудда фарзандининг ҳаққига дуо қиларди, кундузи эса ўғлини дарсга олиб борарди. Ён-атрофдагилар унга ачиниб, “ўзингга ҳам раҳминг келсин” десалар, у: “устозларимиз сен илмга борингни бермагунингча илм сенга бир бўлагини ҳам бермайди деб айтишарди” дерди.

Соатлар ортидан кунлар, ойлар кетидан йиллар ўтди. Она бутун умрини фарзандининг камоли учун бағшида қилган Робиъа ар-Рай етук олим бўлиб етишди. У Мадина масжидида дарс берарди. Ёшу кекса одамлар унинг атрофини ўраб олиб, айтган ҳар бир сўзини диққат билан тинглашарди.

Ҳа, ким Ислом оламига Робиъа ар-Рай каби машҳур муҳаддис ва фақиҳни етказиб берди? Унинг Онаси... Она турмуш ўртоғи қолдирган дирҳамларни дунёнинг ўткинчи матоҳларига эмас, балки фарзанди олим бўлиши учун сарфлади.

Имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий раҳимаҳуллоҳ отаси вафот этганида ҳали йўргакдаги чақалоқ эди. Ким уни бутун дунёга машҳур Имом Шофеъий бўлиб етишига ҳисса қўшди? Ҳа, унинг Онаси...

Имом Шофеъий онасининг молиявий ҳолати жуда оғир эди. Лекин онаси ниҳоятда оқила ва тақводор эди. Дилбанди илм олиши учун ўз юртини ташлаб Маккага кўчиб ўтади. Фарзандига дастлаб Қуръони каримни, сўнгра ҳадисларни ёдлатди. Кейин чиройли нутқ қилишни ўрганиши учун бадавий арабларга юборди. Улар билан 4 йил бирга бўлди.

Онаси фарзандининг илмли бўлиши учун туну-кун ҳаракат қиларди. Ўғлини Имом Моликнинг ҳузурига олиб борди. Имом Шофеъий Имом Моликдан ҳадислар эшитди, унинг “Муватто” асарини ёдлаб олди.

Онасининг тарбияси сабабли Имом Шофеъий буюк олимлардан бири бўлиб етишди.

Ҳа, азиз опа-сингиллар сизнинг бутун авлодни тарбиялашдаги ўрнингиз ва хизматингиз жуда катта.

Давоми бор....

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1030 times
Tagged under

Мақолалар

Top