Мақолалар

Бошқа дўстлар бир-бирига душмандир

Қалбингизга энг яқин инсон бу – ҳарактерингизни ўзингиз қарор топтирган принципларга мувофиқлаштириш хусусида ўйлайдиган, ғам чекадиган инсондир. Бундай маҳорат жуда кам одамларда мавжуд.

Ўзингизни олам ичра бир оддий шахс деб ҳисоблаб юрган вақтингиз, сиз ким учундир бутун бошли олам бўлишингиз мумкин. Ҳа, ҳаётда бизни ва бизга севикли кишиларни яхши кўрадиган, аммо бу учун биздан ҳеч қандай эваз сўрамайдиган кишиларни учратамиз. Сиз ўзингиз яхши кўрган одамлардан кўра кўпроқ сизни яхши кўрадиган, сиз ҳақингизда қайғурадиган одамларга эътиборингизни қаратинг. Чунки ундай одамларнинг сизга бўлган меҳр-муруввати самимий бўлади! Зотан ҳеч қандай бадалсиз сизга эътибор кўрсатмоқдалар-да!

Сиз яхши кўрган, ўзингизга дўст тутган кишилар сиздан фақат олиш пайида бўлади. Сизни яхши кўрган одамлар эса сизга фақат бериш, қайсидир тарафда бўлса ҳам сизга кўмаклашиш илинжида бўладилар.

Бундай илиқлик қўл бериб кўришиш билангина юзага келиб қолмайди. Холис дуо билан, кутилмаганда хабар ёзиш билан вужудга келади. Гоҳида телефон орқали бир оғиз ширин сўз билан ҳам шундай илиқлик пайдо бўлиши мумкин. Масалан, уни ёдга олганингизни, овозини эшитгингиз келганини унга айтишингиз мумкин.

Гоҳида бир одамни сиз ёқтирмайсиз-да, лекин у шу қадар кўп эътибор бериб, қайғурганидан сизни чарчатиб юборади. Ундай одамни агар ёнингизда кўрмай қолсангиз, қидириб қоласиз.

Сиз учун кўп ишлар қилган одамнинг кўнглини ранжитиб қўйманг. Шундай кўнгиллар борки, уларни қайтиб топа олмайсиз!

Яхши кўришингизни ошкор қилиб қўйинг:

Кимнидир яхши кўрсангиз ёхуд кимнингдир ҳаётингизда сиз учун алоҳида ўрни бўлса, буни унга ошкор қилиб қўйинг. Зеро, бу қалбга етиб борувчи ва маҳв этувчи ўқдир! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Орангиздан кимки биродарини яхши кўрса унинг олдига бориб, Аллоҳ учун яхши кўришини хабарласин”.

Лекин бунинг битта шарти бор. Яхши кўриш Аллоҳ учун бўлиши керак. Мансаб, пул каби дунё матоҳлари учун бўлмаслиги керак! Зеро, Аллоҳдан бошқа нарса учун дўст бўлиш беҳудадир, бундай дўстлик қиёматда душманчиликка айланади!

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ўша кунда тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирларига душмандир” (Зухруф сураси, 67-оят).

Ҳақиқий дўстлик бу мўминлар орасида Аллоҳнинг тоат-ибодатида бўлганлари ҳолда ўсиб борувчи қайноқ меҳр-муҳаббат булоғидир. Яна бир бор таъкидлаб ўтамиз, бундай дўстлик риштаси оятда айтилганидек тақво узра, Аллоҳнинг тоат-ибодати узра бўлмоғи даркор! Бундай дўстлар қозониш жуда зарур! Зотан мўминнинг жаннатдаги саодат сабабларидан бири айнан мўмин биродарлари билан бир-бирига туташ бўлган сўриларда ястаниб ўтиришдир.

Бироқ дўстлик дунё учун бўлса, охири адоват ва душманчилик билан ниҳояланади. Ёмон дўстлар билан дўст тутинишдан огоҳлантиришларни эшитамиз-у, бироқ улар билан тажриба ўлароқ дўстлашиб кўрамиз, натижа эса турли хил хато ва гуноҳларга йўл қўйиш билан тугайди! Шунинг учун ёмон одамлар билан синаб кўриш учун ҳам дўстлашиб ўтирмаслик керак!

Дўстинг кимлигини айт, мен сенга кимлигингни айтиб бераман деган мақол бежизга эмас. Яхши инсонлар билан дўст тутининг, шунда яхши ном билан ёдга олинасиз!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 850 times

Мақолалар

Top