Мақолалар

Олим тарбиялаган оналар (2 қисм)

1 қисм

Муҳтарам, оила бошлиқлари аёлингиз фарзандингизга таълим-тарбия беришларида уларга ёрдамчи бўлинг, уларни қўллаб-қувватланг, керакли шарт-шароитларни яратиб беринг.

Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссаларини эсланг. Иброҳим алайҳиссалом аёллари Ҳожар онамиз ва фарзандлари Исмолил алайҳиссаломни чўлда ташлаб кетаётганларида аёллари: “Буни Аллоҳ сизга буюрдими?” деб сўрайдилар. Иброҳим алайҳиссалом: “Ҳа”, деганларидан кейин Ҳожар онамиз хотиржам бўлдилар. Ҳеч ким йўқ чўлда она-бола ёлғиз қолишди. Исмоил алайҳиссаломнинг тарбияси билан ёлғиз Ҳожар онамиз шуғуллан бошладилар.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида: «Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дерсан?»–деди. У: «Эй отажон, сенга амр этилганни бажар, иншоаллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан», деди(Соффаат сураси, 102-оят).

Қаранг, Ҳожар онамизнинг берган тарбияларини олиб улғайган солиҳ фарзанд отасининг сўровига қандай гўзал тарзда жавоб берди.

Нуҳ ва Лут алайҳимуссаломнинг аёллари эрларига итоатгўй бўлишмаган ва натижада фарзандлари ҳам солиҳ бўлишмаган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ва у (кема) уларни тоғлардек тўлқинда олиб кетаётганида, Нуҳ бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди. У (ўғил): «Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайди», деди. У эса: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. Магар кимни раҳим қилсагина (сақлар)», деди. Шунда ораларини тўлқин тўсди ва у (ўғил) ғарқ бўлганлардан бўлди” (Ҳуд сураси, 42-43-оятлар).

Азиз опа-сингиллар келажакингиз бўлган фарзандингиз тарбиясига асло бефарқ бўлманг! Уларни илмли ва гўзал ахлоқли билан вояга етказинг.

Қуръони каримнинг бир қанча оятлари ва ҳадиси шарифларда ота-онага яхши муносабатда бўлишга, уларга итоат этишга ва ҳаққига дуо қилишга буюрилади.

Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб “Ё Аллоҳнинг Расули! Кимга яхшилик қилай?” деб сўради.

У зот алайҳиссалом: “Онангга”, дедилар.

Ҳалиги киши: “Кимга яхшилик қилай?” деб сўради.

Набий алайҳиссалом: “Онангга”, дедилар.

“Кимга яхшилик қилай?” деб бояги одам яна савол сўради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онангга”, дедилар.

“Кимга яхшилик қилай?” деб тўртинчи бор сўраган эди, “Отангга. Сўнгра яқинларга ва яна яқинларга”, дедилар Набий алайҳиссалом.

Уламолар бу ҳадисдан “Онанинг ҳаққи отаникидан кўра уч баравар кўп” деган хулосани ҳам чиқаришган. Ота-она, албатта, ҳар бир фарзанд учун улуғ зотлар. Лекин онанинг тутган ўрни алоҳида таъкидланади, чунки она фарзандига ҳомиладор бўлганидан бошлаб унинг машаққатини тортади. Тўққиз ой давомида қорнида кўтариб юради. Ҳомиладорликнинг қанчалик қийин кечишини ҳар бир ақли бор одам яхши билади. Фақат фарзанд учун фидокорлиги туфайлигина она ана шу машаққатларни кўтаради. Шунинг учун онанинг фарзанддаги ҳаққи алоҳида улуғ бўлади.

Қолаверса, ҳар бир фарзанднинг туғилиши қанчалик оғир машаққат эканини ҳам ҳамма яхши билади. Туғиш дарди ўлимни бўйинга олиш билан баробар эканини, айниқса аёллар яхши биладилар. Шунинг учун ҳам онанинг фарзанддаги ҳаққи алоҳида улуғ бўлади.

Кейин уни эмизиб, ювиб-тараб, тўғри тарбия бериб катта қилиш қанчалик улкан меҳнат эканини ҳам ҳамма яхши билади. Бу машаққатли меҳнатни ҳам фақат онагина яхшилаб адо эта олади. Шунинг учун онанинг фарзанддаги ҳаққи алоҳида улуғ бўлади. Шунинг учун ҳам уч марта “Онангга яхшилик қил”, деганларидан сўнггина, тўртинчи мартада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўровчига “Отангга”, деб жавоб бердилар.

“Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва: «Роббим, улар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳим қилгин», деб айт” (Исро сураси, 24-оят).

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1022 times
Tagged under

Мақолалар

Top