Мақолалар

Ҳадисда “Ҳар ойда 3 кун рўза тут” дейилган экан. Шу 3 кун ойнинг қайси кунлари?

Cавол: Ҳадисларда ҳар ойда уч кун рўза тутилса, йил бўйи тутган ҳисобланади дейилган. Саволим шуки, шу савобни олиш учун ойнинг қайси кунлари рўза тутиш керак?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Албатта, киши ҳар ойда уч кун рўза тутиб юрса йил бўйи рўза тутгандек бўлиши ҳадисларда айтилган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга менинг “Аллоҳга қасамки, ҳаёт эканман, кундузи рўза тутаман, тунни ибодат билан ўтказаман”, деяётганим хабари етказилди. Мен у зот алайҳиссаломга дедим: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, ҳақиқатдан ҳам шундай дедим”. У зот: “Сиз буни қила олмайсиз. Шу боис, рўза ҳам тутинг ва оғзи очиқ ҳолатда ҳам юринг. Бедор ҳам бўлинг, ухланг ҳам. Ойда уч кун рўза тутинг. Зеро, яхшилик эвазига унинг ўн баробари бордир. Мана шу йил-ўн икки ой рўза тутган кабидир”, дедилар. Мен: “Бундан ортиғига ҳам тоқатим етади”, дедим. У зот: “Унда бир кун рўза тутинг, икки кун оғзи очиқ юринг”, дедилар. Мен: “Бундан ортиғига ҳам тоқатим етади”, дедим. У зот: “Унда бир кун рўза тутинг, бир кун оғзи очиқ юринг. Бу Довуд алайҳиссаломнинг рўзасидир ва бу энг афзал рўзадир”, дедилар. Мен: “Бундан ортиғига ҳам тоқатим етади”, дедим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бундан афзали йўқ”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳадисларда келган уч кун рўза тутиш ойнинг қайси кунларига тўғри келиши борасида бир қанча ҳадислар келган. Жумладан, Муоза розияллоҳу анҳо айтадилар: “Оиша розияллоҳу анҳога: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар ойдан уч кун рўза тутармидилар?”, дедим. У зот: “Ҳа”, дедилар. Мен: “Ойнинг қайси кунлари рўза тутар эдилар?”, дедим. У зот: “Қайси кун бўлишига эътибор бермасдан рўза тутар эдилар”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Имом Термизий ва Насоий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом у кишига “Агар бирор ойда рўза тутсангиз, ойнинг ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунлари рўза тутинг”, деганлар.

Шундай экан киши ҳар ойда уч кун рўза тутмоқчи бўлса ихтиёр ўзида бўлиб, ойнинг қайси кунлари тутса ҳам ҳадисда айтилинганидек йил давомида рўза тутгандек бўлади.

Шунингдек, Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда баён қилинганидек қамарий ойнинг ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунлари рўза тутса, янада афзал ҳисобланади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Read 805 times
Tagged under

Мақолалар

Top