Мақолалар

Устозсиз илм ўрганиб, олим бўлганлар борми?

“Сунани Термизий”нинг иккинчи бобида таҳоратнинг фазли ҳақида келган ҳадислар ўрганилади. Бунинг замирида эса илм ётипти. Шунинг учун ҳам мазкур мақола орқали илм олинадиган манбалар ҳақида тўхталиб ўтишни мақсад қилдик. Боиси айни давр илм тараққий этган, таълим олиш воситалари ривожланган, китоблар «деҳқончилик» даражасига етиб борган аср эканига барчамиз бирдек гувоҳ бўлиб турибмиз. Шуларни инобатга олиб, сиз ўқувчига бир савол билан юзлансам: «Илм олиш асли шуми ёки йўқ?» Бу саволга жавоб ўлароқ камина устозларимдан эшитган ҳамда китобларда ўқиган энг гўзал ҳолатлардан бирини эътиборингизга тақдим қила қолай.

Андалус ҳофизи Ғорнаталик [1] Абу Исҳоқ Шотибий роҳимаҳуллоҳнинг «الموافقات»  номли китоби бор. Бу китоб орқали мусанниф шариатнинг асл мақсадлари ва шаръий ҳукмларнинг ҳикматларини батафсил баён қилган. Шу китобдан камина ходимингиз кўзи тушган ўринларни сўзма-сўз эмас, хотирамдан маъносини сиз билан бўлишиш ниятидаман. Имом Шотибий устозсиз илм олишни воқеликда бўлмаган сафсата, дея баҳолайди. Эътибор билан қараб, ақл мезони орқали тортилса, ҳозирги кунда турли воситаларнинг бирига таяниб мустақил ҳолда илм олиш мумкиндай кўринади, гўё. Лекин: «мустақил ҳолда илм ўрганиб илмда ишончли олим бўлиб етишганлар воқеликда бўлганми?», деган савол ўртага ташланса, имом Шотибий на салафи солиҳлар ва на кейинги авлод вакиллари орасида бундай киши бўлмаганига тарих гувоҳлик беришини айтмоқда. Айниқса, шаръий илмлар бобида бундай ҳолатни тасаввурга ҳам сиғдириб бўлмайди. Яшаб ўтган ва ҳамзамон олимларнинг ҳаёт тарзи, илмий йўлини ўрганиб чиқсангиз ҳам барчалари муаллим воситасида олим бўлиб етишганини кўришингиз аниқ.

Имом Шотибий салафи солиҳларнинг даврларига эътибор қаратаркан, у пайтлари илм устозларнинг қалбларида бўлгани ва китобларга кўчирилмаганини  таъкидлайди. Бир ҳадис эшитиш учун Ҳижозга сафар қилишингиз керак, ундан кейин яна бошқа устоздан илм олиш илинжида Ироққа сафар қиласиз. Илм шайхларнинг қалбларида бўлган, ҳозиргидай ОАВ, ижтимоий тармоқларда кўрсатилиб, маълумотлар тарқамаган. Бирор маълумот керак бўлса, «google»га ёзиб, бир зумда топиб бўлмасди ҳам. У даврлардаги илмий ҳолатларнинг бари Аллоҳнинг улкан фазли бўлган. Шайхлар ҳам, талабалар ҳам илм сафарлари давомида, устоз-шогирдлик муносабатлари орқали одобнинг юксак намунасини кўрсатиб бера олганлар. Бу борадаги энг олий мартаба соҳиблари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва У зотнинг саҳобалари эди, тушундингизми?! Бу гўзал ҳолат кўз олдингизда гавдаланиши учун Жибрил ҳадиси дея танилган ҳадисни ёдингизга олишингиз кифоя. Унда инсон суратида келган Жаброил алайҳиссалом талаба ўлароқ шайхи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида қандай одоб билан ўтирганлари гўзал намунадир.

Вақт ўтиб илмий тараққиёт юқорилади, бунинг натижасида, ҳадис илмини оладиган бўлсак, китоблар ёзила бошлади. Имом Ибн Шиҳоб Зуҳрийнинг ўша илм аҳлига маълум бўлган китоби, Суфённинг таълифи, Ҳаммод роҳимаҳуллоҳ тарафидан ёзилган китоб, имом Аҳмад, Исҳоқ ибн Роҳувяҳ каби муҳаддисларнинг китоблари ва ундан кейин усули ситта бўладими бари бирин-кетин ёзилди, китоблар сони ошди. Оммавий тарзда ислом диёрларининг барча бурчакларида фанларга оид китоблар битила бошлади ва бу жараён борган сари жадаллашди. Бунинг ҳосиласи ўлароқ баъзиларда илмни китобдан олиш кузатилган бўлса бордир. Лекин нима бўлганда ҳам бу тўғри эмас.

Муҳтарам ўқувчи, киши толиби илм сифатида бир қоидани доимо ёдида сақлаши лозим: “Китобларнинг сир-синоатини очадиган, мағзини чақиб берадиган кишилар муаллимлардир”.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, китобларнинг сони, салмоғи қанчалар ортмасин салафи солиҳлар ҳеч қачон илмни тўғридан-тўғри китоблардан олишмаган. Илм ҳосил қилиш бобида муаллимларига таянишган. Бу ўринда ҳам сизнинг хаёлингизга ҳақли бир савол келиши мумкин. У ҳам бўлса: «Илм таҳсили устозлар воситасида амалга ошиши керак экан, унда муаллимларга қандай шартлар қўйилади?». Бунга жавоб бериб имом Шотибий роҳимаҳуллоҳ: «муаллимга қўйиладиган асосий шарт – илмига амал қилиш ҳисобланади», деган. Бундан чиқди, муаллим беамал бўлса, ундан илм олиш ярамайди. Имом Нававий «Риёзус солиҳийн» ва Ҳужжатул ислом, имом Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Иҳё» китобининг муқаддимасида ғийбат жоиз бўлган ўринларни санаб шундай дейди: «Инсонни адашиш йўлдан, хатодан огоҳлантириш мақсадида бўлса, ғийбат шаръан мубоҳ бўлади». Бу ўринда ушбу иборани келтирганимизнинг ҳикмати шундаки,  мисол учун бир талаба муаллимда илм олиб бошлаган, унинг олдига боряпти. Сиз эса учинчи томонсиз. Унинг устози фосиқлиги, беамал ёки бидъатчи елканлигини биласиз, шу ўринда талабани бу кишидан огоҳлантириб қўйсангиз бўлади.  Ташқаридан қараганда сиз ғийбат қиляпсиз, лекин бу ҳолатда тутган йўлингиз шариат тарғиб қилган амал. Демак, муаллимнинг илмига амал қилиши шу даражада муҳим.

Муаллимда топилиш керак бўлган иккинчи шарт – устоз ва шайхларининг йўлини лозим тутган ҳамда уларнинг одобларини ўзлаштирган бўлсин. Бу шартнинг топилишида биз учун пешқадам кишилар Саҳоба розияллоҳу анҳумлардир. Улар устозлари, умматнинг муаллими Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг этакларидан шу қадар тутишдики, гап, юриш-туриш, ҳар бир ҳаракатида у зотга эргашиш ҳаракатида бўлдилар. Бунинг ҳосили ўлароқ барчалари умматнинг имоми бўлдилар. Йўлчи юлдузга айландилар. Ҳадис илми эътиборидан қаралса, барчалари адолатли зотлар ҳисобланишади. Саҳобалар ҳақида оғиз жуфтлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу зотлар ушбу мартабага устозларининг этагидан тутиш, йўлидан бориш орқали етдилар. Ҳатто, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оғизларидан чиққан савол, маълумот уларга таниш бўлса ҳам жим турадиган бўлишган. Бир сўз билан айтганда, Аллоҳ ва Росулига таслим бўлдилар. Улардан тобеъинлар таълим олишди. Ундан кейин табаъ тобеинлар. Шунинг учун бу уч давр ўзгача, муборак. Абу Бакрнинг шахсиятини қаранг, Умар розияллоҳу анҳу! Ҳар бирлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нури! У зотнинг гулханидан машъала туташтирган зотлар саҳобаларнинг бари. Салафи солиҳларнинг мисоли бунга ўрнак.

Муҳтарам ўқувчи?! Хулосани айтинг, китоблардан илм олиш мутлақо мумкин эмасми? деган савол ичингизни ёндириб тургандир. Бир сўз билан айтганда илмни китоблардан олса бўлади. Имом Шотибий бунинг ҳам иккита шарти бор эканини айтади:

Биринчиси, китоблардан мустақил ҳолда илм оладиган даражага етгунга қадар илмни шайхлардан ўзлаштириш. Демак, иш барибир устозга бориб тақалади. Илмда бир даражага етганингиздан кейин мустақил ҳолда китобларга мурожаат қилишингиз ва кейинги фаолиятингиз шу тариқа давом этиши, табиий жараён. Чунки ҳамма китобларни устоздан ўтказиб олишга имконингиз етмайди. Бошқа тарафдан вақт ҳам чекланган.  Бунинг мисоли ўлароқ салафи солиҳларнинг ҳаёти биз учун намуна. Камолга етиш учун китобларни ўзингиз ўқишингиз керак, лекин ундан олдин устоз тутишингиз ва маълум даражагача у кишининг қўлида илм ҳосил қилишингиз талаб этилар экан. Акс ҳолда суҳуфий бўлиб қоласиз. Ўзбилармонликнинг эса жуда катта хатарлари бор. Демак, биринчи шарт бўйича хулоса, аввалги қадамларни устознинг ҳузурида босасиз ва оёққа туриб олгунча устознинг этагидан тутасиз. Кейин пухта бўлиб етишгач, устознинг рухсати билан китобларни мустақил ўқий бошлайсиз ва муаммоли, сизга нотаниш масалалар бўйича шайхингизга мурожаат қилиб турасиз.

Иккинчи шарт, илм олишда мутақаддимларнинг китобларига таяниш. Чунки уларнинг хатолари кам, илмда пухталиги анча юқори. Бир илмда пойдевор ҳосил қилгач, мутааххирлар – кейингиларнинг китобларига ҳам мурожаат қилиш мумкин, тайсир, мухтасар ва шарҳ маъносида.

Муҳтарам ўқувчи, юқоридаги маълумотлар имом Шотибийнинг ёзганларидан кўчирма маъно эди. Хулоса қилиш ҳар бир ўқувчининг ўз ихтиёрида қолгани яхши. Ҳар бир киши ўз уфқидан келиб чиқиб хулоса ясайди ва қарор қабул қилади. Аллоҳ улуғларнинг йўлларига мувофиқ тарзда ишончли устозлардан илм олиб, боамал талаба бўлиш бахтини насиб этсин.

Халилуллоҳ Юсуф,

ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси.

 

 

 

 

 

[1] Гранада (араб. Ғарнота) — Испаниянинг жанубидаги шаҳар бўлиб Андалус мухтор вилоятига қарашли. Хенил дарёси соҳилида жойлашган, Гранада провинциясининг маъмурий маркази.

 

Read 922 times

Мақолалар

Top