Мақолалар

Китоб умрни узайтиради...

АҚШнинг Йел университети олимлари мутолаа ва инсон умри узвийлигига оид тадқиқот ўтказишди. 12 йил давом этган илмий изланишда уч минг олти юзга яқин кекса қатнашди.

Аниқланишича, мутолаа билан мунтазам шуғулланадиганлар бошқаларга нисбатан 2 йил кўпроқ умр кўрар экан. Ҳафтасига 3,5 соатини ва ундан кўпроқ вақтини ўқишга сарфлайдиган кексаларда ўлим хавфи бошқаларга нисбатан 20 фоизга кам бўлади.

“Кунига атиги ярим соат мутолаа қилиш умрингиз узоқ бўлишига катта таъсир кўрсатади”, дейди тадқиқот муаллифларидан Бекка Леви.

Қизиқ томони, “китоб терапияси” даромади, касб-кори, оилавий аҳволи, ирқи ва турмуши фаровонлигидан қатъи назар, барчага бирдек фойдалидир.

Мутолаа асабийлашишни камайтирувчи энг фойдали воситадир. У кундалик ташвишларни унутиш имконини беради. Китоб ўқиш инсон миясининг узоқ вақт ёш бўлиб қолишига сабаб бўлади, миядаги асаб тизими алоқаларини кучайтириб, ақлий салоҳиятни орттиради.

Мутолаа қарилик ва паришонхотирликни ортга суради. Бундан ташқари, мутолаа сиқилишни енгишда қўл келади, муомала-муносабат қобилияти ривожланишига, ижодий имкониятлар кенгайишига ижобий таъсир кўрсатади.

Шунингдек:

– уйқусизликдан қутулишга ёрдам беради;

– асабни тинчлантиради;

– дунёқарашни, тинглаш қобилиятини ри­вожлантиради; .

– сўз бойлигини оширади;

– паришонхотирликнинг олдини олади;

– ижодкорликни ривожлантиради;

– хотира ва фикрлашни яхшилайди;

– ҳаётдаги мақсадни англашга ва қийинчи­ликларни енгишга ёрдам беради;

– кўп китоб ўқийдиган болалар дарсларни ях­ши ўзлаштиради;

– ота-оналарнинг фарзандлари билан биргаликда китоб ўқишлари ўзаро муносабатларни яхшилайди;

– бундай инсонлар ҳаётда фаол бўлади;

– чет тилини ўрганишни осонлаштиради. 



"Ҳидоят" журналининг 2024 йил 2-сонидан олинди

 
Read 947 times

Мақолалар

Top