(Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ ҳазратларининг “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни”га бағишлаб ўтказилган “Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзуидаги илмий-амалий анжуманда сўзлаган нутқи)
بسم الله الرحمن الرحيم
الحمد لله الذي هدانا لهذا و ما كنا لنهتدي لو لا أن هدانا الله
و الصلاة و السلام على رسوله الأمين و على آله و أصحابه الأجمعين أما بعد...
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу,
Ҳурматли меҳмонлар ва анжуман иштирокчилари!
Сиз азизларни мана шундай муҳташам даргоҳда сиҳат-саломатликда кўриб турганимдан бениҳоя мамнунман. Халқаро бағрикенглик куни билан барчангизни табриклайман ва бу кунга бағишланган ушбу анжуманнинг ишига муваффақиятлар тилайман.
Халқимиз азалдан бағрикенг ва меҳмондўст бўлиб келган. Кексаларимиз дуога қўл очганда: “Парвардигоро, бизга кенг феъл, кетмас давлат бергин”, деган иборани доимо такрорлашади. Улуғларимиз дуосидаги “кенгфеъллик” сўзи айни бағрикенглик маъносини билдиради. Қадимдан Ўзбекистон заминида яшаган миллатлар бир-бирига елкадош бўлиб, оғирини енгил қилишган. Шунинг учун хурсандчиликда ҳам, тўй-у маъракада кўп миллатли халқимиз бир-бирлари билан ҳамкору ҳамжиҳат бўлиб яшашган. Бугун ҳам ушбу анъаналаримиз давом этиб келмоқда.
Мамлакатимизда бағрикенглик маданиятини юксалтириш, миллатлар ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида бир талай ишлар қилинди ва бу ўзининг жуда ҳам катта ижобий натижасини бермоқда.
Бугунги кунда юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув, дўст-иноқ бўлиб, иттифоқчиликда яшамоқда. Уларнинг ўз анъана ва урф-одатларини адо этиш, миллий ва диний байрамларини нишонлаши учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Бу борада мамлакатимиз ўзига хос бой тажриба орттирганини таъкидлаш керак. Буни бутунжаҳон ҳам эътироф этмоқда.
Масалан, яқинда диний идорамизга ташриф буюрган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид: “Ўзбекистондаги миллат ва элатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик дунёнинг ҳеч бир давлатида кузатилмайди”, дея юртимиздаги тинчликни таъминлашдаги ишларни эътироф этди.
Бундай аҳилликнинг асосий сабаби мамлакатимизда турли дин вакиллари ягона мақсад – Ватанимиз Ўзбекистоннинг янада ободлиги йўлида бирлашиб ҳаракат қилишларидир. Бу борада турли тадбирлар, анжуманлар ўтказилиб, муштарак вазифалар адо этиб борилади. Бир-бирларимизни диний байрамларимиз билан қутлаймиз. Бу, шубҳасиз, мамлакатимизда қарор топган тинчлик-осойишталик муҳитида ўз ифодасини топмоқда.
Ҳурматли анжуман қатнашчилари,
Маълумки, динлараро бағрикенглик тушунчаси хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда, эзгу ниятлар йўлида ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Дунёдаги динларнинг барчаси тинчлик, яхшилик ва дўстлик каби бир қанча эзгу фазилатларга даъват этади.
Ислом ўз тарихи мобайнида, собиқ, ўтган динларга ҳеч қандай тазйиқ қилмади. Турфа-туман мазҳаб ва мафкураларга қарши мутаассиблик йўлини тутмади. Балки унинг шиори шундай бўлди: «Бас (эй Муҳаммад), Менинг бандаларимга – сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига эргашадиган зотларга хушхабар беринг!» (Зумар сураси, 17-18-оятлар). Диний бағрикенглик борасида Ислом цивилизацияси қуйидаги асосларни эълон этди:
- Албатта, барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади: «(Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга юборган нарсани ва Биз сизга (яъни, Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани шариат – (қонун) қилди, – «Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!» (Шўро сураси, 13-оят).
- Албатта, Пайғамбарлар биродардирлар. Рисолатда уларнинг ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ. Уларнинг ҳаммасига мусулмонлар имон келтиришлари лозим: «Айтингиз (эй мўминлар), Аллоҳга ва бизга нозил қилинган китобга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва ўша уруғ-авлодга нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Исога берилган нарсаларга ва барча Пайғамбарларга Парвардигор тарафидан берилган нарсаларга ишондик. Биз улардан бирортасини ажратиб қўймаймиз ва биз у Зотга бўйинсунувчилармиз» (Бақара сураси, 136-оят).
- Албатта, эътиқодга мажбурлаш мумкин эмас, балки у қаноат ва розилик билан қабул этилиши лозим: «Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир» (Бақара сураси, 256-оят). «Ахир сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз?» (Юнус сураси, 99-оят).
- Илоҳий диёнатларнинг ибодат маконлари муҳтарам жойлардир, мусулмонларнинг масжидлари каби уларни ҳам ҳимоя ва мудофаа қилиш лозим: «Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даъф қилиб турмас экан, шубҳасиз, Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди» (Ҳаж сураси, 40-оят).
- Албатта, одамларнинг динларидаги ихтилофлари бир-бирларини ўлдиришларига ёки бир-бирларига адоват қилишларига сабаб бўлмаслиги керак. Балки эзгу ишларни қилишда, ёвузликка қарши курашда ўзаро ҳамкор бўлишлари лозим: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида сураси, 2-оят). Улар ўзаро ихтилоф қилаётган нарсаларига ҳукм этишга келсак, буни қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ўзи ҳал қилади: «Яҳудийлар: «Насронийлар ҳақ эмаслар», дейишди. Насронийлар: «Яҳудийлар ҳақ эмаслар», дейишди. Ҳолбуки, улар (яъни, яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам) китоб (яъни, Таврот, Инжил) тиловат қиладилар, шунингдек, билмайдиган кимсалар уларнинг гапига ўхшаш гап айтдилар (яъни, Маккадаги мушриклар: «Муҳаммад ҳақ эмас», дейишди). Бас, уларнинг ўзаро ихтилоф қилиб ўтган нарсалари ҳақида Аллоҳ қиёмат кунида ҳукм қилади» (Бақара сураси, 113-оят).
- Ҳаётда ва Аллоҳнинг ҳузурида одамларнинг афзаллиги ўзига ва одамларга қилган яхшилик ва эзгулиги миқдорида бўлади. «Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот сураси, 13-оят).
«Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир» (Баззор ривояти).
- Албатта, динлардаги ихтилоф яхшилик, силаи-раҳм ва меҳмондорчиликдан тўса олмайди: «Бугун сизлар учун барча покиза нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилган кимсаларнинг таомлари сизлар учун ҳалолдир ва сизларнинг таомларингиз улар учун ҳалолдир... Сизлар учун мўминалар орасидан ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ва сизлардан илгари Китоб берилган кимсалардан бўлган ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ҳам ҳалолдир» (Моида сураси, 5-оят).
- Одамлар динларида ихтилоф этсалар-да, бир-бирлари билан гўзал шаклда, одоб доирасида, ҳужжат ва қаноатлантириш билан мужодала этишлари мумкин: «(Эй мўминлар), сизлар аҳли Китоб билан фақат энг чиройли йўсинда мужодала – мунозара қилинглар» (Анкабут сураси, 46-оят). Мухолифларга ёмон сўзлар айтиш, агар бутпараст бўлсалар ҳам, эътиқодларини сўкиш жоиз эмас: «Аллоҳдан ўзгага сиғинадиган кимсаларни (бутларини) сўкмангиз! У ҳолда улар ҳадларидан ошиб, жоҳиллик билан Аллоҳни сўкурлар» (Анъом сураси, 108-оят).
- Агар уммат динда унга тажовуз қилганлардан ғолиб келса, динларини тарк этишга мажбурлаш билан улардан интиқом олиш ва ақидалари тўғрисида уларни қувғин қилиш мумкин эмас. Улар давлатнинг султони (ҳукмронлигини) эътироф этишлари ва «бизникидек ҳуқуққа ва бизникидек мажбуриятга» эга бўлишлари учун давлатга содиқ яшамоқларининг ўзи кифоя.
Ислом цивилизациясига пойдевор бўлган дин бағрикенгликнинг асослари мана шулардир. У мусулмонларга Аллоҳнинг барча Пайғамбар ва расулларига имон келтиришни, уларни ҳурмат ва эҳтиром-ла зикр қилишни, уларнинг издошларига ёмон муносабатда бўлмай, мулойим сўзлаш, улар билан алоқада бўлиш, яхши қўшничилик билан меҳмондорчилигини қабул қилиш ва оилалар аралашиб, қонлар қўшилиб кетар даражада қариндош бўлишдек гўзал муомалани вожиб этади. Ислом уларнинг ибодат маконларини ҳимоя этишни, эътиқодларига аралашмасликни, ҳукмда жабр қилмасликни, умумий ҳуқуқ ва мажбуриятларда мусулмонлар билан баробар кўришни ва ҳурматлари, ҳаётлари ҳамда келажакларини мусулмонларнинг ҳурмат, ҳаёт ва келажаклари муҳофаза этилганидек сақлашни мусулмонларга лозим қилди.
Мана шу бағрикенглик Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг асосини қўйиб берганларидан бошлаб, то у таназзулга юз тутгунча, асослар йўқ бўлиб, буйруқлар унутилгунча ва одамлар динидан жоҳил бўлиб, бу мукаррам диний бағрикенгликдан узоқлашгунларича исломнинг асл қонуни
Пайғамбарнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли китобдан қўшнилари бўлган. Улар билан яхши қўшничилик қилар, ҳадя бериб, улардан қабул этардилар. Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни масжидга тушириб, ўзлари зиёфатини бериб, хизмат қилдилар. У зот шу куни бундай деганлар: «Булар асҳобимизга икромли эдилар, мен ўзим уларни икром этмоқни хуш кўраман».
Бир марта Нажрон насоролари келганда, уларни ҳам масжидга жойладилар ва унда ибодатларини адо этмоққа рухсат бердилар. Улар масжиднинг бир томонида ибодат қилишса, Расулуллоҳ ва мусулмонлар бошқа томонида намоз ўқишган. Улар динларини ҳимоя қилиб, Расулуллоҳ билан муноқаша этмоқчи бўлганларида, уларни тинглаб, чиройли шаклда мужодала қилганлар. Буларнинг барчаси мулойимлик, одоб ва гўзал ахлоқ билан бўлган. Муқавқиснинг (қибтийлар подшоси) ҳам ҳадясини қабул қилганлар. Унинг юборган жориясини қабул этиб, Иброҳим исмли фарзанд ҳам кўрганлар. Шундан мусулмонларга: «Мен қибтларга яхши бўлишингизни тавсия этаман, чунки сизларда улар билан насаб ва қуда-андачилик бор», деб васият қилганлар.
Расули акрамнинг юксак инсоний табиатли диний бағрикенглик тўғрисидаги кўрсатмаларига у зотдан сўнг халифалари ҳам амал қилишди. Умар ибн Хаттоб Байтул Мақдисга фотиҳ сифатида кирганларида, у ернинг масиҳий аҳолиси шаҳарда яҳудийлар билан бирга яшамасликларини шарт қилиб қўйишганда, бунга рози бўлганликларини яхши биламиз. У зот «Қуддус ал-Кубро» черковида эканликларида аср намозининг вақти кириб қолганда, у ерда намоз ўқишдан бош тортдиларки, кейинчалик мусулмонлар буни далил қилиб черковни масжид қилиб олмасинлар, деб!
Миср аҳолисидан бўлган бир масиҳий аёл ҳазрати Умарга ҳовлисини Амр ибн Ос мажбуран масжидга қўшиб олганлиги ҳақида шикоят қилди. У зот Амрдан бу ҳақда сўраганларида, шундай жавоб олдилар: мусулмонлар кўпайиб, масжид уларга торлик қилиб қолди. Масжид ёнида эса бу хотиннинг ҳовлиси бўлган. Амр унинг ҳовлисига бир миқдор пул таклиф қиладилар. Пул миқдорини қанчалик кўпайтирмасинлар, хотин барибир рози бўлмайди. Бу ҳол Амрни ҳовлини бузиб, масжидга қўшиб олишга мажбур этади. Ҳовлининг пули эса хотин қачон хоҳласа, оладиган қилиб, Байтул-молга қўйилди. Амр қилган ишларида узрли бўлган бу ҳолат ҳозирги қонунларимизда ҳам жоиз, деб билингани ҳолда Умар унинг бу ишларидан рози бўлмайдилар ва Амрга масжиднинг янги биносини бузишга ва хотинга ҳовлиси олдин қандай бўлса, шундай топширишга буюрадилар!
Диний бағрикенглик кўринишларидан яна бири ислом ҳукмронлик қилган даврларда масжидлар канисалар билан ёнма-ён бўлишидир. Канисалардаги дин кишиларига диний ва канисий ишларининг барчасида раийатлари устидан тўлиқ ҳокимият бериб қўйилган. Давлат бу ишларда уларга аралашмасди, балки мазҳаблари ўртасидаги ихтилофли масалаларини ҳал қилиб беришгагина қўшилар ва улар ўртасида инсоф билан ҳукм этарди. Рум ҳукмронлиги даврида Малконийлар Миср қибтларини қувғин қилиб, канисаларини тортиб олишади. Мусулмонлар Мисрни фатҳ этгач, қибтларга канисаларини қайтариб олиб беришди. Шундан сўнг қибтлар Малконийларнинг араб фатҳидан олдинги қилмишлари учун интиқом олиб, ўзларидан кета бошлашди. Улар буни Ҳорун ар-Рашидга шикоят қилишганда, у қибтлар Мисрда эгаллаб олган канисаларни қайтариб олишга амр этди. Малконийларнинг патриархи мурожаат қилгандан кейин улар Малконийларга қайтариб берилди.
Султон Муҳаммад Фотиҳнинг бутун Шарқда православ патриархияси қароргоҳи бўлган Қустантинияни эгаллаб олгандаги кўринишни ҳеч ким унутмаган бўлса керак. У ўша кунда барчаси насроний бўлган аҳолига молларида, жонларида, эътиқодларида, черков ва хочларида омонда эканликларини эълон этди ва уларни аскарликка олинишдан озод қилди. Раисларига эса қонунчилик ва қавмлари орасида чиқадиган турли даъволарни давлатнинг аралашувисиз ҳал қилиш ҳуқуқини берди. Қустантиния (ҳозирги Истанбул) аҳолиси бунда византияликлар замонида кўрган муомала билан Султон Муҳаммад Фотиҳ томонидан кўрган муомала ўртасида катта фарқ сезганлар. Чунки византияликлар уларнинг мазҳабий ихтилофларига аралашар, канисаларини бошқа канисаларга тобеъ бўлишини афзал кўришарди. Қустантинияликлар миллатдошлари бўлган ҳокимлар замонида ҳам кўрмаган бундай диний эркинликдан хурсанд бўлдилар. Ҳатто Рум патриархига султон томонидан ҳукумат ичра ҳукуматга ўхшаш ҳуқуқлар бериб қўйилди ва унинг жамоаси яқин беш юз йил яхшиликда ҳаёт кўрди. Улар амалда мустақил эдилар, мустақилликларига на қўшин ва на мол раҳна сола оларди.
Диний бағрикенглик кўринишларидан яна бири – исломий фатҳлар вақтида кўпчилик канисаларда бир пайтнинг ўзида мусулмонлар ҳам, масиҳийлар ҳам ибодат қилишидир! Пайғамбарнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажрон насороларига мусулмонларнинг ёнида ибодат қилишга қандай рухсат берганларини эсланг. Ҳолбуки, бу пайтда мусулмонлар ҳам намоз ўқишарди. Кейинчалик Умавий жомеъсига айланган Дамашқдаги Буюк Иоанн канисасида фатҳ кунлари масиҳийлар унинг ярмини мусулмонлар олишига рози бўлишган бўлса, мусулмонлар ҳам уларнинг ибодат қилишларига ижозат беришган. Бир вақтнинг ўзида икки дин вакиллари ёнма-ён ибодат қилаётганларини кўринг. Бу тарихда нодир бўлган ажойиб кўринишдир. Унда ислом эришган диний бағрикенгликка далолат қиладиган чуқур маъно бор!
Диний бағрикенглик кўринишларидан яна бири – вазифаларнинг ақидаси ва мазҳабидан қатъий назар ҳақли, муносиб кишига берилишидир. Шу сабабдан умавий ва аббосийлар замонида масиҳий табиблар халифалар диққат марказида бўлишган. Улар узоқ вақт мобайнида Бағдод ва Дамашқдаги тиббиёт мадрасаларига бошчилик қилишган. Насроний табиб Ибн Асол Муовиянинг (р.а.) хос табиби эди. Саржун эса котиби бўлган. Марвон эса бошқа бир исми Исҳоқ бўлган Исносиюсни Мисрдаги баъзи ҳукумат мансабларига тайинлаган. У кейинчалик давлат девонида раислик мартабасигача кўтарилган. У жуда кўп бойлик ва катта обрўга эга эди. Тўрт минг қул, талайгина ҳовли, уй-жой ва боғлар, жуда кўп олтину кумушлар эгаси эди. У ўзи соҳиби бўлган тўрт юз дўкондан тушган маблағга Раҳода каниса қурдирган. Шуҳрати шу даражага етганки, Абдулмалик ибн Марвон кейинчалик Миср волийси бўлган, укаси Абдулазизнинг таълимини унга топширган. У машҳур Умар ибн Абдулазизнинг отаси эди.
Халифалар олдида обрўси бор машҳур табиблардан бири Жиржис ибн Бахтяшуъ эди. У халифа Мансурга яқин бўлиб, халифа унинг роҳат ва хурсандчилиги учун қўлидан келганини қиларди. Насроний Салмавайҳ ибн Банон Мўътасимнинг табиби бўлган. У вафот этганда Мўътасим жуда қаттиқ қайғурди ва динининг урф-одатларига биноан тутатқи ва шамлар билан дафн этишга амр қилди!
Бахтяшуъ ибн Жаброил Мутаваккилнинг табиби бўлиб, унинг олдида эҳтиром соҳиби эди. Ҳатто, у либос, ҳусниҳол, мол кўплиги ва мурувватда халифага ўхшарди. Шунингдек, шоир ва адиблар ҳам дин ва мазҳабларидан қатъий назар халифа ҳамда амирлар ҳузурида ҳурматга сазовор эдилар. Ҳамма Ахталнинг умавийлар давридаги довруғини билади. У тумор тақилган ипак або кийиб олиб, Абдулмаликнинг олдига изнсиз кирарди.
Халифалар ҳузуридаги илмий ҳалқалар динлари, мазҳаблари қандай бўлишидан қатъий назар турли олимларни жамлаганди. Маъмуннинг илмий ҳалқасида дин ва мазҳабларнинг барчасидан олимлар йиғилганди. Маъмун уларга: «Хоҳлаган илмингиздан баҳс этаверинг. Фақат тоифакашлик масаласи қўзғалмаслиги учун ҳар бирингиз ўз диний китобингиздан далил-ҳужжат келтирмасангиз бўлгани», деган. Халқнинг илмий мажлислари ҳам шундай бўлган. Халаф ибн Мусанно шундай дейди: «Басрадаги бир мажлисда илм ва набоҳатда дунё тан олган ўн киши йиғилганини кўрдик». Улар: наҳвчи олим Халил ибн Аҳмад (сунний), шоир Ҳумайрий (шиа), Солиҳ ибн Абдулқуддус (дуалист зиндиқ), Суфён ибн Мажошиъ (хорижий), Башор ибн Барад (космополит), Ҳаммод Ажрад (зиндиқ, космополит), шоир Ибн Раъсил-Жолут (яҳудий), Ибн Назир ал-Мутакаллим (насроний), Умар ибн ал-Муъййид (мажусий), шоир Ибн Синон ал-Ҳарроний (собиий)лардир. Улар тўпланиб олиб, шеърлар ўқишар, хабарлар нақл қилишарди. Улар шундай дўстона муҳитда суҳбатлашардики, ўрталаридаги жуда кучли диний-мазҳабий ихтилофларни киши сезмай қоларди!
Бу каби мисолларни Ислом тарихидан жуда кўплаб келтириш мумкин. Исломнинг бош манбаларида таъкидланган ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан қандай амал қилиниши ифода этилган кўрсатмалар бугунги кунда ҳам давом этиб келмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар бир шахснинг дини, миллати, келиб чиқишидан қатъи назар, аввало, уни инсонлиги учун ҳурмат ва эҳтиром қилиш башариятнинг олижаноб фазилатларидандир. Шундай экан, бағрикенглик, тотувлик, ҳамжиҳатлик асосида ҳаёт кечириш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир.
Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ