Мақолалар

Қуръонни ёқиш “сўз эркинлиги” эмас!

Бугун исломга ёт тоифаларнинг ва дин душманларининг хунрезликлари сабаб “исломофобия” ибораси кенг ёйилмоқда. Гарчи бу атамани илк бор ХХ аср бошларида шарқшунос олим Этъен Дине “Шарқ Ғарбнинг нигоҳида” номли асарида қўллаган бўлса-да, Исломдан чўчитиш ҳаракати тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келган илк йилларда ҳам мушриклар Ислом динини ёмонотлиқ қилиш, яъни исломофобия уруғларини сочиш учун турли қинғирликлар содир этишган. Жумладан, Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаънларига номуносиб гапларни айтишган. Ваҳоланки, дин душманлари исломни қанчалик ёмон кўрсатишга уринишмасин, Аллоҳ ўз дини ва мусулмонларни азиз қилиб қўявериши Қуръони каримда бундай талқин этилади: “Улар Аллоҳнинг нурини (исломни) оғизлари (беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса-да, Ўз нурини (динини) камолга етказувчидир. У ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан – гарчи мушриклар ёқтирмаса-да, барча динлар узра ғолиб қилиш учун юборган зотдир”, деб таъкидлаган (Саф сураси, 8-9-оятлар).

Аллома боболаримиздан Сўфи Аллоҳёрнинг ҳам шу маънодаги машҳур байтлари бор:

“Чироғиники, Ҳақ ёндирди қўйди,

Ани ким, “пуф” деди, соқоли куйди!”.

Ғаразли мақсадларни кўзлаган гуруҳлар бу ҳақиқатни тан олмай, ислом динини обрўсизлантириш, тинч ағоли орасида фитна қўзғатиш ҳаракатларини давом эттирмоқдалар. Лекин улар мақсадларига етолмасликлари, Аллоҳ таоло бунга йўл қўймаслиги, юқоридаги байтда шеърий тарзда ифодаланган.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, одамларни ислом динидан қўрқитиш билан шуғулланувчилар – Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган ёвуз кимсалардир. Модомики, улар ҳар қандай қабиҳ ишдан қайтмайди. Мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш, бўҳтон ёғдириш, кўплаб хунрезликлар содир этишдан ҳам тап тортмайди. Бузғунчилик ва қинғирликларни қандайдир кўринмас кучлар қўлида қўғирчоқ бўлаётган турли тўдалар зиммасига қўйиб, муборак ислом дини билан боғлашга ҳаракат қилинади. Бу каби хийлаларни кимлар қилиши Қуръони каримда очиқ баён этган: Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳнинг оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир, дейилади (Наҳл сураси, 105).

Ислом дини ва террор бир-бирига бутунлай қарама-қаршидир. Ислом бир инсонни ўлдириш у ёқда турсин, унга озгина озор беришдан ҳам қайтаради. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир, деб таъкидлаганлар.

Ёвуз кучлар ўз мақсади йўлида ҳар қандай ёмонликни қилишга тайёрдир. Масалан, Европа давлатларида яшаётган мусулмонларни камситиш ва уларга нисбатан оммада нафрат уйғотиш учун айрим қора ниятли кучлар дин номидан қўпорувчиликлар уюштирадилар, Қуръони каримни ёқиб юборадилар. Бу эса жамият тинчлиги ва барқарорлигини кўролмаётган айрим кучлар хоҳлаган жиноятлардир. Чунки омма олдида ислом ва мусулмонларни ёмонотлиқ қилиб, жамиятларда тартибсизлик келтириб чиқарадилар. Бунга мисол тариқасида шу кунларда Туркиянинг Швеция пойтахти Стокгольмдаги элчихонаси олдида Қуръони каримни ёқиб юборилганини келтириш мумкин. Мусулмонларга нисбатан бундай ҳурматсизликни кўпинча “сўз эркинлиги” деб аташади.

Муқаддас динимизнинг маърифатпарвар ғоялари ва ҳаётбахш ўгитлари Қуръонда мужассам бўлиб, мусулмонларнинг қалблари ва ҳаётиларидаги энг муқаддас китобдир. Бу мезонни мусулмонлардан ташқари бутун дунёдаги онгли, дунёқараши кенг ҳар қандай инсон тан олади ва шу орқали барча инсонларга ҳурмат билан муносабатда бўладилар.

Ҳабибуллоҳ САИДОВ

 

Read 812 times

Мақолалар

Top