Мақолалар

Қиз болалар учун олиб қўйилган тилла тақинчоқлардан ҳам закот бериладими?

Cавол: Мен қизларим учун тилла тақинчоқлар олиб қўйганман. Шулардан закот чиқараманми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Агар тилла тақинчоқлар қизларнинг ўзига мулк қилиб берилган ва улар балоғатга етган бўлса ҳамда тилласи ҳам нисобга етган бўлса, ўзлари закот беради.

Агар нисобга етмаган бўлса ёки нисобга етган бўлса-ю, балоғатга етмаган бўлса, закот бермайди.

Агар кейинчалик, масалан, турмушга узатаётиб бераман деб тилла олиб қўйган бўлсангиз, бу сизнинг мулкингиз бўлади ва сиз ўзингиздаги нақд пул ёки тилла тақинчоқларингизга қўшиб закот чиқарасиз. Бу ҳақда Аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: (Тилла ва кумушнинг) иккисидан ҳар бирининг зарб қилинганида, истеъмолдагисида, хоҳ у ишлов берилмаган руда ҳолатда бўлсин, хоҳ истеъмоли мубоҳ ёки мубоҳ бўлмаган тақинчоқ бўлсин, хоҳ зийнат учун бўлсин, хоҳ бировга бериш учун бўлсин, закот чиқариш лозим. Чунки бу иккиси нарсаларнинг баҳоси – пул қилиб яратилган. Шундай экан, у иккиси қандай бўлмасин улардан закот берилади” (“Раддул муҳтор” китоби).

“Закот беришнинг фарз бўлиши ақлли бўлиш ва балоғатга етишдир. Шунга кўра, мажнун ва балоғатга етмаган бола зиммасига закот бериш вожиб бўлмайди. Чунки закот ибодатдир ва ибодатлар бу икки тоифа инсонларга фарз эмасдир” (“Раддул муҳтор” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Read 881 times
Tagged under

Мақолалар

Top