Мақолалар

Расул алайҳиссаломнинг Ҳирақлга ёзган мактублари қаерда сақланади?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Византия императорига йўллаган мактуби Иорданиядаги масжидда экнини билармидингиз?! У зот алайҳиссаломнинг Шарқий Рим императори Ҳирақлни Исломга даъват этиб ёзган мактуби Иорданиядаги Қирол Ҳусайн масжиди музейида сақланади.

“Қирол Ҳусайн масжиди” номи билан машҳур бўлган “Қирол Ҳусайн ибн Талал” масжиди давлатни 47 йил бошқарган отаси Ҳусайн хотирасига қирол Абдуллоҳ II томонидан 2006 йили пойтахт Амман шаҳрида қурилган.

Ҳирақлга мактуб ҳижрий 7 йили, Муҳаррам ойида, милодий 628 йилда ёзилган.

Худди шундай даъват мактубларини Рум қайсари билан бир вақтда Эрон кисросига, Ҳабашистон Нажошийсига, Миср азизига, Ғассон амирига ва Ямома маликига ҳам саҳоба элчилар орқали юборилган.

Диҳятул Калбий мактубни олиб йўлга тушганда Византия, яъни Шарқий Румда 610-717 йилларда ҳукмронлик қилган Хераклиюс сулоласи вакили император Ҳирақл пойтахт Қустантиния, яъни Истанбулда эмас, Қуддусда эди. 

Айни шу вақт Макка мушриклари карвони Ғаззада бўлиб, Диҳятул Калбий олиб келган мактубдаги гапларга аниқлик киритиш учун Ҳирақл ўша карвон савдогарларини ҳузурига чорлади.

Император Расул алайҳиссалом ҳақларида маълумот олишни истаб, ичингизда пайғамбарлик даъвоси билан чиққан инсонга насл-насаб жиҳатидан энг яқини ким, деганда Абу Суфён: “Унинг энг яқини менман”, дея ўртага чиқади ва иккиси ўртасида савол-жавоб бўлиб ўтади.

Абу Суфённинг жавобларидан сўнг Ҳирақлнинг қалбида Исломга нисбатан мойиллик пайдо бўлди. Аммо Император мамлакатнинг йирик аёнлари ва дин пешволари ўзига қарши ҳаракат қилишларини сезди, мансабидан қўрқиб, туйғуларини очиқ айта олмади. Бироқ Набий алайҳиссаломнинг элчиларини катта эҳтиром билан кузатиб қўйди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Византия раҳбари Ҳирақлга йўллаган даъват мактубининг тўлиқ матни:

"Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддан Румнинг каттаси Ҳирақлга:

"Тўғри йўлга эргашганларга саломлар бўлсин. Аммо баъд, мен сени Ислом динига даъват этаман. Исломга кирсанг, жонинг омонда бўлади. Мусулмон бўл, Аллоҳ сенга икки ҳисса ажр беради. Ва агар Ислом динини қабул қилишдан бош тортсанг, арийсийлар, яъни халқингнинг гуноҳи сенинг гарданингга тушади.

Эй аҳли китоблар! Бизга ҳам, сизга ҳам баробар сўзга келинг: Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, баъзимиз баъзимизни Робб қилиб олмайлик", дегин. Бас, агар юз ўгирсалар: "Гувоҳ бўлинглар, биз, албатта, мусулмонлармиз", деб айтинглар» (Оли Имрон, 64).

Тўлқин АЗИМОВ,

Тошкент ислом институти

катта ўқитувчиси

Read 1669 times

Мақолалар

Top