Аллоҳ таоло ҳар бир пайғамбарни ўз замонасига энг мос келадиган жиҳат билан юборди.
Жумладан, Мусо алайҳиссалом замонларида афсунгарлик ва сеҳргарлик авж олган бўлиб, одамлар уларни ўзгача эҳтиром қилар эди. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни замонасининг энг машҳур сеҳргарлари ҳайратда ва ожиз қоладиган мўъжизалар билан юборди. Сеҳргарлар Мусо алайҳиссалом кўрсатган мўъжизаларни кўриб, Аллоҳ таоло томонидан юборилган элчи эканига амин бўлгач, Исломни қабул қилдилар ва солиҳ бандаларга айландилар.
Исо алайҳиссалом замонлари тиббиёт ва табиий илмлар ривожланган давр эди. У зот одамлар қила олмайдиган мўъжиза ва аломатлар билан келди. Бу Аллоҳ юборган ваҳий ва Унинг китоби ҳақиқатининг тасдиғи эди. Қанчалик билимдон ва моҳир бўлмасин, ҳар қандай табиб ўлган одамни тирилтиришга ожиз ҳамда кўр ёки моховни даволай олмайди. Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг изни билан, қиёматгача қабр макони бўлган ўлик одамни тирилтирди.
Нуҳ алайҳиссалом қирқ ёшида пайғамбар бўлиб, қарийб минг йилга яқин итоатсиз қавмини ҳидоятга даъват қилдилар, лекин жуда кам одам иймонга келди, натижада Аллоҳ уларга сув тўфони юборди. Нуҳ алайҳиссалом эса, саркаш қавмининг истеҳзо ва мазахларига қарамай, улкан кема ясади, шу орқали мўминлар омон қолиб, эргашмаганлар сувга ғарқ бўлди. Ер юзини эгаллайдиган улкан тошқиндан одамларни омон олиб чиқадиган кема ясаш илмига эга пайғамбарни Аллоҳ таоло ўша замонга мос хусусият билан юборди.
“То Бизнинг фармонимиз келиб, ердан фавворалар отилган вақтда, (Нуҳга) дедик: «У кемага ҳар (жонивордан) бир жуфтдан ва аҳли оилангни чиқаргин. Лекин қайси кимсалар хусусида Бизнинг сўзимиз (яъни, ғарқ бўлиш ҳақидаги ҳукмимиз) ўтган бўлса, (уларни терс қилгин. Булар барча кофирлар ва Нуҳ пайғамбарнинг хотини Воила билан ўғли Канъон эди). Яна иймон келтирган кишиларнинг барчасини (кемага чиқаргин)!» Унга иймон келтирган кишилар эса жуда оз эдилар” (Ҳуд, 40).
Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга бергани каби ўғли Сулаймон алайҳиссаломни ҳам кўпгина фазллар билан юборди. Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга жинлардан ҳам, инсонлардан ҳам, қушлардан ҳам лашкар берди.
Шунингдек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам нотиқлик, воизлик ва шеърият чўққига чиққан даврда юборилган. У зот одамларга Аллоҳнинг китоби билан келди, барча жинлар ва одамлар бирлашиб ҳам, уринсалар-да Қуръоннинг биргина оятига ўхшашини келтира олмадилар. Қуръон фақатгина Аллоҳнинг Каломи бўлиб, фаришта Жаброил ваҳий орқали расулга бирор оят олиб тушсагина, Қуръон бўла олади. Сура ва оятлар ҳеч қачон махлуқотларнинг сўзига, шеърига ўхшамайди, олий ва покизадир.
Набий алайҳиссаломнинг кўплаб хусусиятлари бор бўлса-да, Қуръон ҳамма замон ва маконларга мослиги, қиёматгача келадиган одамларга ҳидоят, нажотлиги ҳамда ўзгармас калом бўлгани жиҳатидан бошқа берилган мўъжизалардан устун ва эътиборлидир.
“Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз” (Ҳижр, 9).
“Тафсири Ибн Касир” асари асосида
ТИИ Ижтимоий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси
Т.Азимов тайёрлади.