Мақолалар

Агар Аллоҳ бандадан юз ўгирса

“Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгирувчилардир” (Муминун сураси, 1-3-оятлар).

Ушбу ояти каримани Аллоҳ таоло аниқликни билдирувчи “қод” ҳарфи билан бошлади. Бу ердаги нажотдан охиратдаги нажот тушунилади. Ушбу оятлар нозил бўлган вақтда мўминлар ҳали нажот топган эмасдилар. Лекин уларнинг нажот топиши шу қадар аниқ бўлганидан ўтган замон шаклида келтирилган. Кейинги оятларда Аллоҳ таоло ўша шак- шубҳасиз нажот топувчи мўминлар кимлар эканини баён этади.

“Улар намозларида хушуъ қилувчилардир”. Хушуъ – қўрқув ва сокинликнинг жамланмасидир. У намоздаги энг маҳбуб кўриниш бўлиб, унда қалб қўрқувда, тана эса сокинликда бўлади. Бундай сифатга эга бўлган мўмин нажотдан умид қилишнинг битта сабабини ўзида мужассам этган бўлади.

“Улар беҳуда нарсалардан юз ўгирувчилардир”. “Беҳуда нарсалар” бу – араб тилидаги “лағв” сўзининг ўзбек тилидаги таржимасидир. У ҳар қандай манфаатсиз ишни ўз ичига олади. Лағвдан юз ўгириш мўминларнинг иккинчи белгиси сифатида келтирилиши унинг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини билдиради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: Ўзига алоқаси бўлмаган нарсаларни тарк қилиши киши исломининг гўзаллигидандир (Имом Термизий ривояти).

Энди эса бу борада улуғ уламоларимиздан нақл қилинган ривоятларга тўхталсак:

Ўзининг адолатпарварлиги билан дунёга донг таратган машҳур тобеъин Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар: Кимки гапини амалидан деб билса, ўзига фойда бермайдиган нарсалар (мавзулар)да гапини камайтиради. Чунк, инсон одатда ўзига наф келтирмайдиган амалларни қилишдан чекинади.

Яна бир улуғ тобеъийн Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан бундай деганлари нақл қилинади: Аллоҳ таолонинг бандадан юз ўгиришининг аломати – уни беъмани ва унга алоқаси бўлмаган ишлар билан машғул қилиб қўйишидир”.

Демак, юқоридаги ҳадиси шарифнинг акси ўлароқ мўмин- мусулмон инсоннинг ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан машғул бўлиши исломининг гўзаллигига путур етказар экан.

Ҳазрати Луқмондан “Биз кўриб турган бундай улуғ мақомга қандай эришдингиз?” деб сўрашганда у зот “Ростгўйлик, омонатдорлик ва ўзимга алоқаси бўлмаган нарсаларни тарк қилиш билан”, дея жавоб берган эканлар.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Уч нарса ақлни зиёда қилади: уламоларнинг этагидан маҳкам тутиш, солиҳлар билан бирга бўлиш ва ўзига алоқаси бўлмаган мавзуда гапирмаслик”.

Улуғларимиз бемаъни гаплардан, бемазмун суҳбатлардан шунчалик тийилишганки, ҳатто тўрт мавзудан бошқа гапларни гап деб ҳисоблашмаган. Улар: Аллоҳ таолони зикр қилиш, Қуръон ўқиш, илмий мавзуда бирор савол сўралса унга жавоб бериш ва касби-кор учун дунёвий мавзуларда гаплашиш.

Оят ва ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Ўзини мўмин мусулмонман деб ҳисоблаган ҳар бир инсон беҳуда иш ва гап-сўзлардан тийилиб, вақтини манфаатли ишларга йўналтириши лозим. Шунда унинг вақтида барака ҳосил бўлади ва нажотга олиб борувчи калитлардан бирининг соҳибига айланади.
  2. Лағвдан сақланиш киши исломининг гўзал эканлигини билдиради.
  3. Инсонларни Ислом динига даъват қилиш учун албатта гапириш, жанжал кўтариш шарт эмас, баъзан сукутнинг ўзи ҳам кифоя қилади. Беҳуда гаплардан, турли сафсатабозликлардан тийиладиган инсоннинг исломи гўзал бўлади ва у ҳеч қандай ортиқча ҳаракатсиз Ислом дининиг қай даражада юксак эканини, одамларни фақат манфаатли ишларга тарғиб этишини намоён этган бўлади.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1271 times

Мақолалар

Top